• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +17°C
Detail image

Россия Қуролли кучларининг шимолий флоти Арктика экспедиция гуруҳи билан кенг кўламли ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу ҳақда флот матбуот хизматига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

«Машғулотларда иштирок этиш учун 1200 нафаргача шахсий таркиб, 140 га яқин ҳарбий ва махсус техника, 20 тагача учувчи аппарат, 30 тагача кема, сув ости кемалари ва ёрдамчи кемалар жалб этилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, манёврлар учун Арктика экспедиция гуруҳи тузилган. Шимолий флот кучларининг асосий амалиётлари Баренс сув майдонида ўтказилади. Машғулотларда денгиз полигонлари билан бир қаторда, Мурманск вилоятидаги қирғоқ полигонлари ҳам иштирок этади.

Хабарда айтилишича, машғулотлар Шимолий флот қўмондони, адмирал Александр Моисеев бошчилигида Россия Қуролли кучларининг 2022 йилга мўлжалланган тайёргарлик режасига мувофиқ ўтказилмоқда.

«Машқ давомида флотнинг ҳарбий қўмондонлик даражаси, назорат органларининг Шимолий Муз океани минтақасида инқирозли вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатларни режалаштириш ва ўтказиш, ҳарбий хавфсизлик ва денгиз иқтисодий фаолиятини таъминлаш муаммоларини ҳал қилиш доирасида кучлар ва қўшинларни бошқариш бўйича тайёргарлик даражаси баҳоланади», — дейилади Шимолий флот хабарида.

Шунингдек, ўқув машғулотлари давомида Арктикада қўшма ўқув ва жанговар топшириқларни бажаришда кемаларнинг тактик гуруҳлари, қирғоқ қўшинлари бўлинмалари ҳаракатларининг мувофиқлиги текширилади; Арктика ҳудудида ҳарбий-денгиз кучларининг жанговар ва ҳарбий амалиётларини ўтказишнинг тактикаси ва усуллари ишлаб чиқилади.

«Шимолий флот ҳарбий хизматчилари Шимолий денгиз йўли коммуникацияларини, Шимолий флот гарнизонларини ҳимоя қилиш масалаларини ишлаб чиқади, шартли террорчилик гуруҳларига қарши курашиш, уларни блоклаш ва йўқ қилиш бўйича машғулотлар ўтказади», — дея қўшимча қилди флот матбуот хизмати.

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, Шимолий флот кучларининг Баренс сув майдонида олиб бориладиган асосий амалиётларда «Адмирал Горшков» бошқарилувчи ракета фрегати («Циркон» гипертовушли ракетаси синовларида қатнашади), сув ости кемасига қарши «Североморск» катта кемаси, «Иван Грен» йирик десант кемаси, сувости кемалари, ёрдамчи кемалар, шунингдек, самолётлар ва вертолётлар Шимолий флотнинг ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси армияси иштирок этади.

20 январь куни Россия Мудофаа вазирлиги 140 дан ортиқ кемалар, 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирокида Россия ҳарбий-денгиз флотининг бир қатор манёврлари бошланганини хабар қилди.

Ҳарбийларнинг маълум қилишича, Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Николай Евменовнинг умумий назорати остида ўтказиладиган машғулотлар Россия ҳудудига туташ денгизлар сувларини, шунингдек, океанларнинг оператив жиҳатдан муҳим ҳудудларини қамраб олади. Ўрта Ер денгизи, Шимолий, Охот денгизлари сувларида, Атлантика океанининг шимоли-шарқий қисмида ва Тинч океанида алоҳида машғулотлар ўтказилади.

24 январь куни Болтиқ флотининг 20 га яқин ҳарбий кемалари, катер ва ёрдамчи кемалари машғулотлар учун денгизга жўнаб кетди. Уларга самолёт ва вертолётлар ҳамроҳлик қилмоқда.

25 январь куни Россиянинг Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округлари бўлинмаларни полигонларга, шу жумладан масофавий қисмларга қайта жойлаштириш билан қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини текшириш бошлангани тўғрисида хабар берди.

Россия ва НАТО муносабатларидаги инқироз фонида бошланган текширув округларнинг расмий ҳисоботларида «режалаштирилган текширувлар» деб аталмоқда.

Аввалроқ Россия—Беларусь ҳарбийлари ўртасидаги қўшма ўқув машғулотлар 2022 йилнинг февралида ўтказилиши тўғрисида хабар берилганди. 18 январь куни Россия Қуролли Кучларининг «Иттифоқчилик жасорати» қўшма ўқув машғулотларида иштирок этадиган илк бўлинмалари Беларусга етиб келди.

Шунингдек, Conflict Intelligence Team тергов гуруҳи россиялик десантчилар Украина чегараси яқинига ташланаётганини хабар қилди.

Ўхшаш янгиликлар