• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +26.7°C
Detail image

23 июнь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ахбороти эшитилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2019−2021 йилларда жами 300 та кино маҳсулоти — 63 та бадиий, 126 та ҳужжатли фильм, 10 та сериал, 24 та мультфильм, ёш кино ижодкорлари иштирокидаги 60 та қисқа метражли фильм, 3 та болалар юмористик киножурнали, 14 та видеоролик яратилган.

Шунга қарамасдан сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга ҳам йўл қўйилганини танқид қилди.

Бундан ташқари, «Кинематография тўғрисида»ги қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Қонунчилик палатасига киритилмаган. Шунингдек, соҳада мутахассис кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослаштирилган Ўзбекистон кинематография академияси ҳамда унинг қошида фильмлар ижодий гуруҳи иккинчи таркиб мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган ўрта махсус таълим муассасалари ташкил этилмаган.

«Республика ҳудудларида замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш (2019 йилгача 49 та қурилиши режа қилинганди) ишлари якунига етказилмаган. Агентликнинг ҳудудий бўлимлари моддий-техник базаси маънан эскирган, тўлиқ фаолият олиб бориши учун зарур шароитлар яратилмаган. Ушбу бўлимларда киномаркетинг йўлга қўйилмаган», — дейилади хабарда.

Сенаторларнинг сўзларига кўра, кинематография соҳасида қароқчиликка қарши курашиш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, телеканаллар, Интернет веб-ресурслари ва платформалар орқали фильмлар намойишларини тартибга солиш, рағбатлантириш ва жазолаш механизмларини амалиётга жорий этиш ишлари якунига етказилмаган.

Оригинал кино маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда контрафакт кино маҳсулотларини тарқатиш, маҳаллий телеканалларда хорижий ва миллий кино маҳсулотларини ноқонуний намойиш этишга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланмаган.

Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳузурида Ахборот мультимедиа стриминг платформаси фаолияти йўлга қўйилмаган, дейилади хабарда.

Республикада фаолият юритаётган кинотеатрларни давлат тилига дубляж қилинган хорижий фильмлар билан таъминлаш тизими жорий этилмаган.

Мажлис давомида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат вакиллари ҳамда вазирлик-идоралар масъулларига тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар