• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +32°C
Detail image

Дўстлик инсонга ишонч, севги, самимият, садоқатдан ташқари, сотқинлик, манфаат ва унутилиш нималигини ўргатади. 9 июнь санаси бутун дунёда Халқаро дўстлар куни сифатида нишонланади. Тарихи номаълум бу байрамдан мақсад – қаерда ва қандай вазиятда бўлмасин, қалбан яқин инсонларни эслаш ва улардан хабар олишдир. Бугун — эски, чанг босган, қадрдон альбомдаги дўстлар билан тушган суратларни очиб кўриш, тилаклар ва гўёки сирлар ёзилган эсдаликларни титкилаб, болаликка қайтиш, турмуш ташвишларидан андак чалғиб, азиз инсонлар билан суҳбат қуриш учун яхши баҳона. «Дарё» ҳам ушбу сана муносабати билан дунёнинг турли бурчаги ва юртимизда истиқомат қилаётган турфа инсонларнинг дўстлик ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Давут Гази Бенли, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси собиқ (2018–2020) матбуот котиби (Туркия, Анқара. 56 ёш)

Фото: Давут Гази Бенлининг шахсий архивидан

Инсонлар ичида энг яхшилари одамлар ва ўзи билан яхши муносабатда бўлганларидир, деган нақлга амал қилиб, сира иккиланмай айтаман: мен бу ҳаётда дўст орттириш учун яшайман. Дўстликни қийинчиликларга қарамай ўсишда давом этадиган чиғаноқ ичидаги марваридга қиёслайман. Она қорнида мўъжизавий шаклда катта бўладиган бола сингари дўст ҳам инсоннинг бир парчаси, ҳатто энг бефарқ одамнинг ҳам юрагида дўсти учун алоҳида жой бўлади. Одамзод тирик экан уни тушунишларини, суҳбат қуриш ва ичидагиларни тўкиб-сочишни, аммо бўлишганларидан айримлари сир бўлиб қолишини хоҳлайди. Албатта, ҳар қандай муносабатларда бўлгани сингари баъзида дўстдан ҳам куйиб қолиш мумкин. Инсон бор жойда, албатта, хиёнатлар бўлади. Сиз ишонган тоғларга қор ёғмайдими ҳеч? Хиёнатга дуч келганингизда Истанбулдаги Вефа (Вафо) деган жойни эсланг. Бизда бир дўст вафосиз чиқса, «Вафо тарихда қолди, вафо йўқ» дейилади. Унга хафа бўлмаслик, муаммо деб билмаслик, шунчаки унутиш керак. Яна «дўстнинг эскиси маъқул» деган гап ҳам бор. Мактаб, университетдаги даврларда энг яхши дўстлик муносабатлари ўрнатилади. Тан олиш керакки, ёш улғайгани сари инсон дўстларнинг янгисини топиши қийин бўлади. Катта ёшда орттирилган дўстлар ёшликдагичалик қадрли бўлмайди. Ўртоқ, ошна ҳамда танишларингиз кўп бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳар бирининг яқинлик даражаси турли ва бу йиллар давомидаги синалишлардан кейин маълум бўлиши мумкин. Ҳазрат Али (р.а)нинг машҳур сўзлари бор: «Сирингни дўстингга айтма, у ўз дўстига айтади». Сир беришингизга лойиқ бўлган дўст сизнинг табассумингиз ортидаги қайғуни, ғазабингиз ортидаги муҳаббатни, сукунатингиз сабабини сиз каби билсин. Яхши кунингизда атрофингизда ҳар ким бўлиши мумкин, аммо қийинчиликларда сизни ташлаб қўймайдиган дўст – ҳақиқийси. Йилига бир марта кўриша олмасам ҳам, дардлашадиган, дардимга дармон бўла оладиганларим кўп. Бундай дўстлар бир миллат, дин ва маданият вакили бўлиш шарт эмас. Соғиниш, вақти-вақти билан ҳол-аҳвол сўраш, биргаликда камдан кам бўлса ҳам, суҳбатлашиш, хайрлашаётганда кўзларнинг ёшга тўлиши — мана асосийси нима! Дўстнинг узоқ ёки яқинда экани эмас, минглаб километрларга қарамай, бир-бирини қўмсаши муҳим. Масофаларда катта фарқ бўлишига қарамай, қўмсашда давом этадиган бутун дунёдаги қадрли кишилар — дўстларимни Халқаро дўстлар куни билан табриклайман.

Нодира Исамуҳаммедова, Mentor Hub онлайн платформаси асосчиси (Канада, Торонто. 42 ёш)

Фото: Нодира Исамуҳамедованинг шахсий архивидан

Дўстлик — кўнглимизни ёритувчи қуёш, адашганимизда тўғри йўл кўрсатадиган юлдуз, яхши-ёмон, оқ-қора кунимиздаги йўлдошимиз бўлган ойдир. Менинг «мен»лигимни англашда, менинг «мен» бўлишимда дўстларимнинг роли беқиёс. Уларсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман – қаерда бўлмай, инсонлар билан суҳбатлашишга, дўстлашишга ҳаракат қилганман. Иложи бўлса, ҳамма билан дўст бўлардим, аммо дўстликнинг ривожланиши, униб-ўсиши учун икки тарафнинг бир-бири учун вақт ажратиши зарур, бунинг эса доим ҳам имкони йўқ. Инсонлар ҳаётида дўстларининг садоқатсизлигидан азият чекиши мумкин, аммо мен табиатан кечиримлиман. Инсон ожиз банда. Ҳамма ҳам хато қилади. Уларни тушунишга ва кечиришга доим тайёр бўлганман. Кечира олмаслик даражасида сизга ёмонлиги тегган бўлса ва бундан пушаймон бўлмаса, демак у дўст эмас. Дўстлар бир-бирининг тиканларини билган ҳолда атиргулларидан баҳраманд бўла оладилар. Синфдош дўстлар сенинг аслингни билувчилар бўлади, фикримча. Катта бўлиб, алоқалар узилса-да, уларни кўрганда яна болага айлангандек бўлади одам. Қизиғи, мен яшайдиган Канададаги мактабларда болалар ҳар йили турли синфларга қўйилади. Бу дегани Ўзбекистонга ўхшаб болалар синфдошлари билан 10-11 йил бирга таҳсил олмайди. Ўқувчиларнинг гуруҳ бўлиб айримларни камситиши, тарафкашликнинг олдини олиш ҳамда болаларнинг барча билан тез чиқишиб кетиши учун бу яхши, албатта, аммо иккинчи томондан бунда қалин дўст орттириш қийинлашади. Дўстликнинг униб, улғайиши учун, шубҳасиз, узоқ бирга вақт кечириш лозим. Кўп ҳолларда синфдошлар билан йўллар, қизиқишлар, дунёқараш, фикрлар айро тушади. Курсдошлар билан эса аксинча, фикрлар, қизиқишлар, касблар яқинлиги боис дўстлик ришталари боғланади. Менимча, энг яқин дўстлар айнан шу курсдошлар бўлса керак. Катта ёшда ҳам дўст орттириш мумкин ва зарур. Аммо таъкидлаганимдек, яқин дўст бўлиш, қалбан, яримта сўзданоқ бир-бирини тушуниш даражасига етиш учун вақт ва икки томонлама ҳаракат керак. Дўст вақт ва яхши-ёмон кунлар билан синалади. Сохта дўстлардан азият чекмаслик учун биров билиши керак бўлмаган сирларни ҳеч кимга айтмаслик, лекин ёрдамни ҳам аямаслик, яхшилик қилган одамдан жавоб кутмаслик керак. Бандаси билмаса, яратувчиси билади. Масофалар узоқ бўлса-да, ҳақиқий дўстларнинг юраклари, кўнгиллари яқин бўлади. Дўстларим билан анча муддатдан кейин кўришсак ҳам, худди вақт ўтмагандек, қолган жойдан гапимиз гапга қовушиб кетаверади. Қолаверса, ҳозир шукрки, мулоқот воситалари кўп, соғинч ҳовурини бироз бўлса-да босади. Ҳақиқий дўстлар бир-бирларини дуоларида эслашади. Фурсатдан фойдаланиб, мен кимнидир билиб ёки билмай хафа қилган бўлсам, кечиришларини сўрардим. Мени дуоларида эслаган дўстларим икки дунёда ҳам кам бўлмасин.

Жим Овенс, саёҳатчи (АҚШ, Вашингтон 80 ёш)

Фото: Жим Овенснинг шахсий архивидан

Дўстлик мен учун ҳаёт калити. Инсон дўстликдан таскин топиши, ўзини ҳимоялангандек ҳис қилиши ва қувончни туйиши мумкин. Дўстлик бу борича самимий ва очиқ бўлиш, сирларимизни ишониб бўлишиш демак. Қалбингиздагиларни тўкиб-сочишингиз мумкин бўлган ва ўзингизни ёлғиз ҳис эттирмайдиган, сизни муҳокама қилмасдан, борингизча қабул қиладиган, асосийси, инсон сифатида яхши кўрадиган инсон ҳақиқий дўстдир. Дўстсиз ҳаётда маъно йўқ. Инсон суҳбат билан бир-бирининг тафтини олмаса, дард ва қувончни баҳам кўрмаса, ғазабга тўла, ҳафсаласи пир бўлиб бораверади. Дўст-у биродарларсиз ҳаёт зерикарли, менимча. Ишончни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ вазиятлар кўп бўлгани учун аксарият кишилар сирлашишдан чўчийди. Аммо бу қанчалик ҳақиқат ва қийин бўлмасин, куч топиб, ишониш керак. Инсон бахтни ҳис қилиши, бунинг учун ҳамма вақт ҳамма нарсани ичида тутмаслиги керак. Икки хил тоифа — ҳамма билан дўст тутинадиган ва фақат саноқлилар билан яқин бўладиган кишилар бор. Биринчи тоифа инсонлар ҳаётига ранг берадиган кишилардир. Улар дўстлар билан ўзини хавфсиз ҳисоблайди. Иккинчи тоифа инсонлар эса сондан кўра сифатни маъқул билади ва яқин дўстлари саноқли бўлади. Улар қалбларига сокинлик бахш этадиган алоҳида кишилар билан ўзига хос боғлиқликларни ҳис қилади. Мен боримча очиқ бўла оладиган ва ёнида муғамбирлик қилишимга ҳожат бўлмайдиган саноқли дўстларни афзал биламан. Масофа шахсий муносабатларга тўсқинлик қилиши ва дўстлик ривожланишида хавфсиз муҳит бўлишига изн бериши мумкинлиги боис баъзида узоқдан туриб дўст тутиниш осон. Ўзбекистонда дўстларим кўплигининг сабабини мен узоқда эканим улар истаганларидек мулоқот қила олишлари, шунингдек, ҳеч қандай бажариши керак бўлган мажбуриятларсиз ўз ҳаётларини яшашлари мумкинлигида деб биламан. Сиз истаган саволларга жавоб беролдимми ёки йўқ, билмадим, аммо таъкидлаганларим сизга заррача бўлса ҳам, бирор нима берган бўлса, бундан жуда мамнунман.

Шоҳистахон Ибрагимова, уй бекаси (Ўзбекистон, Тошкент. 43 ёш)

Фото: Шоҳистахон Ибрагимованинг шахсий архивидан

Инсон ҳаётида дўстликдан-да яхшироқ нарса бўлмайди, уларни ишонч бирлаштириб туради. Ҳаётимда онамчалик ишониш мумкин бўлган дўстни учратмадим. Аччиқ ҳақиқат шуки, одамлар бугун манфаат сабаб яқин бўляпти. Шу сабаб инсон сирларини оила аъзолари ва турмуш ўртоғига айтиши керак. Сиз ишониб айтган сирларингизни бошқа одамдан эшитсангиз, билингки, дўст деб билганингиз сохта. Инсон қанчалик яхши бўлса ва яхшилик улашса, атрофида ҳам ўзи сингари қалби тоза инсонлар кўп бўлади.

Шерзод Маҳмудов, журналист (27 ёш)

Фото: Шерзод Маҳмудовнинг шахсий архивидан

Ҳаётда пул, обрў, мансаб каби ҳавойи, моддий қийматлар билан ўлчанмайдиган тушунчалар бор. Муҳаббат, оқибат, яхшилик, дўстлик... Дўстлик мен учун ҳамма нарса. Кишининг яқинлари кўп, аммо дўсти саноқли бўлади. Дўстингнинг кимлигига қараб, сен ҳақингда бирламчи тасаввур ҳосил қилишади. Ҳаётимда қиёматга қадар дўстларим борлигидан хурсандман. Тўғри, улар кўп эмас, аммо бор. Масалан, ҳаётимдаги энг оқибатли дўстим билан абитуриентлик пайтида танишганман. Талабаликка бўлган қувончли ва қайғули кунлардан иборат йўлни биргаликда босиб ўтганмиз. Бизни мана шу вазият бирлаштирди. Буни табиий қабул қиламан. Аммо дўстликда манфаат бўлишига қаршиман. Чунки туйғуларга ёлғон аралашади. Сендаги устун жиҳатдан ўз манфаати йўлида фойдаланиш у дўстлик эмас, шунчаки ҳамкорлик. Фурсати етса, ҳамкорлик тўхтайди. Ҳаётингизда манфаатларга қурилган ҳамкорликлар кўп бўлиши мумкин, аммо ҳеч бир тама, моддият кўзланмайдиган дўстлик абадий бўлади.

