• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +8.9°C
Detail image

Apple компанияси ва Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги маълум қилди.

АКТ вазирлиги раҳбари айни кунларда ишчи ташриф билан АҚШда бўлиб турибди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари ташриф доирасида Apple компаниясининг давлат ташкилотлари билан алоқаларга масъул раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистонда Apple компанияси фаолиятини кенгайтириш, жумладан, жорий этилаётган 5G тармоқларида iPhoneдан фойдаланиш имкониятини йўлга қўйиш ва Appstore’да маҳаллий дастурчиларга имкониятларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратдилар.

Шунингдек, компания вакиллари билан учрашувда Ўзбекистонда ApplePay тизимини жорий этиш, Swift дастурлаш тилини оммалаштириш йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш таклифи берилди.

Coursera платформаси билан алоқалар

АҚШга ташриф давомида вазирлик ишчи гуруҳи Coursera таълим платформаси вакиллари билан ҳам учрашди. АКТ вазири Шерзод Шерматов Coursera билан жаҳон бозорида талаб юқори бўлган IT соҳасидаги касбларга ўқитишни йўлга қўйишга келишганини ўз Telegram-каналида маълум қилди.


Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

«Uzbekcoders.uz платформасида БАА билан ҳамкорликда амалга оширилган „Бир миллион дастурчи“ қўшма лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида энди ҳақиқий мутахассис бўлиб ўқишни давом эттирмоқчи бўлганларга Coursera билан халқаро даражада ўқитиб сертификациялаш имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга оширишни келишдик», — деб ёзди вазир.

Қўшимча қилинишича, ушбу курсларни битирган ва сертификатни қўлга киритган ёшлар IT компанияларида юқори даромадли ишларга қабул қилинишларига ёки фриланс орқали буюртмалар олишларига кенгроқ йўл очилади.
«IT соҳасидаги мутахассисларга дунёда талаб ортиб бормоқда, шунинг учун бу соҳада ёшларимиз қунт билан ўқиб, яхши мутахассис бўлишса, улар бемалол ўз юртида яшаб, иқтисодий ривожланган давлатларга хизматларини экспорт қилиб, юқори даромад топа олади, кейинчалик эса ўз стартапини ривожлантириши ҳам мумкин бўлади», — деб ёзади Шерзод Шерматов.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекистон делегацияси вакиллари АҚШда Жаҳон банки, USAID, VISA, Plug and Play компаниялари ҳамда АҚШ давлат департаменти вакиллари билан учрашувлар ўтказган эди.

Маълумот ўрнида, Coursera 2012 йил АҚШда ташкил топган йирик ва очиқ онлайн таълим платформаси ҳисобланади. Унинг ҳозирда 92 млн фойдаланувчиси бор. Coursera’дан дастурлаш, математика, инглиз тили, менежмент ва бошқа илғор соҳаларига доир видео курсларни топиш ва баъзиларини бепул ўрганиш мумкин. 2021 йилда дунё бўйлаб 150 университет бу платформада 4000 та курсни таклиф этган. Google, IBM, Metа, Intel компаниялари ҳам ушбу платформа орқали IT соҳасидаги курсларни жорий қилиб, унда ўқиш орқали халқаро-профессионал сертификатни тақдим этади ва у 4 йиллик бакалавр дипломларига тенглаштирилади.

Газета.uzTelegram каналга аъзо бўлинг

Ўхшаш янгиликлар