• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14°C
Detail image

Ўзбекистон Олий суди шанба куни жамоатчилик орасида кенг резонансларга сабаб бўлган Хоразм вилоятидаги оилавий меҳрибонлик уйида 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчининг мансабдор шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани ҳолатига изоҳ берди.

2022 йил 6 сентябрь куни Дилмурод Отамуратов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Хива тумани суди Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга нисбатан ҳукм чиқарган. Бироқ зўравонликка қарши лойиҳаси бу ҳақда хабар бермагунча — қарийб 7 ой давомида жамоатчилик бу иш ҳақида билмаган.

Аввалроқ Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га иш судда ёпиқ тарзда кўрилгани, шу сабабли жараён тафсилотларини ошкор этиб бўлмаслигини маълум қилганди. Шунга қарамай, иш тафсилотлари Олий суд сайтида топилган. Айбланувчиларнинг исмлари ҳам машҳур блогерлар томонидан аниқланиб, оммага ошкор этилган.

Олий суднинг расмий маълумотида меҳрибонлик уйи раҳбари (1979 йилда туғилган) 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳамда 1 йилга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилингани тасдиқланган. Унга Жиноят кодексининг «18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси», «Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» ва «Мансаб сохтакорлиги» моддалари бўйича айблов қўйилган.

Вилоят адлия бошқармаси (1979) ва туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг (1984) собиқ бошлиқлари «Шахснинг 16 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш» ва «16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш» моддалари билан айбли деб топилган ҳамда 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган. Бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиш тақиқланган.

Юлдуз Худайбергенова ҳамда Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовларнинг ҳимоячиси биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти киритган. 27 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди судлов ҳайъатининг апелляция инстанцияси Хива тумани судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Олий суд «Тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкинлиги тушунтирилган», — деб таъкидлади. Шу кунгача Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

«Ушбу жиноят иши Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилгандагина юқоридаги суд қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар