• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +32°C
Detail image

Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Самарқандек ҳамда вилоятнинг Лейкек туманидаги Марғун қишлоқларида мактаблар қуради. Бу ҳақда Боткен вилояти Вазирлар Маҳкамаси ваколатхонаси матбуот котиби Азатбек Қурбонбековга таяниб, Kloop нашри хабар берди.

Фото: Кабар

Қурбонбековнинг маълум қилишича, 7 июнь куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иш сафари давомида Боткен вилоятининг Қадамжой шаҳрига ташриф буюрган. Қўшни мамлакатдан келган меҳмонларни Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбоев кутиб олган ва томонлар ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олган.

Матбуот котибининг таъкидлашича, Ўзбекистон делегацияси Самарқандек ва Марғун қишлоқлари аҳолиси ва мактаб ўқитувчилари билан учрашган, шунингдек, улар келажакдаги янги мактаблар қуриладиган жойлар билан танишган.

«Самарқандек шаҳридаги Сагин Кожобаев номидаги мактаб-интернат ёнида 400 ўринли янги мактаб қурилади. Чунки ушбу муассаса 1951 йилда қурилган ва ҳозирда эскирган. Марғун қишлоғидаги М.Баэтов номидаги ўрта мактаб ҳам таъмирга муҳтож, бино анча эски. У ерда 300 ўринли янги мактаб қурилади», — дейди Қурбонбеков.

Вилоят маъмурияти мактаблар 2021 йилда — янги ўқув йилига қадар фойдаланишга топширилиши ҳақида маълум қилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Самарқанд ва Хатлон вилоятларида қурилган ижтимоий объектларнинг очилиш маросимида иштирок этгани тўғрисида хабар берилганди. Хатлон вилоятининг Кўбодиён туманидаги тиббиёт мажмуаси Ўзбекистон томонидан қурилган. Ушбу 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Мажмуада жарроҳлик, урология, кўз хасталиклари, интенсив даволаш ва реанимация, педиатрия, травматология, гинекология, ҳомиладорлик патологияси, туғруқдан кейинги тикланиш ва терапия бўлинмалари мавжуд. Тожикистон томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида умумтаълим мактаби барпо этилган. У 640 нафар ўқувчига мўлжалланган.

Ўхшаш янгиликлар