• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image

COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан 15 январдан бошлаб Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга қарши мажбурий тест топшириш жорий этилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар қилди.

Хусусан, 15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Санитария-эпидемиология осойишталиги хизмати билан биргаликда Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида экспресс-тест пунктларини ташкил этади. Келган барча фуқаролар коронавирус учун экспресс-тест топшириши керак. Тест синовидан ўтиш қиймати Марказий банк курси бўйича сўм эквивалентида 5 доллар миқдорида белгиланади. Талабалик гувоҳномаси бўлган талабаларга 50 фоиз чегирма берилса, I ва II гуруҳ ногиронлари тест синовларини бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болаларнинг тест топшириши шарт эмас.

«Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонга келганларнинг барчаси аэропортларда мажбурий экспресс-тестдан ўтказилади. Аэропортлар имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, тест топшириш зоналари паспорт назоратидан ўтишдан олдин ёки ўтгандан кейин ташкил этилади», — дейди Uzbekistan Airports бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Тўловни амалга ошириб, квитанцияни олган йўловчи тўғридан-тўғри тест топширишга юборилади, шундан сўнг паспортга штрих-код ёпиштирилади. Натижаларни олиш учун, тахминан, 15 дақиқа вақт кетади. Бу вақт ичида йўловчи юкини олиб, божхона назоратидан ўтишга улгуриши мумкин. Терминалдан чиқишда штрих-код сканердан ўтказилади ва йўловчи тезкор коронавирус тести натижасини олади. Тест ижобий натижа берса, йўловчи изоляцияга юборилади.

Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Ўзбекистонда коронавируснинг омикрон штамми аниқланганди. Шундан буён коронавирусга чалинганлар сони орта бошлади. 8 январь куни 369 кишида, 9 январда 389 кишида, 10 январда 425 кишида, 11 январда 604 кишида, 12 январда 714 кишида касаллик тасдиқланди.

Шу сабабли Республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 январдан бошлаб мамлакатда бир қатор чекловлар жорий этилади. Жумладан, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланади, эмланмаган ходимлар ишга қўйилмайди. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги иш берувчилардан 20 январга қадар ходимларни эмлашга чақиришни сўради.

Ўхшаш янгиликлар