• 10657.35
  • 12572.48
  • 143.91
weather Тошкент: +27.9°C
Detail image

Туркия президенти Ражаб Эрдўғон Озарбайжонда Туркия ҳарбий базаси яратилиши мумкинлигини истисно қилмади. Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида имзоланган Шуша декларацияси ушбу имкониятни тўсмайди, деб ёзади «РБК».

Фото: AP Photo

Эрдўғон Бокуга ташрифи чоғида журналистлар билан суҳбатлашди. Саволлардан бири Озарбайжон жамиятида Туркия ҳарбий базасига жиддий талаб борлиги ҳақидаги баёнот билан бошланди. «Ушбу янги шартнома доирасида ҳарбий база ташкил этилиши мумкинми? Шушада имзоланган декларация ҳарбий базани назарда тутадими?», — деб сўради журналист.

«База яратиш Шуша келишуви бандларидан четда қолмаган. Ушбу масала янада ривожлантирилиши мумкин. Ҳозир асосий вазифа чегараларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида ўтказиладиган, шунингдек, биз ўтказаётган  музокаралар ушбу мавзуни ривожлантириши мумкин», —  деди Эрдўғон.

15 июнь куни  Ражаб Эрдўғон ва Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғнинг Шуша шаҳрида ўзаро иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди.  Ҳужжатда келтирилган қоидалар қаторида Озарбайжоннинг Нахичеван вилоятини мамлакатнинг қолган қисми билан (Арманистоннинг Сюник вилояти орқали) боғлаши керак бўлган Зангезур йўлагининг очилиши ҳам бор.

Бундан ташқари, Эрдўғон Шушада Туркиянинг бош консуллигини очиш нияти борлигини маълум қилди.

Шуша — Тоғли Қорабоғдаги энг йирик аҳоли пунктларидан бири. Унинг Озарбайжон армияси томонидан қайтариб олиниши 2020 йил кузидаги қуролли тўқнашувнинг муҳим воқеалардан бири бўлди. 2021 йил май ойида Алиев расмий равишда Шушани мамлакатнинг маданий пойтахти деб эълон қилганди.

2020 йилнинг сентябрь ойи охирида Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон давлатлари ўртасида қуролли низо келиб чиққан эди. 2020 йилнинг 10 ноябрида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги уч томонлама келишув имзоланиши билан низолар якунига етди.

Келишувга мувофиқ Тоғли Қорабоғнинг муҳим қисми Озарбайжон ҳарбийлари назорати остига ўтди ва тинчлик шартномасига риоя этилишини назорат қилиш Россия тинчликпарвар кучларига топширилди. Қўшма кузатув маркази ишида бир неча ўнлаб туркиялик ҳарбийлар ҳам иштирок этмоқда. Илҳом Алиев Озарбайжонга тажовуз қилинса, Туркиядан ҳарбий ёрдам сўрашга тайёрлигини маълум қилган.

Ўхшаш янгиликлар