• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

«Яшил макон» республика лойиҳаси доирасида февраль-май ойларида амалга оширилган кўчатлар экиш бўйича ҳисоботларда маълум ҳудудларда қўшиб ёзиш, суғориш ва парваришлаш ишлари олиб борилмаётгани қайд этилган. Бу ҳақда дарахт кўчатларини экиш ва бажарилган ишларнинг ишончлилигини ўрганиш якунлари бўйича Ҳисоб палатаси маълум қилди.

Жорий йилнинг баҳорги даври ҳисоботларида республикада 129,6 млн туп кўчат экилгани (илгари 125 миллион дона режалаштирилган) қайд этилган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, айрим ҳудудларда ҳокимликлар, масъул ташкилот ва раҳбарлар томонидан кўчат экишга «етарлича диққатли муносабатда бўлинмаган». Ҳисоб палатаси, хусусан, қуйидаги камчиликларни кўрсатди:

  • дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган;
  • ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн дона кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган;
  • 3,4 млн дона кўчатлар дарахт ва кўчатлар суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган;
  • 2,4 млн дона кўчатлар сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган;
  • ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг дона кўчатлар яроқсиз ерларга экилган бўлиб, 65 минг донасида кўчатлар орасида белгиланган масофа сақланмаган.

Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирликларга аниқланган камчиликларни танқидий муҳокама қилиб, қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, шу жумладан, кўчатларни парваришлашга жиддий эътибор қаратиш ва масъулларга кескин интизомий чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, президент 2021 йилнинг ноябрь ойида умуммиллий «Яшил макон» лойиҳасига старт бериб, унинг доирасида 200 млн дона кўчат экиш режалаштирилган эди. Ўтган йилнинг кузида 85 млн туп кўчат экилган бўлса, баҳорга 125 млн туп кўчат ўтқазиш белгиланганди. Давлат раҳбари кўчат экишда қўшиб ёзиш ҳолатларини бир неча бор танқид қилган.

Апрель ойида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска кўчат экишда комплекс парваришлаш ва бошқаришсиз дарахтлар тақдирини олдиндан айтиб бўлмаслигини, шунинг учун экишнинг техник-иқтисодий асосланиши ва лойиҳа иштирокчиларининг янада мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари зарурлигини таъкидлаганди.

Июнь ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТТД ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасининг „Яшил макон“ ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича бош режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар» қўшма лойиҳасини ишга туширди.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар