• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +11.7°C
Detail image

1938 йилнинг 4 октябри — нафақат ўзбек адабиёти ё маданияти, балки бутун Ўзбекистон тарихидаги энг машъум саналардан бири. Шу куни Тошкентда миллат даҳолари — Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон отиб ташланган эди. «Дарё» ушбу уч улуғ мутафаккир хотирасига ҳурмат рамзи сифатида уларнинг йиллар ўтса-да ўз аҳамиятини йўқотмаган журналистик материалларини бутун октябрь ойи давомида ҳар куни қайта эълон қилиб боради.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Инқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ажиб, ғариб ихтиролар юз берди ва бермакдадирким, бу янги ажойиб аул-тараша бозорларни ёзуб кўрсатув инсон тоқатидан фавқ бир ишдир. Бутун дунёнинг театру бозорида, адабиёт тарихида кўрулмаган равишда янги нафис ўзбак театрулари, ўзбак адабиётлари, ўзбак артистлари, муаллимлари, мунажжимлари, муҳандис муҳтариълари, муҳаррир ва имлочилари, қомпозитўр рассомлари, шупургичи аробакашлари, қўйингчи, домлаларча қилуб сўзни қисқартғанда ва ҳоказо ва ҳоказолари ўзбакларнинг янги систем санои нафисалари жумласидандирлар...

Аллоҳдан барака ва давомини сўрарға керакдурким, ўзбаклар бундай янги систем ихтироларни ҳали ҳам кун сайин ва дақиқа, сония сайин йўқлиқ оламидан борлиқ дунёсиға чиқаруб, ақлларни ҳайрон, кўзларни кўрмас, қулоқларни эшитмас, қўлларни тутмас, оёқларни юрмас, оғзингдан калава-калава сўлакайларингни оқузиб баъзиларни ҳайвони нотиқалиқдан ҳайвони ғайри нотиқалиқға айлантирмоқдадирларким, бу ҳол эса янги систем ихтироларнинг асари махсусаи маждубаи макшуфаи махсусасидандурлар.

Ўзбак элига яна бир башорат!

Қандай башорат?

Жуда ҳам кагга, жуда ҳам шаъшаъадор башорат. «Янги систем бетарафлик» башорати! Яна бир янги ихтиро башорати!

Башоратномамизнинг ва «Янги систем бетарафлик»нинг асл ихтироиға сабаб бўлғани учун асл масаланинг жараёнидан қисқағина бўлса ҳам ёзиб ўтайлук:

Ёдимдан кўтарилмаган бўлса, «Қизил байроқ» газетасининг 131-рақамида «Илмий хидмат» лавҳаси остида «Биров» имзоли бир бечора («Қизил байроқ» таъбирича ҳам бечорадир) машҳур «авантюрист» (бу таъбир «Биров» биродаримникидир) Мунавварнинг янги имлоға қаршилиғи учун марҳум немиснинг бир юз ўн беш дуймалик тўпидан «авантюрист» устига шу кадар ўқ ёғдирған эдики, каминангиз мазлум Мунавварни бу жаҳаннам ўти ичида куюб кул бўлғанлиғиға қарор қўйған ва беихтиёр тилимга «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» оятини жорий қилған эдим. Аммо меним бу фоли бадим бекорга кетуб орадан бир қанча вақт ўтар-ўтмас «авантюрист» Мунавварнинг тирик қолғанлиғи ва майдонда ўзининг Некалай давридан қолған эски гурзисини кўтаруб, жавлон қилғанлиғи кўрилди-да, Лаҳавла... ўқуй бошладим. Чиндан ҳам бу, «авантюрист»нинг «Биров» афандининг жаҳаннам ҳужумидан саломат қолувининг ўзи ҳам Лаҳавла ўқутдирарлиқ эди.

«Avantюрист» Мунаввар инқилобдан бери турли томондан муштум еб, аммо чурқ этмай келганликдан мен уни энди жуда ҳам абжақ бўлуб қолғандир деб ўйлар эдимки, аммо иш бу фикримнинг тамомо акси бўлуб чиқди.

Андоғ ривоят қилурларким, Мунаввар «авантюрист» майдонда жавлон урди, гурзисини салмоғлаб бошидан айлантурди ва наъра тортди. «Қизил байроқ» таъбирича, бечора «Биров» ўртоғимнинг устига андоғ зарб урдики, ерлар титради, кўклар дарз кетди. Бир вақт қарасам, «Қизил байроқ» майдонининг ўртасида мажруҳ «Биров» ўртоғимни бағрига босқан ҳолда «Қизил байроқ» идораси ўлтурадир. Идора атрофидағи томошачиларға айтадир: «Бу музораба тўғрисида савол-жавобни чўзуб ўлтурмаслик учун «Қизил байроқ» бундан кейин бу тўғрида иккинчи музорабаларга йўл бермайдур. Шунинг билан бирга бетараф бўлған ҳолда ўзининг фикрини баён қиладур».

Бу вақт «Қизил байроқ» идорасининг кўзи бағридағи кўзини термултуруб ётқан мажруҳ «Биров»га тушадир-да, ихтиёрсиз оталиқ ва оғалиқ кўз ёшисини тўка бошлайдур. Қаршисидағи «авантюрист»га боқадир-да: «Сиёсий ўюнчи» дейдур. Бағридағи мажруҳга қарайдир-да: «Бечора бировим, мазлум бировим» дейдур, ҳўнграб йиғлайдур. Яна аччиғиға чидолмай «авантюрист»ни қарғий бошлайдур: «Ҳийлагар, макрчи, жувонмарг!»

«Қизил байроқ» идораси кўзидан ёшини оқуза-оқуза алла нарсаларни сўзлаб, «авантюрист»нинг зарбасини, «мантиқсизлик ва золимлик», дейдир. Шунинг ила «Қизил байроқ» ўзининг юқорида сўзлаган «Бетараф бўлған ҳолда» жумласини унутуб юборадир-да, Мунавварга очиқдан-очиқ ҳужум эта бошлайдир.

Мана бу «бетарафлик» ўзимизнинг ота-бободан қолған эски бетарафлик эмас, «Янги систем бетарафлик!» Бу — «Қизил байроқ» газетасининг янги ихтиройи, янги ижоди!

Янги ихтирочиларга дуочи Жулқунбой

«Инқилоб» журнали 1922 йил, 2-сон, 45-46-бетлар


Изоҳ

«Турон» жамияти — тараққийпарвар зиёлилар жамияти, Тошкентнинг Эски жўва майдони ёнида, Махсидўз кўчасидаги Ҳарбий комитет ўрнида бўлган, Тошкентнинг маданий-маърифий маркази бўлган, сақна асарлари ижро этилган. 1927 йилда тарқатиб юборилган.

Ўхшаш янгиликлар