• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

«Франция тараққиёт агентлиги иштирокида Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди, деб хабар беради Норма.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Унга кўра, 2021 йил 28 июнда Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги (FTA) ўртасида имзоланган битимга асосан «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини молиялаштириш учун 100 миллион евро миқдорида қарз ажратиш назарда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати — 5 йил (2022—2026 йиллар).

Лойиҳанинг умумий қиймати 147,07 миллион евро эквивалентида бўлиб, шундан:

  • 100 миллион евро — FTA’нинг қарзи;
  • 29,96 миллион евро — Лойиҳа иштирокчилари (бенефициарлар)нинг улуши;
  • 17,1 миллион евро (шу жумладан солиқ ва божхона тўловлари шаклида маблағлар) — Ўзбекистоннинг улуши.

Божхона кодексига асосан Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божидан озод қилинган.

Белгиланишича:

  • Лойиҳани амалга ошириш доирасида FTA қарзи ҳисобидан харид қилинадиган товарларни (иш, хизматларни) ва махсус транспорт воситаларини олиб киришда (сотиб олишда) ҚҚС товарларни (иш, хизматларни) олиб кирувчилар (импорт қилувчилар, хизматларни сотиб олувчилар) томонидан тўланади;
  • ушбу божхона божи имтиёзлари натижасида бўшаган маблағлар ҳамда товарларни олиб келувчилар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси Ўзбекистоннинг лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.

Лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистонда, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар 50 фоиздан зиёд молиялаштирилгандан сўнг, республиканинг барча вилоятларида амалга оширилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, унинг мувофиқлаштирилиши ва бошқарилиши, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисобот юритилиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Кредит линиясини бошқариш, FTA’нинг қарзи ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи тижорат банкларига юкланади.

Қарз битими доирасида юзага келган барча тўловлар лойиҳада иштирок этувчи банклар билан қайта кредитлаш битимлари имзолангунга қадар давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади ва қайта кредитлаш битимлари имзоланганидан сўнг Лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари томонидан уларга ажратилган маблағлар миқдорига мутаносиб равишда Ўзбекистоннинг республика бюджетига қайтарилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
  • лойиҳа доирасида Франция тараққиёт агентлигининг қарзини сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали;
  • «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси».

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 14 январдан кучга кирган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш масалалари бўйича Идоралараро комиссиясининг қарорига мувофиқ, 2021 йил 15 декабрдан 6 ой муддатга тирик қорамол экспортига тақиқ жорий қилинганди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти чорва ҳайвонларини импорт қилиш билан боғлиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга турли иқтисодий муаммолар ва кутилмаган зарарлар олдини олиш мақсадида тавсиялар эълон қилган эди.

Ўхшаш янгиликлар