• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +24.1°C
Detail image

Африка давлатларига хос бўлган маймун чечаги инфекцияси бугунги кунга қадар Ўзбекистонда қайд этилмади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, профессор Нурмат Отабеков 23 май куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган. Хусусан, инфекцияни юқтирганлар сони 90 нафарга яқинлашгани, қарийб 30 киши касалликка чалинганликда гумонланаётгани айтилмоқда. Шу кунгача мазкур касалликдан ўлим ҳолатлари рўйхатга олинмаган.

«Ўзбекистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз», — деди Нурмат Отабеков.

Бу хасталик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Яъни илк бор у бундан 52 йил аввал Конго Демократик Республикасида аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган, дея қўшимча қилди СЭО бошлиғи ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, дунё бўйлаб касалликнинг қайта авж олиши 7 майдан бошланди. Шу куни Нигериядан Буюк Британияга қайтган сайёҳда инфекция аниқланди. Унда касаллик белгилари терида тошмалар тошиши билан намоён бўлган. Кейин мамлакатда ўнга яқин беморлар маймун чечагига чалингани аниқланган.

Ундан сўнг АҚШ, Канада, Испания, Португалия, Франция, Италия, Швеция, Бельгия, Нидерландия, Греция, Австралия, Исроил ва Швейцарияда ҳам хасталик тарқала бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маълумотларга кўра, маймун чечаги деярли барча ҳолатларда ҳайвонлардан одамга юқади. Асосан эндемик ҳудудларга сафар қилган ва жониворлар билан мулоқотда бўлган кишиларда тасдиқланиши мумкин.

«Таҳлилларга кўра, касаллик одатда енгил кечяпти ва беморларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта ичида тузалиб кетмоқда. Шунга қарамай, ҳозир ЖССТ маймун инфекцияси кенг тарқалиб кетмаслиги учун дунё мамлакатларини профилактик чораларни кучайтиришга чақирмоқда», — деди СЭО вакили.

Таъкидланишича, айнан маймун чечагига қарши эмлаш препаратлари мавжуд бўлмаса-да, бир қатор мамлакатлар оддий чечакка қарши вакциналар орқали бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Чунки икки вирус бир-бирига ўхшаш ва шу туфайли бундай вакциналар маймун чечагининг олдини олишда тахминан 85 фоизга самара бериши кутиляпти, деди мутахассис.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар