• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси Human Rights Watch ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботи бўйича муносабат билдирди.

Қайд этилишича, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот 2022 йилги ҳисоботида 1−2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган намойишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари намойишчиларни тарқатиш мақсадида ҳаддан ташқари куч ишлатгани оқибатида кўплаб фуқаролар оғир тан жароҳати олгани ва баъзилари вафот этгани айтилган. Шунингдек, намойишларда 500 дан ортиқ шахс ҳибсга олиниб, бу ахборот тайёрланаётганда уларнинг қанчаси ҳибсда сақланаётгани номаълум экани таъкидлаб ўтилган.

Комиссиянинг бу ҳисоботга жавобан билдиришича, 2022 йилнинг 12 декабрь куни Бош прокуратурага сўров юборилган, масалага ойдинлик киритилган ва ўша пайтда мазкур иш юзасидан 39 нафар шахс қамоқда сақланаётгани жамоатчиликка маълум қилинган.

Шунингдек, намойишларни бостириш ва қамоқда сақлаш вақтида қўлга олинганларга нисбатан қийноқ ҳолатларининг қўлланилгани масаласи комиссия аъзолари томонидан ўрганилган. Шунга кўра, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ва маъмурий жавобгарликка тортилган ва қўйиб юборилганлар билан ўтказилган учрашувлар таҳлилига кўра, руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатлари хусусида бирор бир маълумот аниқланмаган.

Бундан ташқари, Даулетмурат Тажимуратов билан ўтказилган учрашувлар натижасида у сақлаш жойи ва шароити, қийноқ ҳамда руҳий босимлар бўлмагани хусусида маълум қилганди. Лекин суд жараёнида у айнан ушлаш вақтида унга тан жароҳат етказилганини билдириб ўтган.

Human Rights Watch ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботида Қорақалпоғистонда содир бўлган намойишлар бўйича мустақил ўрганиш ишларини олиб бораётган комиссия таркиби уни ҳақиқатан ҳам мустақил деб тан олинишига имкон бермаслиги қайд этилган. Лекин бу фикр асослантирилиб берилмаган. Ушбу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотнинг айнан қайси комиссия аъзоларига нисбатан ишончсиз кайфиятда экани очиқланмаган, — дейилади муносабатда.

Комиссия, шу ўринда, аъзолар қадр-қиммати камситилишига ва ҳурматсизлантирилишига олиб келувчи хулоса умумэътироф этилган халқаро нормаларга зид экани ва комиссиянинг якуний хулосаси ҳали эълон қилинмаганини келтириб ўтди.

Демак, хулоса чиқаришга ҳали эрта, — дейди комиссия.

Авалроқ Human Rights Watch Ўзбекистонни Нукус воқеаларида бўлгани каби ўлим ва оғир жароҳатларнинг олдини олиш мақсадида оломонни назорат қилиш учун шовқин ва тутун чиқарувчи гранаталар қўлланиш тартибини зудлик билан қайта кўриб чиқишга ва уларни ИИО ходимлари жиҳозлари қаторидан четлаштиришга чақирганди.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар