• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +13.2°C
Detail image

Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлашдаги муаммолар – сотилаётган ҳайдовчилик гувоҳномалари, сўконғич инструкторлар, кўпайиб кетаётган малакасиз ҳайдовчилар ҳақида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти раҳбари Ҳусан Ботиров «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовнинг саволларига жавоб берди.

Суҳбат давомида Ҳусан Ботиров пулга сотилаётган «права»лар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, кимдир иши, ўқиши ёки бошқа сабабларга боғлиқ ҳолда автомактабда ўқимай «Мана, сизга ўша ўқишга кетадиган маблағ, имтиҳондан ўтказиб берсангиз бўлди», деб мурожаат қиладиганлар борлигини таъкидлаб ўтди.

«Буни юртимизда кўпчилик билади. Биринчиси, бу автомактабларнинг шахсий манфаати – тезкорлик билан катта даромадни қўлга киритиш. Мана, ўзимиздан қиёслаб айтаман, ‘Ватанпарвар’ ташкилотида ҳам баъзи бир жойларида учраб туради. Энди, ўзингиз тушунасиз, барибир ишлаб топиш осон эмас, ишлаб топиш учун ҳаракат қилиш керак, бунинг учун қандайдир режа бўлиш керак. Мен ҳам ташкилотга келганимдан сўнг оддий бир масалани қўйдим:менга ташкилотни ҳеч бўлмаса яқин беш йилликдаги кўрсаткичларини бир кўрсатинглар, дедим. Шу кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кейин ҳамкасбларим, муовинларим билан маслаҳат қилдик ва демак, буларга қайсидир маънода режа белгилаб беришимиз керакдир. Булар нимагадир интилиб ҳаракат қилиши керак-ку. Даромадга кириб, ташкилотининг ҳолатини сақлаб туриши учун, янги шароит яратиш учун. Янги автомобиллар оламан, деса мана шу вақтда битта муаммо келиб чиқади – хусусий мактаблар ва бошқа автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлайдиган ташкилотлар билан рақобатда энг асосийси ўқувчини йўқотиб қўймаслик. Ўқувчи мен банд эдим, дарсга келишга имконим бўлмай қолиши мумкин, деса, ўша ўқув муассасаси шунга рози бўлади. Энг асосийси, пулини тўласин, қандай бўлмасин, шу тушум бўлсин», – дейди «Ватанпарвар» раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, 2021 йилнинг ўтган ўн ойи давомида «Ватанпарвар» қошидаги бўлимларда пул эвазига гувоҳнома сотилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушмаган.

«Тўғрисини айтсам, ишга илк келган вақтимда иккита хунук ҳолат бўлди. Жудаям афсус билан қабул қилдим. Биринчиси, «Ватанпарвар» ташкилотида ҳам бор экан. Демоқчиманки, Миробод туманидаги ўқув спорт техника клубимиз раҳбари бир фуқарога ўқишга қатнашмасдан гувоҳнома олишга ёрдам қилиш эвазига маълум миқдорда пул олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Иккинчиси эса Юнусобод туманидаги спорт марказимиз бор: марказ тасарруфида автомототранспорт ҳайдовчиларни тайёрлаш мактаби бор у ерда ҳам. Шу ерда раҳбарнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари худди шундай ҳолатда шу сабабларга кўра қўлга олинганини гувоҳи бўлдик. Жойларда бундай ҳолатлар тўлиқ барҳам берилган, деб айтишга менда ҳозир юз фоиз кафолат ёки асос йўқ. Фақатгина ўқиш жараёнларидан норози бўлиб, битта-иккита мурожаат қилган фуқароларимиз бор. Яъни ўқувчи учун ташкил этилиши керак бўлган автомобилларни бошқариш ва амалий машғулотларига кўпроқ норозиликлар бўлади», – деди Ҳусан Ботиров.

Маълумот учун, Мудофаа вазирлигига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан Ўзбекистонда ҳар йили автомототранспорт ҳайдовчиларининг 50 фоизи, тахминан, 300 мингга яқин ҳайдовчи тайёрланади.

Ўхшаш янгиликлар