• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

Ўзбекистон президентининг 27 июндаги қарори билан ОАВлар ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгилаб берилмоқда.

Унга кўра, ОАВларда камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади.

Бунда, улар хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши ҳамда нодавлат таълим ташкилотида ўқиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Қолаверса, хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.

Ушбу харажатлар Ўзбекистоннинг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олий органи қарори билан унинг номи Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси этиб ўзгартирилмоқда. Уюшма Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 16-уй манзилдаги (Панорама тўғрисидаги Миллий матбуот маркази) бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Журналистларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси журналистлар ва давлат органлари, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келган низоларнинг судгача ҳал этилишига кўмаклашади. Қолаверса, уюшма журналистларнинг профессионал фаолиятига тааллуқли жиноят ишлари бўйича иш юритишда уларнинг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида қонунда белгиланган тартибда иштирок этади.

2023−2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, тажриба ўрганиш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилади ҳамда улар учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ўқув курслар ташкил этилади. Бу борадаги тегишли харажатлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Қолаверса, журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини амалиёт билан интеграция қилиш, кадрларнинг малакасини ошириш ва журналистларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади;
  • оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистоннинг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади;
  • олий таълим муассасалари ректорларига журналистика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнига оммавий ахборот воситаларининг таниқли ва тажрибали ходимларини, соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ва улар меҳнатини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш ҳуқуқи берилади;
  • журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари кафедраларининг ихтисослаштирилган бўлимлари ташкил этилади.

Аввалроқ, мазкур қарор билан шу йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 июлига қадар ОАВлар фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камроқ тўлаши ҳақида ёзгандик. Қолаверса, бюджет ташкилотларига электрон ОАВларга обуна бўлишга рухсат берилмоқда.

Шунингдек, 2023 йилдан «Олтин қалам» соҳибларининг пул мукофоти оширилиши, қолаверса, бош мукофот соҳибига автомобиль берилиши белгиланмоқда. Ҳар чоракда ОАВларда эълон қилинган энг яхши материаллар муаллифлари 15 млн сўмгача, болаларга мўлжалланган теле ва радио маҳсулотлар ижодкорлари эса 90 млн сўмгача рағбатлантирилиши назарда тутилмоқда.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар