• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

Жорий йилнинг 25−27 январь кунлари Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги авария сабаб Ўзбекистон ҳудудларида электр энергияси таъминотида ўчишлар содир бўлди.

23 май куни АОКАда ўтган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги агентлик матбуот котиби Моҳрухсор Тоғаева «блэкаут» оқибатида «Тошиссиққуввати» ДУК истеъмолчиларга белгиланган талабларга мувофиқ иссиқлик таъминоти етказиб бермаганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 25 январь куни кузатилган энерготизимдаги узилиш оқибатида Ўзбекистонда метро линиялари, вокзаллар, аэропортлар, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, хизмат кўрсатишдан тортиб, озиқ-овқат дўконларигача, қолаверса, электр станциялари, газ қазиб олиш конларида ҳам иш тўхтаб қолишига олиб келди. Ўзбекистонда энергия таъминотни тиклаш учун тўрт кун вақт кетди.

«Агентлик томонидан „Тошиссиққуввати“ ДУКга берилган топшириққа асосан абонентларга 4 млрд 500 млн сўм миқдоридаги маблағ белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланган. Худди шу каби ўрганишлар республиканинг 9 та ҳудудларда ҳам амалга оширилиб, унинг натижасида 1 млрд 222 млн сўм миқдорида ортиқча олинган маблағлар аниқланди. Бугунги кунда ушбу маблағлар истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланган», — деди Моҳрухсор Тоғаева.

Бундан ташқари, агентликка жорий йилнинг ўтган даврида 7 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан энг кўпи (42 фоизи) уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, шунингдек, (33 фоизи) савдо ва умумий овқатланиш хизматлари соҳасига тегишли.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 79 фоизи қаноатлантирилди, 14 фоизига тегишли тушунтириш берилди ва 5 фоизи ваколатли идораларга юборилди.

«Агентлик мутахассислари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва улар асосида ўтказилган ўрганишлар жараёнида 4 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари тикланишига эришилди. Натижада истеъмолчиларга 3 млрд 800 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган», — деди Моҳрухсор Тоғаева.

Шу билан бирга, агентлик ҳисоблагичларнинг даврий қиёслови муддати ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳам ўрганиб чиқди.

Хусусан, карантин чоралари жорий этилгани муносабати билан газ ҳисоблагичларни даврий қиёсловдан ўтказиш кечиктирилиши ва кейинчалик давлат дастури доирасида уларнинг ўрнига янги ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиши сабабли, даврий қиёслашдан ўтказиш бўйича тўланган 634,7 млн сўм йиғимларни 14 минг нафардан ортиқ истеъмолчига қайтарилиши бўйича чоралар кўрилмоқда.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар