• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

25 июнь куни «Бу менинг Конституциям» порталида конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун ўзбек ва рус тилларида эълон қилинди. Лойиҳа Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинган эди.

Аввалроқ хабар қилганимиздек, Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича 46 кишидан иборат конституциявий комиссия бир ой ичида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди. Портал орқали фуқаролар ва ташкилотлардан 60 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилиб олинди.

Парламент қуйи палатасининг жума куни бўлиб ўтган йиғилишида комиссия таклифлар йиғишда давом этиши ва уларни умумлаштириб, депутатлар муҳокамасига тақдим этиши айтилди.

«Бу менинг Конституциям» портали фойдаланувчиларни «Раҳмат. Асосий қомусимизга эътиборсиз бўлмасдан, таклиф юборганингиз учун миннатдормиз!» ёзувлари билан қаршилайди.

Ҳужжат ҳозирча фақат PDF шаклида мавжуд. Алоҳида моддаларга шарҳ қолдириш имконияти йўқ. Лекин шарҳларни портал, 1341 call-маркази орқали юборишингиз ёки Қонунчилик палатасига почта орқали ёки шахсан ташриф буюриш (Тошкент, Бунёдкор шоҳ кўчаси, 1) орқали юборишингиз мумкин.

Муҳокама 10 кун — 4 июлгача давом этади. Конституциявий қонуннинг якуний лойиҳаси референдумга қўйилади.

Қонунчилик палатасининг мурожаатида қайд этилишича, лойиҳада Конституциянинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.

Парламент қуйи палатаси фуқароларни муҳокамада фаол иштирок этишга чақирди: «Ҳар бир инсон ушбу ҳужжатни меники, Менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммолар ечимини кўриши муҳим. Юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири сиз ва бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ бўлиб, келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади.».

Қонун лойиҳаси «Народное слово» ва «Халқ сўзи» газеталарида ҳам эълон қилинди. Газеталарнинг PDF версиялари ушбу нашрнинг сайтида мавжуд.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар