• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.1°C
Detail image

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова «Севимли» телеканалининг «Машҳурлар» лойиҳасида бизнеслари ҳамда тадбиркорликда асосан нималарга эътибор қаратиши ҳақида сўзлаб берди.

«Сергелида тикув фабрикасини очганмиз. Ишчилар ишлайди. Мен зиёнда ишлайман ўша цехда. Лекин уни ёпмайман. Ёпсам у ерда ишлайдиганлар ишсиз қолиб кетади. 100 дан ортиқ одам ишлайди. Ўшалар учун ишлатиб турибман. Фабрика олдин Алгоритмда эди. Ўзим ҳам бориб ишлаб турардим. Сергелига кўчгандан кейин боролмай қолдим. Буям бир эҳсон, буям бир ёрдам. Тап этиб, ёпиб қўйсам, зиёнсиз ўтираман, лекин ходимлар ишсиз қолади. Лекин бир хил пайтда ўша ёрдам керак», — дейди Юлдуз Усмонова.

Шунингдек, хонанда бизнеснинг асосий қоидалар ҳақида ҳам гапириб ўтди:

«Бир жойни очгандан кейин сиз фақат унинг пулига қараб қолмайсиз. Ҳар бир бизнес ютқизишга тайёр ҳолда бошланади. Янги ишингиз уч йил сизга ҳеч нарса бермайди. Бизнеснинг шундай қоидаси бор. Уч йил унинг фойдасига кўз тикмайсиз. Ўн сўмлик бизнес қилсангиз, камида орқасида 100 сўм туриши керак».

Юлдуз Усмонова, шунингдек, яқинда тиббий клиника очаётгани ҳақида ҳам гапириб, нега айнан ўзини бизнеснинг бу йўналишида синаб кўраётгани сабабини ҳам ошкор қилди.

«Боғча очиб қўйиб, пул ишласам бўларди. Боғча ва мактаб очганимда пул тайёр эди. Лекин мен ундай қилмадим. Пулни менга ўз касбимдан бериб турибди, Худойим. Хурсанд бўлганим, президентимиз билан бизнинг фикримиз бир жойдан чиқиб, олдиндан ҳаракат қилганимга роса қувондим. Имкон қадар бир нарсалар очиш керак. Шунинг учун ўша ерда клиника бўлса, кимнингдир тиши оғрийди, кимнингдир боласи иситмалайди. Клиника 24 соат ишлайдиган бўлса, чиқаверади одамлар. У ерда дорихоналар бўлади, имкон қадар нима қўлимиздан келса, қиламиз», — дейди Юлдуз Усмонова.

Ўхшаш янгиликлар