• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +3°C
Detail image

Тошкент туманида 22 январь куни чақирув асосида келган «Тез ёрдам» ходимига хонадон эгаси томонидан жароҳат етказилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Келтирилишича, «Тез ёрдам» ходими Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Текширувлар натижасида у бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг томон ёноқ соҳаси кўкарган жароҳати, ўнг томонлама ёноқ соҳаси ва периорбитал соҳанинг териости гематомаси ташхиси билан шошилинч нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда. Ҳолат вазирлик назоратида.

Эслатиб ўтамиз, 22 январь куни соат тахминан 16:20 да Тошкент тумани тез тиббий ёрдам бўлимига «Қорабўриқ» маҳалласидан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг тез тиббий ёрдам бригадасининг эркак ходимлари — шифокор М.М. ва фельдшер У.У. белгиланган манзилга етиб борган.

Хонадондаги музламада йиқилиб, чап қўл суяги ёпиқ синиши жароҳатини олган бемор аёлга «103» бригадаси томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шу вақтда унинг 1999 йилда туғилган ўғли Ў.А. хонадонга кириб келиб, «нега аёл ҳамшира келмади», дея куракда турмас сўзлар билан тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини ҳақорат қилган. Тиббиёт ходимлари эса хизмат вазифасини бажарган ва беморни шифохонага олиб борган.

Шу вақтда аёлнинг ўғли келиб, жанжални давом эттирган ва фельдшер — 1993 йилда туғилган У.У.ни калтаклаб, унга жароҳат етказган.

Айни пайтда 24 ёшли фуқаро Ў.А. ички ишлар органлари томонидан процессуал тартибда ушланган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бундан 2 ҳафта олдин ҳам Сурхондарёнинг Бойсун туманида ҳам тиббиёт бирлашмаси шифокори 2 киши томонидан калтакланганди.

Шунингдек, турли вақтларда пойтахтнинг Миробод, Яккасарой туманлари, Сирдарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Жиззах, Навоий каби вилоятларда шифокорлар фаолиятига қаршилик кўрсатилган ёхуд калтакланган.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар