• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

Қозоғистонда аёллар ва болаларга қарши жиноятлар фақат аёл терговчилар томонидан тергов қилинмоқда

Жорий йил бошидан буён Қозоғистонда аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларни фақат аёл терговчилар тергов қилмоқда. Бу ҳақда Интерфакс мамлакат ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев баёнотига таяниб хабар бермоқда. «Aёллар ва болаларга қарши жиноятларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, бу йилдан бошлаб бундай ҳолатлар фақат аёл терговчилар томонидан тергов қилинмоқда. Бу жабрланувчилар билан алоқаларни ўрнатишга ва ишнинг барча ҳолатларига ойдинлик киритишга ижобий таъсир кўрсатмоқда», — деди вазир. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторлар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўлимлари ходимлари сони ҳам кўпайтирилди. — Интерфакс.


Исроил дунёда биринчи бўлиб мўйна маҳсулотларини сотишни тақиқлади

Исроил мода саноатига табиий мўйна маҳсулотларини сотишни тақиқлади. Мўйнадан илмий ва маърифий мақсадларда, шунингдек диний маросимларда фойдаланиш бундан мустасно. Мамлакат дунёда биринчи бўлиб бундай қарорни қабул қилди. Тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжатни мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Гила Гимлиэль имзолади. Қонун 2021 йил декабрда кучга киради. «Мўйнали кийимлар саноати дунё бўйлаб юз миллионлаб ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлади ва уларга таърифлаб бўлмайдиган шафқатсизлик ва азоб-уқубатларни келтиради», — деди вазир.

Ҳайвонларни ҳимоя қилувчи фаоллар 2009 йилдан буён Исроилда мўйна сотишни тақиқлашни талаб қилишмоқда. Бундай ташкилотлардан бири бўлган «Animals Now» ҳукумат қарорини «тарихий воқеа» деб атаб, мўйна сотишни тақиқлашни мамлакат аҳолисининг 86 фоизи қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. — Газета.uz


National Geographic бешинчи океан мавжудлигини тан олди

8 июнь куни AҚШ Миллий географик жамиятининг (National Geographic) картографлари дунёда бешинчи океан — Жанубий океан мавжудлигини тан олдилар. «Жанубий океан олимлар томонидан азалдан тан олинган, аммо халқаро миқёсда бундай келишув бўлмаганлиги сабабли биз уни расман тан олмасдик», — дейди жамият географиги Aлекс Тейт. Унинг аниқлик киритишича, йиллар давомида мутахассислар Aнтарктида атрофидаги сувлар ўз номларига муносиб бўлишлари учун ўзига хос хусусиятларга эгами ёки йўқлигини муҳокама қилишган. Таъкидланишича, Халқаро гидрография ташкилоти 1937 йилда Жанубий Океанни тан олган ва 1953 йилда илмий жамоатчилик босими туфайли ушбу қарорни бекор қилган эди.

Жанубий океан Aнтарктидани жанубий кенглигининг 60 градусигача ўраб турган сувларнинг катта қисмини ўз ичига олади, Дрейк бўғози ва Скош денгизидан ташқари. Бошқа океанлар уларни қамраб олган қитъалар томонидан белгиланган бўлса, Жанубий океан антарктика циркумполяр оқими билан белгиланади. Шу пайтгача илмий ҳамжамият тўртта океанни, яъни Aтлантика, Тинч, Ҳинд ва Шимолий Муз океанларини тан олган. — Газета.uz


Amazon Европада 425 млн доллар миқдорида жаримага тортилиши мумкин

АҚШнинг йирик онлайн-чакана савдо компанияси бўлган Amazon Европада маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун 425 млн доллар миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Ушбу қарор Люксембург Миллий маълумотларни ҳимоялаш комиссияси (CNPD) томонидан қабул қилинди. Регулятор компанияни фойдаланувчилар маълумотларини йиғиш ва улардан фойдаланиш бўйича Европа Иттифоқининг маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги умумий қоидаларини бузганликда айбламоқда. CNPD қарорининг кучга кириши учун уни ҳамжамиятдаги қолган 26 та давлатнинг регуляторлари тасдиқлаши керак. Бундай миқдордаги жарима Европа Иттифоқининг ушбу соҳадаги тажрибасида энг катта бўлади, дея ёзмоқда The Wall Street Journal.

Аввалроқ АҚШнинг Google компанияси Францияда рақамли реклама бозоридаги устун мавқеини суиистеъмол қилганликда айбланиб, 220 млн евро миқдорида жаримага тортилган эди.


Покистондаги ЙТҲда 20 га яқин одам ҳалок бўлди

Покистоннинг Балужистон вилоятида автобус қулаши натижасида камида 19 киши ҳалок бўлди, яна 50 киши жароҳатланди. Маълумотларга кўра, ҳайдовчи бурилаётган пайтда бошқарувни йўқотиб қўйиб, автобус ағдарилиб кетди. Автобус йўловчилари сўфийлар зиёратгоҳидан Синд вилоятига қайтаётган бўлган. Интерфакснинг «Аль-Арабийя» телеканалига таяниб хабар беришича, Покистонда ёмон инфратузилма ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида бахтсиз ҳодисалар тез-тез юз бермоқда. — Интерфакс.


G7 мамлакатлари бутун дунёга вакциналарнинг 1 млрд дозасини ажратишни режалаштирмоқда

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг таъкидлашича, G7 мамлакатлари бошқа давлатларга коронавирусга қарши вакциналарнинг камида 1 млрд дозасини ажратишни режалаштирмоқда. Бош вазирнинг сўзларига кўра, ушбу вакциналарнинг ярмини АҚШ етказиб беради. Буюк Британия эса ушбу дастур доирасида 100 млн доза ажратади. Маълумотларга кўра, келгуси ҳафталарда Буюк Британиядан 5 млн дозадан иборат бўлган биринчи юк бошқа мамлакатларга жўнатилади, қолган қисми эса келгуси йилда. Франция йил охирига қадар бошқа мамлакатларга камида 30 млн доза ажратади. Қайси мамлакатларга ва вакциналарнинг қандай тақсимланиши ҳақида маълумот йўқ. — Associated Press.

Аввалроқ АҚШ йил охиригача Pfizer вакцинасининг 200 млн доза, кейинги йилнинг июнь ойигача эса яна 300 млн дозасини сотиб олиб турли мамлакатларга тақсимлаб тарқатишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.


Мингдан зиёд журналист Россия-AҚШ саммитида қатнашиш учун аккредитация бўйича ариза юборган

Россия президенти Владимир Путин ва AҚШ президенти Жо Байденнинг 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтадиган учрашувни кузатиш учун мингдан зиёд журналист аккредитация тўғрисида ариза юборган. Швейцария ТИВнинг маълум қилишича, аризаларни кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда. Таъкидланишича, матбуот маркази Женева халқаро конгресслар марказида 14 дан 17 июнгача ишлайди. Журналистлар иш жойлари, қаҳва, чой ва ичимлик суви билан таъминланади. Матбуот марказига йўлланма олиш учун журналистлар Швейцария санитария талабларини бажариши керак бўлади. Бошқа нарсалар қатори, кузатувчилардан Швейцария, Европа Иттифоқи ёки ЖССТ томонидан тасдиқланган вакциналар билан коронавирусга қарши эмланиш, салбий ПЗР тест-синови натижалари ёки COVID-19га чалиниб соғайиб кетганлиги тўғрисидаги сертификат талаб этилади. — ТАСС.

Швейцария ҳукумати саммит муносабати билан мамлакат ҳаво ҳудудининг бир қисмини парвозлар учун ёпади. Шунигдек, 16 июнь куни Женева шаҳри аҳолисидан уйдан туриб ишлаш сўралди.


Педро Кастильо Перудаги президентлик сайловларида ғолиб бўлди

«Озод Перу» чап қанот партияси вакили Педро Кастильо мамлакатдаги президент сайловларида ғолиб бўлди. 8,8 млн сайловчи (50,2%) Кастильога овоз берди. Унинг рақиби «Халқ ҳокимияти» ўнг қанот партияси вакили Кейко Фухимори номзодини 8,7 млн сайловчи (49,8%) қўллаб-қувватлади. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 25 фоизидан кўпроғи (6,3 млн) сайлов участкаларига келмади. Перунинг сайланган президенти 28 июль куни ишга киришади. Унинг ваколат муддати беш йил. — ТАСС.


Ҳиндистонда хавфли замбуруғ тури билан касалланганлар сони 31 минг кишидан ошди

Ҳиндистонда мукормикоз («қора моғор») билан касалланганларнинг умумий сони 31,216 тани ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан 2109 киши вафот этди. Aксарият ҳолатлар Махараштра (7,057 та касалланиш ва 609 та ўлим ҳолатлари) ва Гужарат (5418 касалланиш ва 323 та ўлим ҳолатлари) штатларида қайд этилган. — ТАСС.

24 май куни мамлакатда мукормикознинг 8800 дан ортиқ ҳолатлари қайд этилган эди. Ҳинд шифокорларининг маълумотларига кўра, касаллик одам коронавирусдан тузалгандан 12−18 кун ўтгач аниқланмоқда. Мумбайда ўтказилган тадқиқотга кўра, мукормикоз билан касалланган барча беморлар диабетга чалинган ва юқтирганларнинг бирортасида қонда шакар даражаси нормал бўлмаган.


Шунингдек:

  • Толибон Туркиядан Aфғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни талаб қилди.
  • Колумбиядаги намойишлар пайтида 80 дан ортиқ киши бедарак йўқолди.
  • Европа Парламенти Беларусни молиявий қўллаб-қувватлашдан рад этишга, шунингдек уни ҳар қандай халқаро тадбирларда, шу жумладан Токиодаги Олимпия ўйинларида иштирок этишдан четлаштиришга чақирувчи резолюция қабул қилди.
  • Япония Беларус самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпди.
  • Франция президенти Эммануэль Макроннинг юзига тарсаки туширган 28 ёшли Дамьен Тарель тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар