• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image
“Ҳаёт курашдан иборат. Бу курашда фақат кучли билим ва салоҳиятга эга бўлганларгина ғолиб бўлади...”

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов иштирокида “Ректор ва талабалар учрашуви” бўлиб ўтди. Учрашувда ректор биология, кимё, тарих, филология, психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультетлари талабалари билан учрашиб, очиқ суҳбат олиб борди.

Ректор ва ёшлар учрашуви...


- Ҳаёт курашдан иборат. Бу курашда фақат кучли билим ва салоҳиятга эга бўлганларгина ғолиб бўлади, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Сизнинг эртанги келажагингизни илм-маърифат нури ёритади. Шундай экан, баҳо ёки диплом учун эмас, олдингизда турган порлоқ келажак учун ўқинг. Бугунги замонда яхши яшаш деган масала, энг аввало, моддиятга бориб тақалади. Бу айни ҳақиқат. Жамиятнинг интеллектуал салоҳияти қанчалик бой бўлса, у иқтисодий жиҳатдан ҳам бой бўлади. Университет сиз, ёшларга йўл кўрсатувчи йўлбошчи холос. Сиз ҳаётдаги ўрнингизни ўз билимингиз ва меҳнатингиз эвазига топасиз. Келгуси ҳаётингиз сифати сизнинг билимингиз билан юқори бўлади.


- Ўқишимиз бошланганига ҳам уч ой бўлди. Шу вақт мобайнида университет ҳаёти билан маълум миқдорда бўлса ҳам танишишга улгурдим, - дейди филология факультети талабаси Ҳилола Хайдарова. - Ректор ва ёшлар учрашувида университетдаги имкониятлар, айниқса чет тилини ўрганишнинг бугунги кундаги аҳамияти бўйича етарлича кўникмага эга бўлдим. Аниқроқ қилиб айтсам, тадбирдан катта руҳий қўллаб-қувватлаш олдим. Устоз ҳаётий тажриба мисолларини келтирганда кўз олдимда ўзимнинг режаларимни туздим. Яна бир карра Самарқанд давлат университетини танлаб, тўғри қарор қабул қилганимга амин бўлдим.



- Ректор ва талабалар учрашуви кўтаринки руҳда ўтди. Бу тадбирни кутмаган эдим, - дейди СамДУ тарих факультети талабаси Азиза Саидаҳмадова. - Ҳали якуний имтиҳонларини топширмаганлигим сабаб, бу ҳақда тушунчага эгамасман. Имтиҳонларни ҳар ким турлича талқин қилади. Учрашувда бунга оид саволларга аниқлик киритилди. Бугунги тадбирда ўқув жараёнлари бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлдим. Имтиҳонлар адолатли ва шаффоф ўтишига ишончим комил. Шунингдек, ректорнинг талабалар муаммолари ва камчиликларини эшитиб, масъулларга керакли топшириқ бергани ҳамда ёшларга тўғри йўналиш кўрсатгани таҳсинга сазовордир…



Учрашув давомида талабалар университет ички тартиб-қоидалари, ўқув жараёнлари ва якуний назорат тизими ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати

Ўхшаш янгиликлар