• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

9 июнь куни Самарқанд халқаро аэропортида Air Astana авиакомпаниясининг Олмаота—Самарқанд—Олмаота йўналишидаги биринчи авиақатнови йўловчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Uzbekistan Airports

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан КС121 рақами остидаги рейс билан учган Airbus А321 русумли самолёт Тошкент вақти билан 16:15 да Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнган. Анъанага мувофиқ, ҳаво кемаси ўт ўчириш машиналари ёрдамида ҳосил қилинган сунъий сув аркаси тагидан ўтиб, тўхташ жойига келган.

Тадбирда Қозоғистоннинг Самарқанддаги Бош консулхонаси ва Air Astana авиакомпанияси вакиллари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят туризм ва спорт бошқармаси масъуллари, журналистлар иштирок этган.

Фото: Uzbekistan Airports

Унда Қозоғистоннинг Самарқанддаги консули Арсен Абдраҳманов ва вилоят ҳокими ўринбосари, туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев иштирокида рамзий йўл лентасини кесиш маросими бўлиб ўтган. Сўзга чиққанлар янги авиайўналиш икки давлат ва қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаган. Шундан сўнг тадбир ташкилотчилари томонидан ҳаво кемаси экипажига эсдалик совғалар топширилган.

Маълумот учун, 2021 йил 8 июнь куни Uzbekistan Airways АЖ томонидан Самарқанд—Олмаота—Самарқанд йўналишида йўлга қўйилган авиақатновнинг биринчиси амалга оширилган эди. Миллий авиакомпания томонидан Қозоғистонга ҳафтанинг ҳар сешанба ва шанба кунлари парвоз амалга оширилмоқда. Air Astana авиакомпанияси эса ҳафтанинг ҳар чоршанба ва якшанба кунлари ўз рейсларини амалга оширишни режалаштирган.

Шунингдек, Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, 11 июнь куни Turkish Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт Истанбулдан Урганчга илк парвозни амалга оширган.

Фото: Транспорт вазирлиги

Маълум қилинишича, соат 07:50 да «Турк ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Airbus А-320 ҳаво кемаси Урганч халқаро аэропортига келиб қўнган. Аваиакомпаниянинг Истанбул—Урганч— Истанбул йўналиши бўйича илк парвози тантали равишда кутиб олинган. Ушбу йўналишда парвозлар ҳафтада бир маротаба, жума куни амалга оширилади.

Фото: Транспорт вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, Turkish Airlines авиакомпанияси 8 июнь куни Истанбул—Фарғона—Истанбул йўналишида ҳам илк қатновни амалга оширган эди. Ушбу йўналишдаги авиақатновлар ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Ўхшаш янгиликлар