• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image
Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси доценти Зебинисо Умрзоқова университетнинг фидойи ўқитувчиларидан. Олима 40 йиллик фаолияти давомида ўсимликларнинг биологик хусусиятлари ва интродукцияси йўналишида бир қатор тадқиқотлар олиб борган. Шу кунга қадар 40 га яқин дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилган. Ўсимликлар физиологияси ва биологик хусусиятлари бўйича 120 дан ортиқ мақолалар муаллифи. Шундан 8 таси Scopus базасида индексланадиган журналларда нашр қилинган. “Ўсимликлар ривожланиш биологияси”, “Ботаника фанидан амалий машғулотлар”, “Ботаника. Систематика низших растений”, “Ботаника. Ўсимликлар морфологияси ва анатомияси” каби китоблари бугун биология, биотехнология ва экология йўналишларидаги талабалар учун асосий дарслик сифатида хизмат қилмоқда. Зебинисо Умрзоқова талабаларга “Ўсимликлар анатомияси ва морфологияси”, “Тубан ва юксак ўсимликлар интродукцияси”, “Ўсимликлар географияси” каби фанлардан дарс бериб келади. Узоқ йиллик самарали фаолияти давомида илмий тадқиқот билан бир қаторда кўплаб шогирдлар етиштирган олиманинг доривор ўсимликлар ўстириш ва қайта ишлаш технологияси бўйича олиб борган тадқиқотлари илмий жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда.

– Ҳозирги кунда талабалар дарсларда фойдаланадиган дарслик ва қўлланмаларнинг кўпчилиги эскириб, замон талабларига жавоб бермайди, - дейди Зебинисо Умрзоқова. - Шунинг учун фанга оид маълумотларни баён қилишда энг янги материаллардан фойдаланиш, чет тилидаги адабиётларни таржима қилиш муҳим ҳисобланади. Ўсимликлар ривожланиш биологиясининг асосий мақсадлари талабаларга ўсимликлар ҳужайраси ва тўқималари, вегетатив ва генератив органлари, тарқалиш шароитлари, ўсимликларнинг ҳаётий шакллари, улардан фойдаланиш усулларини замонавий тадқиқот методлари асосида ўргатишдан иборат бўлиб, фанни ўқитиш жараёнида яхши дарсликларга эҳтиёж бор. Бу борада энг асосий адабиётларнинг рус тилида эканлиги талабалар учун кўплаб ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Шунинг учун ботаника йўналишида ўзбек тилида дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратиш орқали бу муаммони ҳал қилишга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилдим.


Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати .
Шавкат Акрамов олган сурат.

Ўхшаш янгиликлар