• 10507.46
  • 12586.89
  • 136.97
weather Тошкент: +16.6°C
Detail image

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган 671,3 миллиард сўмлик маблағлар ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 триллион сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ҳисоб палатасининг 2020 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар сарфланиши устидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиб, аниқланган 23,8 миллиард сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар ҳамда ортиқча молиялаштирилган 8,4 миллиард сўм маблағлар жамғармага қайтарилган.

Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги муассасаларида 192,2 миллиард сўмлик молиявий хато, камчиликлар ва ўзлаштиришлар аниқланган. Жумладан, Беруний туманидаги 420 миллион сўмга қурилиб, фойдаланишга қабул қилинганлиги кўрсатилган 58-мактаб филиалида умуман қурилиш бўлмаганлиги аниқланган.

Муҳокамаларда, шунингдек, ҳисоботда келтирилган халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010—2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 миллиард долларлик 81 та лойиҳанинг 24 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.

Айрим лойиҳалар йиллаб кечиктирилган, шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар доимий ўзгартирилган ёки сифатсиз асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда сотиб олинганлиги, баъзи лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ўта паст даражада ҳамда лойиҳа маблағлари талон-торож қилиниб, ўзлаштирилганлиги айтиб ўтилди.

Бундан аввал Яшнободдаги ички йўлларнинг қурилиши ва таъмирланишидаги талон-торожлик фош этилгани, Соғлиқни сақлаш соҳасида 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани ҳамда Бухорода бандлик маркази мансабдорлари 134 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Ўхшаш янгиликлар