• 10650.06
  • 12497.85
  • 146.08
weather Тошкент: +19.3°C
Detail image

Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов ўзининг Twitter-саҳифасида (ижтимоий тармоққа уланиш июль бошидан чекланган) яқинда ишга туширилган «Очиқ бюджет» портали ҳақида маълумот бериб, фуқароларни унинг «Ташаббусли бюджет» бўлимидан фаолроқ фойдаланишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, шаффофлик ислоҳотларни илгари сурувчи асосий тамойиллардандир. Янги талқиндаги «Очиқ бюджет» портали маблағларнинг сарфланиши устидан нафақат парламент ва жамоатчилик назоратини, балки фуқароларнинг бюджет маблағларини ишлатилишидаги иштирокини оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди молия вазири.

Вазир фуқароларнинг жамият учун ҳудудлардаги хайрли ва долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашда ушбу портал муносиб хизмат қилишига умид билдирди.

«Ёшлар, фаоллар! Яшаб турган шаҳрингиз ёки маҳаллангизни ободонлаштириш бўйича қандай таклифларингиз бор? Фикрларингизни дўстларингиз ва қўшниларингиз қўллаб-қувватлайдими? Лойиҳангизни „Ташаббусли бюджет“ орқали амалга оширинг!» — деб ёзди Тимур Ишметов.

У шу пайтга қадар порталга 8000 дан ортиқ мурожаат келиб тушгани ва уларни ҳал қилишга 157 млрд сўмдан зиёдроқ маблағ йўналтирилганини маълум қилди.

«Ечим топиш мумкин бўлган вазиятларда сизнинг овоз ва таклифларингиз муҳимдир. Бир мисол билан бўлишсам, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, Дўстлик маҳалласи аҳолиси сувсизликдан қийналар эди. Маҳалла фаоллари #ОБ порталига ўз ташаббусларини ёзиб қолдирдилар ва ушбу таклиф энг кўп овоз тўплади. Давлат бюджетидан ажратилган маблағ эвазига сув таъминоти йўлга қўйилди», — деди вазир.

Эслатиб ўтами, 9 июль куни Ўзбекистон молия вазирлиги янгиланган «Очиқ бюджет» порталини (openbudget.uz) ишга туширди, у ерда давлат бюджети, давлат қарзи ҳақида маълумот эълон қилинади ва «Ташаббусли бюджет» бўлими яратилган. Ҳозирча сайт тест режимида ишламоқда.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар