• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +21.1°C
Detail image

Франциянинг Renault гуруҳи Россия активлари давлат мулкига ўтади, деб ёзади Meduza Россия савдо-саноат вазирлигига таяниб.

Фото: «РИА Новости»

«АвтоВАЗ» концерни акцияларининг Renault гуруҳи эгалик қилган 67,69 фоизи Илмий-тадқиқот автомобиль ва автомотор институтига, «Рено Россия»нинг 100 фоиз акциялари эса Москва ҳукуматига ўтади. «АвтоВАЗ»нинг қолган акцияларини «Ростех» давлат корпорацияси ўзида сақлаб қолади.

«Олди-сотди келишувининг муҳим шарти шундан иборат бўлдики, Renault ўзининг ‘АвтоВАЗъдаги улушини келаси олти йил давомида қайта сотиб олиши мумкин. Иккала олди-сотди ҳам Федерал антимонополия хизмати томонидан маъқулланди», — дейилади Савдо-саноат вазирлиги хабарида.

Вазирлик қўшимча қилишича, «АвтоВАЗ» Россияда Renault автомобилларига сервис хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади ва ўз заводларида Lada автомобилларининг бутун линейкасини чиқаришда давом этади.

«Биз мураккаб, бироқ зарур қарорни қабул қилдик ва Россиядаги 45 минг нафар ходимларимизга нисбатан масъулиятли танловни амалга оширяпмиз, айни пайтда гуруҳнинг самарадорлигини ва бизнинг ушбу мамлакатга келажакда қайтиб келиш имкониятимизни сақлаб қоляпмиз», — дея изоҳлади олди-сотдини Renault Group бош директори Лука де Мео.

Ўз навбатида Москва мери Сергей Собянин эълон қилишича, шаҳар ҳукумати Москвадаги «Рено» заводида «Москвич» бренди остида енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйишга, шунингдек, корхона коллективининг катта қисмини сақлаб қолишга қарор қилган.

«Қайта  тикланган ‘Москвич’ автомобиль заводининг асосий технологик шериги ‘КамАЗ’ бўлади. Биринчи босқичда ички ёнув двигателига эга классик автомобилларни, истиқболда эса — электромобилларни ҳам ишлаб чиқариш ташкиллаштирилади», — деб маълум қилди мер ўз блогида.

Олди-сотди суммаси ошкор этилмаяпти. Ўз пресс-релизида Renault Group 2021 йил охири ҳолатига гуруҳнинг Россиядаги активлари қиймати 2,195 миллион еврони ташкил этганини маълум қилди.

23 мартдан Renault ўзининг Москвадаги йўлтанламас моделлар линейкаси чиқариладиган йиғув заводидаги ишини тўхтатган ва «жорий вазиятни ҳисобга олиб, мавжуд вариантларни баҳолаётгани»ни айтганди. Renault ўзининг «АвтоВАЗ»даги улушини сотмоқчилиги 22 апрелда маълум бўлганди.

Ўхшаш янгиликлар