• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +5°C
Detail image

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси YandexGo UB`ни бозорда устун мавқега эга компания сифатида тан олди, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Қўмита бозордаги рақобат муҳитини ўрганишни жорий йилнинг иккинчи чорагида такси агрегаторлари 2022 йил учун ҳисоботларни топширгандан сўнг бошлади. Бундан ташқари, ўрганиш давомийлигига ҳудудларда ушбу соҳани ривожлантиришнинг турли даражалари ва ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, кучга кирган «Рақобат тўғрисида»ги янги қонун ва рақобатчиларнинг устун мавқеини аниқлаш мезонлари ўзгаргани таъсир кўрсатди.

Тадқиқот нафақат иловалар ёки веб-сайтлар орқали, балки телефон қўнғироқлари орқали ҳам хизмат кўрсатадиган такси хизматларини қамраб олди. Хусусан, Ўзбекистонда такси фаолияти бўйича жами 66 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, улардан 58 таси такси чақириш диспетчерлик хизматларини кўрсатса, қолган 8 таси мобил илова орқали ишловчи агрегаторлар экани маълум бўлди.

Таҳлил натижаларига кўра, энг катта бозор улуши, яъни 86,3 фоизи Yandex Go платформасига тўғри келиши аниқланди. Қўмита хизмат бозорида саноқли иштирокчилар жами хизматнинг асосий қисмини кўрсатаётганини ва бу бозордаги ҳолат, жумладан, хизмат нархи ва сифатига бир томонлама таъсир кўрсатиш хавфи мавжудлигини таъкидлади.

Сентябрь ойида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Нидерландияда рўйхатдан ўтган, Yandex Go хизматини тақдим этувчи Ridetech International компаниясидан Ўзбекистон солиқ резиденти бўлишини талаб қилганди. 1 декабрдан Yandex Go хизмати Ўзбекистонда ўз фаолиятини маҳаллийлаштирди ва Yandex Go UB орқали солиқ резидентига айланди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан, 4 декабрь куни Рақобат қўмитаси YandexGo UB`ни такси агрегаторлари бозорида устун мавқега эга бўлган компания сифатида тан олди.

Маълумот учун: устун мавқе — компания ёки бир гуруҳ шахсларнинг товар ёки молия бозоридаги мавқеи бўлиб, унга рақобатдош хўжалик юритувчи субъектлардан мустақил равишда ишлаш ва рақобат ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, бошқа хўжалик юритувчи субъектларга тегишли бозорга киришни қийинлаштириш ёки бошқа йўл билан уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини чеклаш имкониятини беради. Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40% ва ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолатларда товар ёки молия бозорида устун мавқе тан олинади.

Устун мавқега эга бўлган компания товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилиши керак.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Реестрга киритилган компаниялар монополияга қарши органга монопол юқори ёки монопол паст нархлардан фойдаланмаслик бўйича уларнинг ҳаракатларини кузатиш учун ҳар чоракда реестрга киритилган хизмат тури юзасидан қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиб боради.

Ўхшаш янгиликлар