«Икки киши билган сир – сир эмас», дейилади бир фильмда. Масалан, менда оилам билан баҳам кўрадиган сирларим бор. Ҳаётимдаги айрим ҳолатларни уларга айтиш тўғри эмас. Шу билан бирга, дўстларнинг барчасига ҳам айтиб бўлмайди. Қаердадир ўқигандим: «Дўстингга сирингни айтма, чунки унинг ҳам дўсти бор». Тўғри фикр. Лекин энг яқин дўстингизга ҳаётингизда содир бўлаётган ўзгаришларни айтиш керак. Ундан маслаҳат оласиз, фикрларини тинглайсиз, масалага бошқа кўз билан қарайсиз. Асосийси, сизни қийнаётган, елкангизни оғир юкдек босиб турган муаммоларингизни оз бўлса-да, аритишга ёрдам беради. Чунки ҳақиқий дўстингиз билан сизни руҳият бирлаштиради, янада яқинлаштиради. У сиз нимани ёқтиришингиз, нимани ёқтирмаслигингизни яхши билади. Сизга руҳияти яқин дўстингиз бўлса, сирларингизни бемалол ўртоқлашсангиз бўлади. Юқорида айтганимдек, жисман икки кишидирсиз, аммо руҳан якдилсиз. Ҳақиқий дўстни сохтасидан ажратиш жуда ҳам осон, аммо жуда қийин иш. Чин дўст сизни доим ҳимоя қилади. Айниқса, бирор-бир даврада сиз йўқ бўлсангиз-у, у ердагилар сизни ёмонлаётган бўлса, «Фалончи ҳозир йўқ-ку! Ёнини олганимни барибир кўрмайди! Ундан кўра индамайман», демайди. У сизни сиз бор пайтда ҳам, йўқ эканингизда ҳам ҳимоя қилади. Манфаат изламайди. Оғир кунингизда ёнингизда бўлади.

Отам айтади: «Яқинларингнинг тўйига бормасанг борма, аммо таъзиясида ёнида бўл». Чунки қувончингизга ҳамма шерик бўлиши мумкин. Бахтли кунингизда кимдир самимий хурсанд, кимдир эса ҳасад қилади. Сиз у пайтда бир дунё яқинларингиз даврасида кимгадир эҳтиёж сезишингиз қийин. Бу жараён умрингиз мобайнида кечади. Шунинг учун ҳам дўстнинг чин ва сохтасини ажратиш осон ҳамда машаққатлидир. Деярли ўчиб қолган чўғга озгина тутантириқ ташласангиз, озроқ тутайди-ю, бирдан ёниб кетади. Фақат уни қўллаб-қувватлаб, майда шохлар, унинг устига йирик ўтинлар ташламасангиз, тез ёниб, тез ўчади. Дўстлик ҳам шундай. Агар узоқ вақт кўришмай, гаплашмасангиз, муносабат тезда қовушмайди. Кейин эса бирдан ўтган кунлар, шўхликларни ёдга оласиз. Яна эски вақтга қайтасиз. Аммо суҳбат қуриш ва дийдорлашиб туриш яна узоқ вақтга чўзилса, муносабат издан чиқади. Ўтган кунларни эслаб юраверасиз. Аммо чин дўстлар қандайдир кутилмаган сабаб бўлмаса, доимо бир-бирининг ҳолидан хабар олади. Масофа узоқ бўлса-да, бунга имкон топади. Айниқса, бизнинг асримизда. Ҳозир атрофимдаги дўстлар бир неча йиллардан кейин ҳам ёнингизда бўлишига қанчалик ишонасиз, деган саволга «Буни фақат Аллоҳ билади», деб жавоб бераман. Ишонишга келсак, Ўзидан энг хайрлисини сўрайман. Муҳими, бизни ва яқинларимизни тўғри йўл адаштирмаса, муносабатларимизга моддият, турли ихтилофлар, феълимиздаги ижобий сифатларни салбийсига аралаштирмаса, яхшиликни умид қилиш мумкин.

Зиёда Рамазонова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси (19 ёш)

Фото: Зиёда Рамазонованинг шахсий архивидан

Дўстлик бу одамнинг ўзига ўхшаган бир олам. Дўстларим кўп, сирлашишим мумкин бўлган инсонлар кам. Кишиларни кўпинча вазиятлар бирлаштириб туради. Ёнингиздаги инсонга сиздан яхшироқ муқобил бўлмагани учун дўст бўлишингиз, сиздан яхшиси чиққанда эса унутилишингиз мумкин. Сохта ва чин дўстни кўзлари, сўзларидаги самимиятдан билса бўлади. Чин дўстим йўқ ва бунга бир томондан ўзимнинг ҳам тортинчоқлигим, ичимдагини топ эканим сабаб деб ўйлайман.

Гулираъно Мусаева суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар