• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги норозилик намойишларидан кейин биринчи марта халққа мурожаати билан чиқди. Унинг нутқи Қозоғистон президенти сайтида эълон қилинган.

Фото: «Элбасй.кз»

Назарбоевнинг таъкидлашича, Қозоғистонда бўлиб ўтган тартибсизликлардан мақсад «мамлакат яхлитлиги ва давлат асосларини бузиш» бўлган. У Қозоғистон мустақиллигини «кўз қорачиғидек» асрашга чақирди ва тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Бўлиб ўтган фожиа барчамиз учун сабоқ бўлди. Бу бузғунчилик ва қотилликлар ортида ким турганини аниқлаш зарур. Ушбу саволга терговдан жавоб оламиз», — деди у.

Шунингдек, Назарбоев мамлакатни тарк этгани ва Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари ваколатларидан маҳрум этилгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.

«Менга келиб тушган кўплаб мурожаатлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарлар муносабати билан шуни маълум қиламанки, мен 2019 йилда президентлик ваколатларини Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширганман ва ўшандан бери пенсионерман, ҳозир эса Қозоғистон пойтахтида муносиб дам оляпман, ҳеч қаерга кетганим йўқ.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тўлиқ ваколатга эга. У Хавфсизлик Кенгашининг раиси. Тез орада президент «Нур Отан» партиясининг раиси этиб сайланади. Шунинг учун элита орасида ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиз.

30 йил давомида ватанимиз учун тиним билмай меҳнат қилганим ҳаммага аён. Юрт чегараларини мустаҳкамладик, изчил ислоҳотларни амалга оширдик. Биргаликда мустақил Қозоғистонни барпо этдик, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда юксак натижаларга эришдик, нафақат Марказий Осиёда, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстилигида ҳам кўп жиҳатдан етакчи бўлдик. Мамлакатдаги барқарорлик ва осойишталик менинг доимий мақсадим бўлган», — деди Назарбоев ўз нутқида.

У амалдаги президент Тўқаев халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган янги ислоҳотлар дастурини илгари сураётгани, ушбу дастурни қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

Назарбоев ўзи давлат раҳбари бўлган пайтда олиб борган ислоҳот ва модернизация ишларини қўллаб-қувватлагани учун Қозоғистон халқига ташаккур айтиб нутқини якунлади.

Хабар тўлдирилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар