• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +11.8°C
Detail image

Ёрқин кўриниши ва нозик диди билан танилган Иордания қироличасини фақатгина бунинг учун севишмайди, у шунингдек, мусулмон аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва хайрия соҳасидаги ишларда ҳам доимо фаол.

Соҳибжамол ва доно

Фото: Getty Images

Унинг ҳаёти Золушка ҳақидаги эртакни эслатади. Бўлажак малика 1970 йилда Кувайтда туғилган. Отаси шифокор, онаси эса оддийгина уй бекаси бўлган. Қизлари Рания улғайгани сайин тобора жозибали бўлиб борар ва атрофдагилар қиз модель ёки актриса бўлишига ишончлари комил эди. Аммо Рания подиумдаги машҳурликдан кўра, илм ўрганишга кўпроқ қизиқарди. Бу билимлари билан у Миср пойтахтидаги Америка университетига қийинчиликсиз ўқишга кирди ва уни муваффақиятли тугатди, сўнг ота-онасининг ёнига қайтди.

Фото: Getty Images

Характерининг намоён бўлиши

Аммо тез орада тинч ҳаёт тугади: уруш бошланди. Ироқ қўшинлари Кувайтга бостириб кирди, натижада Раниянинг оиласи Иорданияга қочишга мажбур бўлди. Иорданияда у карьера қилишга қаттиқ киришди. Ўрганган билимлари ва қобилиятлари қизга раҳбарлик лавозимига ҳужжат топширишга имкон берарди, аммо Apple’нинг Иорданиядаги филиалида уни ишга олишмади. Мағрур Рания эшикни тарақлатиб ёпганча чиқиб кетди. Аммо у иш сўраб келган банк раҳбари дипломли мутахассис келганидан хурсанд эди.

Яланг бош билан

Мазкур банк Иорданиянинг ўша пайтдаги президенти — Ҳусайннинг қизи Ойшага тегишли эди. Ранияни биринчи марта кўрган Ойша уни «оҳудек хушбичим ва аскар каби интизомли» деб эслайди. Рания ёшлигиданоқ ўжар ва мустақил характери билан ажралиб турарди. Агар у бирор нарсани мақсад қилган бўлса, қарори қатъий ва ўзгаришсиз қоларди. У мусулмон мамлакатларидаги одатга кўра, бошига рўмол ўрашдан бош тортди. Баъзиларнинг қораловчи қарашларига қарамай, у чодрада юришни истамади.

Фото: Getty Images

Банкдаги байрам зиёфати

Қиз шахсий ҳаёти ҳақида ўйламай, ғайрат билан карьера қилишга киришиб кетди. У 23 ёшга тўлганида ҳамма нарса бирдан ўзгарди. Ойша ходимлар учун зиёфат уюштирди, бу байрамда унинг укаси — шаҳзода Абдулла ҳам иштирок этди. У ҳақиқатан ҳам ёқимли муҳитда дам олишни, чиройли қизлар билан учрашишни истаганди, чунки шаҳзода танк машғулотларидан эндигина қайтган, батальонга командирлик қиларди. Абдуллахон зиёфат олдидан уйга киришга ва ҳарбий мундирини фуқаролик кийимига алмаштиришга улгурди. Унинг Ранияга ташлаган биринчи нигоҳи келажакдаги ҳаётини белгилаб берди. Кейинчалик Абдулла журналистларга берган интервьюсида ўшандаги ҳолатини изоҳлаб, бу қиз унга керак бўлган ягона инсон эканлигини дарҳол англаганини айтган.

Бир кўришдаги муҳаббат

Шаҳзоданинг унга мулозамат қилиши дастлаб Ранияга завқдан кўра кўпроқ ташвиш келтира бошлади. Қиз валиаҳд шаҳзода билан ўзини қандай тутишни билмасди. Бироқ Абдулла унга нисбатан шу қадар сабрли ва эътиборли бўлдики, тез орада Раниянинг юрагини забт этди. Шаҳзода уни вертолётда сайр қилдирар, Жипда гўзал жойларга саёҳатга таклиф қилар, ёшлар бирга дайвинг билан шуғулланарди. Кейинчалик Рания Абдулла билан учрашиши у ўрганиб қолган қулайлик зонасидан чиқиб кетишига ёрдам берганини тан олди. Вазмин характерли ва уй қизи бўлган Рания аввалига ўзини танимади: у гўзал жойлар устидан вертолётда учиб ўтаётганда завқ билан қичқирар, Абдулла кўрсатган дунё унга ёқиб қолганди. Икки ой ўтгач, Раниянинг ота-онаси ўз уйида азиз меҳмонларни қабул қилишди: Иордания қиролининг шахсан ўзи ўғли Абдулла билан Раниянинг қўлини сўраб келди.

Фото: Getty Images

«Қироллик олмоси»

Қирол оиласи Ранияни меҳр билан кутиб олди. Тўрт марта уйланган қирол Ҳусайн ўғлининг оилада бахт топишини жуда хоҳларди. Абдулланинг бувиси Ранияни кўриб: «Бу қиз қироллик сулоласининг олмосига айланади», деди. 1993 йилда ажойиб тўй бўлиб ўтди, бу қувончли воқеа шарафига қиролликда умумий дам олиш куни эълон қилинди. Рания малика бўлди. Лекин у қиролича бўлишини умуман кутмаган эди.

Гап шундаки, гарчи Абдулла Ҳусайннинг тўнғич ўғли бўлса-да, қирол укасини меросхўр деб эълон қилган, шунинг учун Абдуллага тахт насиб қилмасди. У бундан унчалик хафа бўлмади: аввал коллежда, кейин Оксфордда ўқиди. Сўнгра Британия шаҳзодалари — Уильям ва Гарри таълим олган Ҳарбий академияни тамомлади. Офицер бўлиб, Иордания армиясида хизмат қилди.

Энг ёш қиролича

Қирол Ҳусайн Ранияни ўз оиласида илиқ кутиб олиши билан бирга келинини чин дилдан ёқтириб қолди, унинг дўсти бўлди. Шу сабабли ҳам 1999 йилда оғир касалликка чалинган қирол васиятномасини қайтадан ёзди: янги васиятномага кўра, у вафот этганида катта ўғли Абдуллоҳ тахтга ворис бўлади. Бу кутилмаган воқеа қирол ўлимидан икки ҳафта олдин содир бўлди. Шундай қилиб, Абдулла отасининг васиятига кўра, қирол бўлди, 29 ёшли Рания эса тарихдаги энг ёш қироличага айланди.

Фото: Getty Images

Анъаналарни тараққиёт билан бирлаштиради

Соҳибжамол, илғор, доно Рания дарҳол фуқароларининггина эмас, балки бутун дунёнинг қалбини забт этди. Одамлар у ҳақда янги «Жаклин Кеннеди» ва «Малика Диана» деб гапира бошлашди. Рания нафақат қиролликнинг гўзал «юзи» эди, балки у дастлабки кунларданоқ муҳим вазифалар — ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ва хайрия ишларини ўз зиммасига олди. Унинг ёрдами билан мамлакатда сайёҳлик бизнеси ривожлана бошлади.

Шунингдек, Рания туфайли энди Иорданияда Европа кийимидаги маҳаллий аёлларни учратиш мумкин.

Фото: Getty Images

Шу билан бирга, малика ҳеч қандай «инқилоб» қилмади, Иордания ҳозирда ҳам анъаналар чуқур ҳурмат қилинадиган мусулмон давлати бўлиб қолмоқда. Шунчаки, Рания ўзи мисолида бошқа аёлларга илҳом берди ва аёллар урф-одатларга содиқ қолган ҳолда ўзига ёқадиган кўринишга эга бўлиши, жозибали, назокатли ва замонавий бўлиши мумкинлигини тушунди. Айтиш керакки, Рания либосларида мусулмон анъаналари ва европача услубни моҳирона уйғунлаштира олган, ҳеч қандай беодобликка йўл қўймаган.

«Асосийси бошдаги нарса эмас, балки бошда нима борлиги»

Джинси шим кийиб юрадиган, оддий одамлар билан кўп гаплашадиган тўрт фарзанднинг онаси бўлган қироличадан баъзида мусулмон анъаналарини бузяпсизми, деб сўрашади. Ва у табассум билан шундай жавоб беради: дин — мажбурлаш эмас. Унинг ўзи чодрада юрмасликка қарор қилган, лекин бу ҳеч нарсани англатмайди: билимли, очиқ ва илғор аёл ҳам ҳижобда бўлиши мумкин, баъзида эса аксинча бўлади — жуда консерватив мусулмон аёллар ҳам боши очиқ, чодрасиз юриши мумкин. Иордания маликасининг мана бу жумласини эса ҳамма билади: аёлни бошига ўраган нарсасига қараб эмас, миясидаги нарсага қараб муҳокама қилиш керак.

Фото: Getty Images

Ҳазил қилиш туйғусига эга бўлган обрўли ва башанг қиролича

Рания Иордания аёлларига кўп ёрдам беради: ўқиш, ишлаш ва ижтимоий фаол бўлишни истаганлардан эътиборини аямайди. Унинг шарофати билан бугунги кунда иорданиялик аёллар тобора жиддий лавозимларни эгалламоқда: улар касалхона, судларда ишламоқда, армияда хизмат қилмоқда ва бу анчадан буён ҳеч кимни ҳайратга солмай қўйган. Қиролича норасмий тарзда «услуб маликаси» унвонига эга ва дунёдаги энг хушбичим аёл сифатида тан олинган. Бундан ташқари, Рания сайёрадаги энг нуфузли хонимлар рўйхатида ҳам бор. Аммо уни шунинг учунгина севишмайди. Рания эри қирол Абдулла сингари содда ва бошқалар билан мулоқот қилишда жуда самимий. У ажойиб ҳазил қилиш туйғусига эга. Мисол учун, ўтган йили ўзининг ярим асрлик юбилейини нишонлашга тайёргарлик кўраётган малика интервьюда шундай деганди: аввал туғилган кун тортидаги шамларни ўчириб, уларнинг сонидан ҳайрон қолади. Кейин эса «Афтидан, йиллар ўтиб, тортнинг ўзи ҳам катталашиши керак, тўғрими?» деган.

Мавзуга доир: 

Ўхшаш янгиликлар