• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +32°C
Detail image

Йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олишдаги ҳамда йўл инфратузилмасидаги муаммоларни ўрганиб келаётган идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда, дея хабар бемоқда ЙҲХББ матбуот хизмати.

Иш жараёни давомида экспертлар «ЙҲХББ_таклиф» Telegram гуруҳи орқали 1000 га яқин фуқародан 1847 та, Facebook’даги гуруҳ орқали эса 30 нафар фуқародан 32 та, жами 1879 та таклифни ўрганиб чиқмоқда.

Таклифларнинг 77,9 фоизи ёки 1464 таси йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан, жумладан:

  • 1104 таси ёки 58,7 фоизи йўлларини таъмирлаш ва таъмирланишида замонавий ёндашувни қўллаш;
  • 66 таси ёки 3,5 фоизи ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойлари, ортга қайрилиб олиш жойларини хавфсиз ташкил этиш;
  • 65 таси ёки 3,5 фоизи шаҳар ва туман ҳудудларида жойлашган ўқув муассасалари ва мактаблар олдида белгиланган тезликни камайтириш (30 тезликка);
  • 60 таси ёки 3,2 фоизи йўл белгиларини ўрнатиш ва айримларини янгилаш;
  • 57 таси ёки 3,1 фоизи йўллар сифатини яхшилаш, асфальт ўрнига бетон қопламаси ётқизиш;
  • 40 таси ёки 2,1 фоизи йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида махсус тураргоҳларни ташкил қилиш ва кўп қаватли автомобиль қўйиш жойини қуриш;
  • 39 таси ёки 2,1 фоизи чорраҳа ва йўлларда мавжуд бўлган светофорларни замонавий рақамли светофорларга алмаштириш. Шунингдек, пиёдалар учун тугмали светофорлар сонини ошириш;
  • 33 таси ёки 1,7 фоизи фуқаролар йўл иншоотлари, йўл белгиларини ўрнатиш ва қайта жиҳозлаш масалаларини ЙҲХБ тизимига қайтариб бериш ҳамда юк автомашиналарини шаҳар ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб, ушбу йўлда ҳаракатланишини йўлга қўйиш.

Таклифларнинг 10,7 фоизи ёки 200 таси амалдаги маъмурий амалиёт ва қоидабузарликларга нисбатан жарималарни қўллаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан, жумладан:

  • 84 таси ёки 4,5 фоизи ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаси қўпол равишда бузилган тақдирда унга белгиланган жарима миқдорини ошириб тайинлаш чораларини кўриш;
  • 52 таси ёки 2,8 фоизи пиёда йўлаклари олдига видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ҳамда пиёдалар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтда уларнинг айбдорлик масалаларини кўриб чиқиш;
  • 51 таси ёки 2,7 фоизи содир этилган қоидабузарликларга нисбатан нафақат жарима қўллаш, балки қоидабузарликларни баллик равишда баҳолаш тизимини жорий этиш;
  • 13 таси ёки 0,7 фоизи йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан содир этилган барча қоидабузарликларга нисбатан белгиланган жарималарни камайтириш чораларини кўриш.

Таклифларнинг 11,4 фоизи ёки 215 таси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан, жумладан:

  • 82 таси ёки 4,3 фоизи фуқаро йилнинг иссиқ фаслида тонировкаларни арзонлаштириш ёки давлатга тўланиши лозим бўлган тўловни ушбу мавсумда олиб ташлаш;
  • 63 таси ёки 3,3 фоизи ҳайдовчиларни ўқитиш ва имтиҳон олиш жараёнида инсон омилини чеклаш ва коррупциянинг олдини олиш, мактаб даврида ЙҲҚ дарслигини киритиш ва битиргунига қадар ўқитиш;
  • 45 таси ёки 2,4 фоизи ДЙҲХХ ходимларининг малакасини ошириш, соҳани юқори интеллектуал ходимлар билан жамлаш, уларни доимий равишда малакасини ошириш бўйича ўқитиб бориш тизимини йўлга қўйиш;
  • 16 таси ёки 0,9 фоизи аниқланган жарималар ўз вақтида почта орқали эгаларига келмаслиги ва бунинг оқибатида имтиёзли тўлов амалга оширишнинг имкони бўлмаётганлиги;
  • 9 таси ёки 0,5 фоизи ЙҲХ йўналиши билан боғлиқ муаммо ва мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги, 1102 ишонч телефони умуман ишламаслиги ва ушбу тизимни ислоҳ қилиш лозимлиги.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ижтимоий тармоқлар орқали таклифлар келиб тушиши давом этмоқда, якуний ҳисоботлар қўшимча равишда тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган эди. Гуруҳ томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олишнинг бугунги кундаги ҳолати комплекс равишда ўрганилиб, хорижий тажриба ва илмий ёндашувларни қўллаш асосида норматив-ҳуқуқий ва манзилли ташкилий-амалий чоралар ишлаб чиқилади.

Алоҳида эътибор йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар — йўлларнинг ҳолати, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгилари, тартибга солинмаган чорраҳалар ва бошқаларга қаратилиб, уларни тубдан яхшилаш бўйича ҳар томонлама чоралар кўрилиши қайд этилганди.

Ўхшаш янгиликлар