• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, Зарафшон дарёсида апрель—май ойларида сув оқими 2020 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли кам бўлди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, Зарафшон дарёсининг ўрта оқими Самарқанд вилоятига тўғри келади. Жумладан, вилоятнинг Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Ургут, Булунғур, Тойлоқ, Жомбой, Паст Дарғом, Нуробод, Иштихон, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ ва Оқдарё туманлари, асосан, шу дарёдан сув олади.

Дарё муз-қор сувлари ҳисобига тўйинувчи дарёлар қаторига кириб, ёз ойларида дарё, асосан, баланд тоғликлардаги музликлар ва қор қопламларининг эриши ҳисобига тўйинади. Бунда атмосфера ёғинларининг улуши деярли бўлмайди. Ушбу даврда дарё оқими ҳисобига ерости сувлари ҳам кўтарилади. Бошқача айтганда, дарё ўзанида июнь—июль ойларида максимал сув оқими ўтиши ҳисобига ерости сувларининг сатҳи меъёрга яқинлашади.

Таҳлиллар натижасининг кўрсатишича, Зарафшон дарёси вегетация (апрель—сентябрь) даврида Ўзбекистон ҳудудига ўртача 3,65 километр куб оқим олиб киради. 2020 йилнинг вегетация даврида ушбу қийматнинг 82 фоизи кириб келган. Шунингдек, апрель—май ойларида Зарафшон дарёси вегетация оқимининг ўртача 20 фоизи оқиб ўтади. Бу қиймат 2021 йилда 11 фоизга тенг бўлган.

Таъкидланишича, Зарафшон дарёси июнь—июль ойларида вегетация даври оқимининг 50 фоизидан кўпроқ оқими оқиб ўтади. 2020 йилда ушбу қиймат 41 фоизга тенг бўлган бўлса, 2021 йилнинг июнь—июль ойларида бу миқдор 45 фоизга яқин бўлиши кутилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар