• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Якунланаётган ҳафта аввалида Ўзбекистонда ун нархи кескин кўтарилиб, ҳафта сўнгига бориб “ортга қайта” бошлади. Ўзбекистон АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик доирасида 12 та йирик келишувга эришди. UzAuto оммабоп моделлар учун контрактацияни очиб, 2 соат ичида 28 мингта автомобил учун шартнома тузди. Электр энергияси ва табиий газнинг таннархи очиқланди. Айни пайтда, давлат бюджети дефицити салкам 40 трлн сўмга яқинлашган. Ҳафта иқтисодий янгиликлари “Иқтисодий таймлайн”да.

Ўзбекистонда ун нархида кучли тебраниш юз берди

Қозоғистонда экспорт буғдойи нархининг қимматлашиши ортидан Ўзбекистонда қозоқ унининг нархи сезиларли ошди. Бозорларда ҳам маҳаллий, ҳам импорт уни бир неча ўн фоизга қимматлашгани кузатилди.

Лекин эътиборлиси, нархларнинг бундай суръатдаги ўсиши биржа котировкаларида акс этмади. 14 сентябргача бўлган бир ойлик даврда республика товар-хомашё биржасидаги савдоларда биринчи навли ун нархи 6,5 фоизга, 3-синф буғдой нархи 7,3 фоизга қимматлашди. 14–20 сентябр кунлари эса биржада биринчи навли ун нархи қарийб 5 фоизга арзонлашди.

Расмийларга кўра, нарх ошиши бозорда юзага келган қисқа ноаниқлик билан боғлиқ. Маълум қилинишича, Қозоғистонда бу йилги ҳосил йиғимлари қийин бўлгани учун нарх белгиланиши орқага сурилган, натижада тадбиркорлар таклиф нархларини шакллантира олмагани бироз вақтга сотувлар тўхташига олиб келган. Қозоғистондаги Озиқ-овқат шартномалари корпорацияси улгуржи нархларни белгилаши билан муаммо ортда қолиши айтиляпти.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари 20 сентябр куни Kun.uz'га берган интервюсида ун нархлари 3-4 кун ичида пастлашини айтиб, аҳолини керагидан ортиқча ун сотиб олмасликка чақирди. Ҳафта сўнгига бориб, бозорларда ун нархи пасая бошлаган.

“Рекорд” янгиланди - оммабоп моделларга контрактация очилиб, машиналар 2 соатда ёпилди

18 сентябр куннинг иккинчи ярмида UzAuto Motors компанияси кутилмаганда оммабоп автомобиллари учун шартнома бериш бошланганини эълон қилди. Лекин орадан 2 соат ўтар-ўтмай, жараён тўхтаб қолди. Кўп ўтмай компания 28 мингдан ортиқ шартнома шундай қисқа вақт ичида ўз эгаларини топиб бўлгани ҳақидаги баёнот билан чиқди.

Шу тариқа, Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo учун очилган чекланган сондаги шартномаларга улгуриб қолиш учун автосалонларга шошилган кўплаб ўзбекистонликлар қуруқ қўл билан қайтди. Шунингдек, бу галги савдо жараёни аввалгиларидан яна бир нохуш ҳолат билан ажралиб турди: контрактация очилган пайтда шартномани тегишли платформа орқали онлайн тарзда олиш имконияти берилмади, одамлар харид учун фақат дилерлик марказларига бориши керак эди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors сотув жараёнини ишлаб чиқариш графигига мослаштиришини эълон қилган. Бунда муайян даврда нечта автомобил ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, харидорлар билан шунча миқдорда шартномалар тузилади. Компания бу ҳақда август ойи бошида, оммабоп моделлари учун контрактацияни 8 ойлик танаффусдан кейин очган вақтида маълум қилганди. Ўшанда 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар тузилгани айтилган, жараён бор-йўғи 1 сутка давом этган эди.

Ток ва газ таннархи очиқланди

Энергетика вазирлиги етказиб берилаётган электр энергияси ва газнинг таннархини очиқлади. Унга кўра, 1 kWh электр энергиясининг таннархи 970 сўм, 1 куб метр газ таннархи эса 1890 сўмни ташкил этади.

Қайд этиш керак, 2022 йил май ойида берилган расмий маълумотда 1 kWh электр энергиясининг таннархи 800 сўм, 1 куб метр табиий газнинг таннархи 1400 сўм экани келтирилган эди. Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, бир йилдан бироз кўпроқ вақт ичида электр энергияси таннархи 21 фоизга, табиий газ таннархи 35 фоизга ошган.

Амалдаги тарифларда хонадонларга 1 kWh электр 295 сўмдан, 1 куб метр табиий газ 380 сўмдан етказиб бериляпти. Энергетика вазирлигининг 19 сентябр кунги баёнотида таъкидланишича, соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда.

Расмийлар нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланишини жорий этиш зарурлигини қайд этган.

Маълумот учун, 1 октябрдан бошлаб аксарият тадбиркорлик субъектларига нисбатан 1 kWh электр учун 900 сўм, 1 куб метр табиий газ учун 1500 сўмлик тариф амал қила бошлайди. Аҳоли учун тарифлар бу йил ўзгаришсиз қолади.

Давлат бюджети дефицити салкам 40 трлн сўмга яқинлашди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомидаги давлат бюджети ва харажатлари миқдорини очиқлади. Унга кўра, бу вақтда даромадлар 140,4 трлн сўмни, харажатлар эса 179,4 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 39 трлн сўмга етган. Бу ўтган 2022 йилдаги умумий консолидациялашган бюджет дефицитидан ҳам кўп. Ҳукумат прогнозларида 2023 йил якунлари бўйича 4,2 трлн сўмлик давлат бюджети профицити бўлиши керак эди.

Аввалроқ биринчи ярим йиллик якунлари бўйича консолидациялашган бюджет ҳақидаги маълумотлар очиқланган, унда дефицит ялпи ички маҳсулотга нисбатан қарийб 6 фоизга етиб қолгани маълум бўлганди. Хусусан, 6 ойлик якунлар бўйича давлат бюджети харажатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга, харажатлар эса 25 фоизга ошган.

Фискал баланснинг прогнозлардан узоқлашиб кетгани сабаб бу йил ҳам давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ўзгартиришга тўғри келади. Чунки қонунга кўра, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги керак эди. Дефицитни ёпиш учун 2 млрд доллардан ошмаган миқдорда қарз олиниши кўрсатилганди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги тақчиллик прогноздан 1 фоиз юқори бўлиб, 4 фоизни ташкил этганди.

Якунланаётган ҳафтада содир бўлган бошқа иқтисодий янгиликларга қисқача тўхталамиз:

  • Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи арафасида Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди, унда 12та ҳужжат имзоланди. Келишувлар энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларга оид.
  • Республикага келтирилаётган баъзи асбоб-ускуналар бож ва ҚҚСдан озод этилди. Улар асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган иссиқхона учун ускуна ва жиҳозлар, юк кўтариш қуввати 50 тоннадан юқори бўлган юк машина, ўзгарувчан ток генераторлари ва бошқалардан иборат.
  • Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспортини бир йил олдингига қараганда 40 фоизга қисқартирди. 8 ой натижаларига кўра, Ўзбекистон Хитойга 370 млн долларлик газ сотган.
  • Ўзбекистон 26 та электр тақсимлаш подстанциясини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 200 млн доллар, Франция тараққиёт агентлигидан 70 млн евро қарз жалб қилади.

 Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Ўхшаш янгиликлар