• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +23.8°C
Detail image

Россиянинг Женевадаги БМТ қошидаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси Борис Бондарев Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик белгиси сифатида истеъфо берди, деб ёзади Meduza.

Фото: «Metro.co.uk»

Қарийб 20 йил дипломат бўлиб ишлаган Бондарев ўз қарорини ҳамкасбларига аталган мактубда изоҳлаб берди, унинг нусхасини Twitter’да UN Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ижрочи директори Гиллел Нойер эълон қилди.

Ўз хатида Бондарев, хусусан, фаолияти давомида Россия ташқи сиёсатидаги турли бурилишларни кўрганини, аммо Россия қўшинлари 24 февраль куни Украинага бостириб киргач, «ўз юрти учун ҳар қачонгидан кўпроқ уялгани» ҳақида ёзган.

«Путин томонидан Украинага қарши, аслида эса бутун Ғарб дунёсига қарши бошланган тажовузкор уруш — нафақат украина халқига қарши жиноят, балки, эҳтимол, Россия халқига қарши ҳам энг жиддий жиноятдир», — деб ҳисоблайди Бондарев. «Мамлакатимизда гуллаб-яшновчи ва эркин жамият яратиш учун барча умидлар ва истиқболлар катта Z ҳарфи билан чизиб ташланди», — деди у.

Бондарев бир нечта ОАВларга интервью беришга ҳам улгурди. Хусусан, Британиянинг The Telegraph нашри билан суҳбатда айтишича, Путин Украинага бостириб кириш ҳақида буйруқ берганидан кейин чет элда Россияга вакиллик қилиш жараёнида «нафрат»ни ҳис қилган. Шунингдек, ядро қуроли тарқалмаслиги масалалари билан шуғулланган Бондаревни Россия расмий шахсларининг бундай қурол-яроқларни қўллаш ҳақида қанчалик енгилтаклик билан гапира бошлагани «даҳшатга солган».

Бондаревнинг сўзларига кўра, у уруш бошланганидан кейин истеъфо беришга қарор қилган ягона россиялик дипломат эмас. Унинг баъзи танишлари ташқи ишлар вазирлигидан жимгина ишдан бўшаб кетган. Шунингдек, омма олдида уруш ҳақидаги сафсаталарни гапирадиганлар ҳам шахсий суҳбатлар чоғида Украинадаги шафқатсиз урушдан ва ТИВ аниқ-равшан ҳарбий жиноятларга баҳоналар ўйлаб топиш билан шуғулланаётганидан қаттиқ таъсирланганини тан олади. «Россия президенти бу мамлакатдаги ягона ‘дипломат’ бўлса, у ҳаммадан яхшироқ билса, бизнинг ишлашимиздан нима маъно?» — деди Бондарев.

BBC Russia нашрига берган интервьюсида Бондарев уни сотқин деб аташларидан қўрқиш-қўрқмаслиги ҳақидаги саволга: «Улар мени аллақачон шундай деб ҳисоблашса керак, деб ўйлайман», — дея жавоб берди.

Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Бондарев «Россия жамиятининг ҳамжиҳат фикрига қарши чиққани»ни маълум қилди.

«Бу ерда, менимча, фақат битта нарсани айтиш мумкин, Бондарев энди биз билан эмас, балки бизга қаршидир», — деди у журналистларнинг истеъфо берган дипломат ҳақидаги саволларига жавобан.

«Бизга қарши» нима дегани, деб берилган саволга Песков шундай жавоб қилди: «У Россия раҳбарияти хатти-ҳаракатларини қоралаяпти, Россия раҳбариятининг ҳаракатлари эса мамлакатимизнинг деярли барча аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Демак, бу жаноб мамлакатимизнинг умумий ҳамжиҳат фикрига қарши чиққан».

Ўхшаш янгиликлар