• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image

Ангела Меркель дунёнинг энг нуфузли аёллари рўйхатида бир неча бор биринчи ўринни эгаллаган. Унинг ташриф қоғози кўпчилик камчилик деб ҳисоблайдиган камтарлиги. Канцлер юқори маош олишига қарамай, кичик квартирада яшайди ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун дўконга шахсан ўзи боради.

Фото: Legion Media

Олтинчи рақамли уй

Ангела Меркель Шпрее дарёси бўйида Ам Купферграбен кўчасида жойлашган беш қаватли бинодаги олтинчи рақамли оддий квартирада яшайди. Бошқа уйлар билан ўралган ушбу сариқ бинонинг олдидан мунтазам трамвай қатнайди. Бу унинг хизмат уйи эмас: Меркель Германия ҳукуматига раҳбарлик қилишдан олдин ҳам шу ерда истиқомат қилган.

Фото: Legion Media

Ангеладан олдинги собиқ канцлер Герхард Шредер 200 квадрат метрлик кенг хонадонда яшаган. Меркель эса Берлиндаги квартирасида қолишга қарор қилди ва бу билан немислар ҳурматига сазовор бўлди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан уйни суратга олиш тақиқланган ва бундан ўн йил олдин канцлердан Google Street View’да уйини беркитишни таклиф қилган. Меркель эса: «Нима учун? Қаерда яшашимни ҳамма билади-ку» деб жавоб берган.

Канцлер ва турмуш ўртоғи яшайдиган ёғоч деразали уйнинг маҳалласида ён-атрофида эсдалик дўконлари ва супермаркетлар жойлашган. Маҳаллий журналист ва блогерлар Меркель ва унинг эрининг Берлиндаги квартирасидан ташқари кўчмас мулки борлигини билишга бир неча бор ҳаракат қилишган, ахир, унинг даромади қимматбаҳо уй-жой олишга имкон беради. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Меркель йилига 300 минг евро ишлаб топади. Аммо у ҳеч қачон ҳашамат кетидан қувмаган.

Фото: Legion Media

Маълум бўлишича, сиёсатчининг фақат ёзги дала ҳовлиси бор. Уни шаҳар ташқарисидаги резиденция деб аташ қийин — Берлиндан юз километр узоқликда Бранденбург Темплин шаҳри яқинидаги Хенвалд қишлоғида жойлашган кичик қишлоқ уйи. Эр-хотин одатда бу ерга дам олиш кунлари келади. Бу ерда баланд-баланд тўсиқлар ва хавфсизлик постлари йўқ — бу жой оддий боғдорчилик ширкатига ўхшайди. Яқин атрофда кафе ёки дўкон ҳам йўқ. Кўнгил ёзиш учун — гўзал табиат, тоза ҳаво, ўрмонда сайр қилиш ва маҳаллий кўл бор.

Фото: Legion Media

Меркель меҳмонларини томорқасида ўстирган сабзавотлардан тайёрланган таом билан меҳмон қилишни яхши кўради. Сиёсатчилар даврасида, айниқса, у тайёрлайдиган олмали пирог ва картошка шўрва жуда машҳур.

Канцлер озиқ-овқат учун дўконга ўзи боришни яхши кўради, аммо яқин атрофда бир неча тан соқчилар навбатчилик қилади. Бошқа немислар каби дўконга у ҳам ўз пакети билан келади ва кези келса, оддий одамлардек навбат кутади.

Фото: Legion Media

Кўпчилик учун одатга айланган кофе ўрнига канцлер ялпиз чой ичади. Унинг сумкасида уяли телефонидан ташқари кўзойнаги, ручка билан блокнот ва упа қутиси юради. Авваллари сумкасида сигарет қутиси ҳам бўлган — ёшлигида Ангела кунига бир қути сигарет чекарди, аммо кейин у бу одатидан воз кечди.

Одатда Ангела Меркель турмуш ўртоғи билан таътилни дабдабали курортларда эмас, тоғдаги камтарона меҳмонхонада ўтказади. Улар Жанубий Тиролда жойлашган меҳмонхонага боришади, бу ерда ярим пансионли икки кишилик хона бир кеча учун 200 евро туради. Балкондан Ортлер тоғи манзараси кўриниб туради, меҳмонлар учун эса сауна ва сузиш ҳавзаси хизмат кўрсатади.

Фото: Legion Media

Таътилда Меркель одатда ўзи билан тарихий китобларни олиб юради — папарацсилар бир неча маротаба уни балконда китоб ўқиётганини суратга олган. Шунингдек, у  пиёда юришни яхши кўради: у кепка, катак кўйлак кийиб, орқасига рюкзак илган ҳолда треккинг таёқчалари билан йўлга чиқади. Журналистларнинг таъкидлашича, Меркель саёҳат учун алоҳида кийим танламайди — 2013 йилдан бери у скандинавча юриш учун бир хил кўйлак ва шим кияди.

Фото: Legion Media

Ангела Меркель ҳеч қачон ўзига хос ғоялари, унутилмас образи билан ажралиб турмаган, у таниқли нотиқ ҳам эмас. Немислар уни Volkswagen Голфъда юрадиган, томорқасида сабзавот етиштирадиган ва яхши овқат пиширадиган оддий немис аёлининг жозибаси борлиги учун ҳам яхши кўришади. Шу сабабли Германияда уни Мутти («ойижон») деб аташади.

Фото: Legion Media

Фото: Legion Media

Кўпчилик Ангела етакчилик фазилатларига эга эмас, у жуда юмшоқ ва кўзга ташланмайдиган, деб ўйлашади, аммо улар адашишади. Тўғри, канцлер провокацион баёнотлар бермайди, лекин ҳар доим мунозараларда қатнашганда у мантиқан, кинояли ва қуруққина қилиб жавоб беради. Кўпчилик уни қаттиққўл эмаслиги учун танқид қилади. Шу билан бирга, немислар уни ҳар қандай вазиятдан чиқиш йўлини топа оладиган яхши бошқарувчи сифатида яхши кўришади.

Фото: Legion Media

Фото: Legion Media

Политехнологлар канцлернинг муваффақияти сири нима эканидан хайрон бўлишган. Натижада унинг сири кўзга ташланмайдиган кўриниши ва харизманинг етишмаслигида деган хулосага келишди. Сиёсатчи заргарлик буюмларини умуман ёқтирмайди, парфюмерия ишлатмайди. Унинг одатий кийимлари турли хил рангдаги расмий костюмлардан иборат. Одатда бу учта ёки тўртта тугмачали ва шимли блейзерлар. Меркель коллекциясида барча ранглар — яшил, кўк, сариқ, бинафша рангли кийимлар мавжуд. У ёрқин ранглардан қўрқмайди – тўқ қизил, ёрқин тўқ сариқ ёки пушти рангдаги либосларни ҳам кийиб кетаверади.

Фото: Legion Media

Фото: Legion Media

Фото: Legion Media

Айтганча, Германияда канцлернинг кийинишини муҳокама қилиш одат тусига кирмаган. Меркелнинг гардероби у давлат ишлари билан шунчалик бандки, мода каталогларини кўриб чиқиш ва янги тенденцияларни излаш учун унда вақт йўқлигини кўрсатади.

Оилада

Канцлер шахсий ҳаёти ҳақида умуман гапирмайди. Маълумки, Ангела ҳали университетда ўқиб юрганидаёқ турмушга чиққан. Мазкур никоҳ беш йил давом этган, ундан Меркель ҳозирги фамилиясини мерос қилиб олган. Уларнинг болалари бўлмаган — у ҳеч қачон фарзанд кўрмаган.

Иккинчи эри Йоахим Зауэр билан Ангела 80 йилларда ГДР Фанлар академиясида танишган. Зауэр дунёга танилган тадқиқотчи, илм-фан соҳасида унинг хизматлари хотининикидан кам эмас.

Фото: Legion Media

Квант кимёси бўйича мутахассис ва Берлиннинг Gumboldt университети профессори омма олдида кўриниш беришни хушламайди: у расмий ташрифлар пайтида хотинига ҳамроҳлик қилмайди ва тантаналардан иложи борича кўринмасликка ҳаракат қилади – Йоахим ҳатто рафиқасининг инаугурация маросимида ҳам қатнашмаган. У фақат маданий тадбирлардагина иштирок этади. Шунингдек, у яқинда рафиқаси билан кўпроқ вақт ўтказиш имкониятига эга бўлишига умид қилади.

Фото: Legion Media

Немислар Маркелни юқори лавозимга гўзаллиги ва жозибаси туфайли эришмагани учун ҳам ҳурмат қилишади. Унинг шахсий ҳаёти бўйича папарацилар томонидан жосуслик қилиш фойдасиз — Ангела ҳеч қачон можароларга аралашмаган, у ўз мавқейига иш сифатида, имтиёзига эса восита сифатида қараган. Ангела Меркель канцлер лавозимида яхшигина даромад топса ҳам, фаолияти давомида камтарона турмуш тарзини сақлаб қолди.

Ўхшаш янгиликлар