• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.2°C
Detail image

Россия ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилда 146,8 млрд долларгача ўсди

2021 йилда Россия ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси 35,8 фоизга ўсиб, 146,88 млрд долларни ташкил этди ва бу борада рекорд қайд этилди, дея хабар берди Коммерсантъ Хитой Бош божхона бошқармасига таяниб.

Хитой ташқи савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,3 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 6,05 трлн долларни ташкил этди. 2021 йилнинг декабрь ойида Россия ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ноябрь ойига нисбатан 11,5 фоизга ўсиб, 16,44 млрд доллар миқдорида қайд этилган. Йил давомида Россияда импорт 33,8 фоизга ошиб, 67,56 млрд долларни, Россия товар ва хизматлари экспорти эса 37,5 фоизга ошиб, 79,32 млрд долларга тенг бўлган — ТАСС.


Европарламент Украина бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади

17 январь куни Европарламентнинг Ташқи ишлар қўмитасида Европа Иттифоқи вакили Хосеп Боррел иштирокида Европада хавфсизлик архитектураси ва Украина атрофидаги вазият бўйича навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди .

«Душанба куни Европа Иттифоқи вакили Жозеп Боррел иштирокида Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси ва хавфсизлик бўйича қуйи қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтади. Йиғилишда Украина шарқида ва мамлакатнинг Россия билан чегаралари яқинида давом этаётган инқироз нуқтаи назаридан Европа хавфсизлик архитектурасини муҳокама қилинади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, депутатлар душанба куни Страсбургда бошланадиган навбатдаги ялпи мажлисда Европа хавфсизлиги масалалари бўйича мунозара ўтказиш таклифини ҳам билдирган.


Япония собиқ бош вазири Тосики Кайфу вафот этди

Япониянинг собиқ бош вазири Тосики Кайфу 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда жума куни ТАСС хабар берди.

Унга кўра, собиқ ҳукумат раҳбари 9 январь куни вафот этган. Кайфу 1989 йилнинг августидан 1991 йилнинг ноябригача бош вазир лавозимида ишлаган. У мудофаа кучлари бўлинмаларини хорижга юборишни маъқуллаган Япония ҳукуматининг биринчи раҳбари бўлди. Ҳарбий хизматчилар Форс кўрфази урушидан кейин миналарни тозалаш операцияларида қатнашган.


БМТ 11 миллиондан ортиқ афғон хотин-қизлари инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эканини билдирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) твиттерда 11 миллиондан ортиқ афғон аёл ва қизлари шошилинч инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эканини билдирди. Шунингдек, ташкилот «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин аёллар ҳуқуқларининг бузилиши кучайганидан жиддий хавотирдалигини маълум қилди.

OCHA маълумотларига кўра, гуманитар ташкилотлар аёллар ва қизларга озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, таълим ва яшаш имкониятлари билан таъминлаш учун ёрдамни кенгайтиришга ҳаракат қилиши керак.

«Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид OCHA баёнотини асоссиз деб айтди. У Twitter саҳифасида «Толибон» ҳокимият тепасида бўлганидан бери барча одамлар тенг ҳуқуқларга эга бўлгани, БМТнинг Афғонистондаги аёллар мақоми ҳақидаги ҳисоботи «нотўғри маълумотлар»га асосланганини ёзган — ТАСС.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар