• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Ўзбекистон бозорига катта миқдорда сохта чет эл валютаси чиқиб кетган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов хабар берди. Унинг сўзларига кўра, айнан шу сабабга кўра, валюта банкоматлари дам олиш кунлари ишлашдан тўхтаган.

«Сўнгги вақтларда банкоматлар фаолиятида шанба ва якшанба кунлари тўхташлар кузатилгани рост, аммо бу улар ёмон ишлаётгани учун рўй бергани йўқ. Гап шундаки, бизнинг бозорларимизга катта миқдорда сохта валюталар келиб тушган. Банкоматлар уларни фарқлай олмайди. Айнан шу боис шанба ва якшанба кунлари аксарият банкоматлардан фойдаланишни чекладик. Биз ҳозирда банкоматлар дастурини ўзгартиряпмиз, бу масала ўз ечимини топади», — дея изоҳ берди МБ раҳбари.

Ноябрь ойи охирида депутат Расул Кушербаев одамлар дам олиш кунларида валютани қора бозорда алмаштиришга мажбур бўлаётганини айтиб, бу ҳолатда Марказий банкни айблаган эди. Депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларлик купюрани кўчада алмаштирган. «Фуқаролар ҳуқуқбзарликларга йўл қўймасликлари учун одамларни шундай қилишга мажбур этаётган барча сабаблар йўқотилиши керак», — деган эди Кушербаев бу ҳолат ҳар қандай соҳага тегишлилигини таъкидлаган ҳолда.

Мамаризо Нурмуратовнинг қайд этишича, банкларнинг расмий сайтларида дам олиш кунлари фаолият юритадиган айрибошлаш пунктлари ҳақида маълумотлар эълон қилиниши муаммонинг ечими сифатида хизмат қилиши мумкин.

«Газета.uz» Ягона умумреспублика процессинг маркази (Uzcard) банкоматларнинг 50 ва 100 долларлик номиналдаги банкноталарни қабул қилиш функциясини 2022 йил явнарь ойи охирида тиклашни режалаштиргани ҳақида хабар берган эди. Ушбу функция сентябрь охирида вақтинча ўчирилган эди.

МБ раҳбари, шунингдек, Ўзбекистонда хусусий айрибошлаш пунктлари очилиши масаласига доир саволга ҳам жавоб берди.

«Марказий банк бу борада ўзининг қатъий позициясига эга. FATF халқаро ташкилоти (Жиноий даромадларни ҳалоллаш ва терроризмни молиялаштиришга қарши ҳаракат қилиш соҳасидаги жаҳон стандартларининг асосий ишлаб чиқувчиси) талабларидан келиб чиққан ҳолда, биз буни чеклаймиз. Яъни FATFнинг жиноий фаолият ёки яширин иқтисодиёт орқали олинган даромадларни қонунийлаштирилишига қарши ҳаракат талабларидан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда биз хусусий компанияларга айрибошлаш шохобчаларини очишга рухсат бериш борасида ягона фикрга келганимиз йўқ», — деган Нурмуратов.

Ўтган йили декабр ойи ўрталарида Ўзбекистон монополияга қарши кураш қўмитаси хусусий айрибошлаш пунктлари фаолиятига рухсат берилишини назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини жамоатчилик эътиборига тақдим этган эди.

Ўхшаш янгиликлар