• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15.9°C
Detail image

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ўз вақтида ололмаган фуқаролар жаримага тортилмайди.

Бугун – 2010 йилгача олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришнинг охирги муддати. Эртадан, яъни 1 апрелдан бошлаб ушбу турдаги гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб топилади.

Адлия вазирлиги Kun.uz сўровига жавобан 2010 йилгача бўлган даврда гувоҳнома олган ҳамда ҳали янгисига алмаштиришга улгурмаган фуқаролар сони 5500 тани ташкил этаётганини маълум қилди. Таъкидланишича, йил охиригача янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириладиган эски “права”лар эса 279 мингта.

Чилонзор ДХМ директори Жалолиддин Холмуродовга кўра, 1 апрелдан кейин ҳам ДХМ ёки ЙҲХХга бориб 2010 йилгача берилган ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирса бўлади. Муддат ўтгани учун жарима ундирилмайди, қайтадан имтиҳон топшириш талаб этилмайди.

Аввалроқ ҳайдовчилар белгиланган муддатда алмаштирилмаган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан машина рулига ўтириш транспорт воситасини ҳужжатсиз бошқариш деб ҳисобланиши ва бу ҳолат аниқланган тақдирда ЙПХ ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиши ҳақида маълумот бергандик.

Қонунчиликда ҳужжатсиз машина бошқарганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (айни пайтда 300 минг сўм) миқдоридаги жарима кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2023 йил 31 мартгача;
  • 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2023 йил 30 июнгача;
  • 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2023 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари – 2023 йил 31 декабргача.

Ўхшаш янгиликлар