• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.6°C
Detail image

Мақсадбек Файзуллаев 17 ёшда, у Тошкентдаги президент мактабида ўқийди. Топ-300 таликка кирадиган 11та хорижий университетга ўқиш қабул қилиниб, умумий ҳисобда 312 минг доллар грант ютган.

Мақсадбек киберфутболнинг илк ўзбекча вариантини яратиш лойиҳаси муаллифи ҳамдир. У Kun.uz'га хорижий университетларга ўқишга кириши ва грант ютиши, жамоаси билан ишлаб чиққан “ўзбекча футбол” компютер ўйини ҳақида гапириб берди.

  • Мақсадбекка ўқиши учун грант беришга тайёрлигини билдирган олийгоҳлар: АҚШнинг Аризона, Айова, Буффало ва Сент Эдвард университетлари, Иллонойс коллежи; Британиянинг Манчестер, Ливерпул, Бирмингҳем, Дурҳам ва Лидс университетлари; Испаниядаги Барселона халқаро университети.

Мен қабул қилинган 11та олийгоҳ дунёнинг топ-300 рейтингига киради ва уларнинг бештаси АҚШда, яна шунчаси Буюк Британия ва биттаси Испанияда жойлашган. Ҳар битта университетнинг ўқувчига қўядиган талаби бор: биринчи навбатда инглиз тилини билиш даражаси, мактабдаги охирги 4 йиллик баҳолари ва йил якунидаги баҳолари ҳам инобатга олинади. Мана шу баҳоларнинг ўртачаси ҳисобга олинади.

Ундан ташқари, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги, дарсдан ташқари қилган лойиҳалари ҳам муҳим. Баъзи университетларда қўшимча тестлари бор, шу тестларни ишлаганим учун грант беришди. Бу тестлардан юқори балл ола олмасангиз, киролмайсиз, дегани эмас, шунчаки грант берилмаслиги мумкин. Бу олийгоҳларга информатика йўналишида, асосан, киберхавфсизлик, game development (компьютер ўйинларини яратиш) йўналишларида ўқишга топширдим.

Хорижий университетга топширган ҳар бир ўқувчи буни билади: шунчаки киролмай қолишдан қўрқиб топшириладиган ва асосий мақсад қилинган университетлар бўлади. Бу университетларга кира оламан, деб ўйлаганман, асосий мақсадим – топ-30 таликка кирадиган The New York University ва University of Washington. Бу университетларнинг афзаллик жиҳати – таълим сифати, жойлашуви ва шароитлари яхшилигидир. Уларга кириш жуда ҳам қийин, уларда ариза топширганларнинг қабул қилиниш эҳтимоли жуда паст. Умид қиламан, яхши жавоб келади.

Университетга ҳужжат топширганда иншо ёзилади: унда ўқувчи асосан ўз характерини очиб беради, нима сабабдан бу соҳани танлагани ва университет нима учун уни қабул қилиши кераклиги ҳақида. Мен ҳам шу мавзуларда иншо ёзганман.

“Кўплаб ўйин ва дастурларда Ўзбекистон учун функциялар йўқ”

— Отам журналист, газеталарда ишлаганлар. Уйимизда компютер бўларди, мақолаларни терардим. Ёшлигимдан компютерга муҳаббатим ошган, барча нарсани титиб ўрганганман. Бирорта ўқув марказига бормаганман. Компютерга қизиқиб, ўйин ўйнардим. 20200 йилда карантин даврида ўқишдан бўшаб, компютерга ўйин ўрнатиб олдим. Қарасам, унда Ўзбекистон йўқ. Шу нарса жаҳлимни чиқарди ва мақсад қўйдим: ушбу ўйиннинг қандай тузилганини ўрганаман, барча дастурлар ва ўйинларга Ўзбекистонни қўшаман, Ўзбекистонда гигант IT компанияга асос соламан ва барча кўриб қўйсинки, Ўзбекистонда ҳам шундай дастурлар яратса бўлади.

Konami компанияси томонидан чиқарилган футбол симулятори ўйини бор. Мана шу ўйинга ўзбекча вариант чиқаришга ҳаракат қилдим ва атрофимга ўзимга ўхшаган одамларни йиғишни бошладим. Биринчи танишганим Абдулла деган бола билан ўйиннинг ўзбекча вариантини яратишга киришганмиз. Бошида бунга ишонмаганмиз. Ҳар ой битталаб функцияларини тўғрилаб чиқдик. Унда барча ўзбек футболчилари ва Ўзбекистонга алоқадор барча нарса бор эди. Чиқарган ўйинимизни кўриб, эронлик мухлислар ҳам таклиф юборишган, Осиё учун алоҳида битта ўйин чиқариш юзасидан. Университетга ҳужжат топшириш ва ўқишим туфайли бу лойиҳага вақт ажрата олмадим.

Ҳозир ўйинни очиқ манба сифатида интернетга қўйганмиз, хоҳлаган одам юклаб олиб ўйнаса бўлади. Шунингдек, ўйинга Даврон Файзиев ва Хайрулла Ҳамидов овоз берди. Уларга алоқага чиққанимизда, илтимосимизни ерда қолдиришмади, студияда овоз ёзиб беришди, биз эпизодларга овозни мослаштириб қўйиб чиқдик.

“Ўзбекистонда гигант IT компаниясига асос солмоқчиман”

— Ўзбекистонни IT соҳасида ўз ўрнига эга қиламан, айнан ўйин соҳасида эмас, ахборот технологиялари соҳасида. IT соҳасини ўргатадиган ўқув марказлари жуда ҳам кўп, лекин унда ўқишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Лойиҳалар ишлаб чиқмоқчиман, унда ҳар битта соҳа бўйича қўлланмалар бўлади ва улар орқали ўқувчи нолдан профессионал даражагача ўрганади. Ўрганиш мутлақо текин бўлади ва шарти – асос солган компаниямизда ишлаб бериши керак бўлади. Ўзбекистонда гигант IT компаниясига асос солмоқчиман.

Ҳозир синфдошим билан “presidentionally” деган лойиҳага асос солганмиз. Унда халқаро университетларга ўқишга кирмоқчи бўлган ўқувчилар кириш имтиҳонлари, талаблар ва университетлар ҳақида маълумотлар олишади. Бунда юқори синф ўқувчиларининг ўзи менторлик қилиб, кичик авлодга ўргатади, бу авлод ўрганганда, эртага биз битиргандан кейин ўзидан кичикларга ўргатади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Ўхшаш янгиликлар