Помидор нафақат мазали, балки бир қанча фойдали хусусиятларга эга маҳсулот. «Новий очаг» нашри нима учун помидорни хомлигича эмас, балки пиширилган ҳолда истеъмол қилиш фойдали эканини маълум қилди.
Помидор юрак-қон томир саломатлигини яхшилайди
Помидорнинг асосий хусусияти биринчи ўринда ликопен деб аталадиган моддасидадир. Бу помидорга қизил ранг берадиган табиий антиоксидант ҳисобланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ликопен юрак-қон томир тизимига бир неча жиҳатдан таъсир қилади. Улар қуйидагилар:
- қон босимини назорат қилиш;
- атеросклерознинг олдини олиш;
- ёмон холестеринни камайтириш;
- хавфли триглицеридларни камайтириш;
- яхши холестерин синтезини тезлаштириш.
Олимлар ҳафтасига икки марта ёки ундан кўп пицца истеъмол қиладиган эркакларда простата саратони ривожланиш хавфи 23 фоизга кам бўлишини аниқлади. Мутахассисларнинг фикрича, бу пицца таркибига кирувчи помидор соусидаги ликопен билан боғлиқ. Ўшандан кейин помидорни истеъмол қилиш ва тухумдонлар, ошқозон, ошқозон ости бези ва простата саратони хавфини камайтириш ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган бир қатор тадқиқотлар олиб борилди.
Помидор витамин ва минералларга бой
Помидор кўпчиликда етишмайдиган C витамини ва калийнинг ажойиб манбаидир. Қизиғи шундаки, помидор пюреси бутун мевага қараганда икки баравар кўп калийга эга, томат пастасида эса пюрега қараганда икки баравар кўп калий мавжуд. Шунингдек, салат шаклида истеъмол қилинадиган тўғралган помидорлар ҳам жуда яхши: ўрта катталикдаги мевада 292, ўрта катталикдаги бананда эса 422 миллиграмм калий бор.
Помидор қандли диабетнинг салбий таъсирини камайтиришга ёрдам беради
Сабзавот ва мевалар қандли диабетга чалинган одамларнинг ратционида бўлиши керак, аммо тадқиқотлар шуни кўрсатдики, улар орасида помидор алоҳида ўрин тутади. Олимлар помидорнинг стрессини камайтириши, яллиғланишни бартараф этиши, атеросклероз ва қандли диабет туфайли келиб чиққан тўқималарнинг шикастланишига қарши курашишини аниқлади. Албатта, бир нечта помидор шакар даражасини дарҳол камайтирмайди, аммо узоқ муддат давомида помидор истеъмолининг ҳимоя хусусиятларини ортиқча баҳолаб бўлмайди.
Помидорлар ичаклар фаолиятига ёрдам беради
Кўпгина сабзавотлар сингари помидор ҳам клетчатканинг яхши манбаи ҳисобланади — битта ўртача помидорда тахминан 1,5 грамм мавжуд. Клетчатка овқатни ҳазм қилиш тизими орқали ўтказишга ёрдам беради. Агар ичаклари фаолияти суст бўлса, сабзавотли салат унга ёрдам беради. Помидорлар узоқ вақт давомида тўқлик ҳиссини пайдо қилади, бу эса вазн камайтиришни истаганлар учун айни муддао.
Помидорлар терини ҳимоя қила олади
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, помидорни истеъмол қилиш терига ультрабинафша нурлар таъсирини ва қуёш куйдириши хавфини камайтириши мумкин. Олимларнинг фикрича, бу помидор таркибидаги каротиноидларнинг кўплиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Албатта, кечки овқат учун помидор салатини истеъмол қилиш қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланмасликни англатмайди. Кўчага чиққанда камида 30 SPF бўлган қуёшдан ҳимояловчи крем суртиш тавсия этилади.
Помидор кўриш қобилиятини яхшилайди
Олимлар ликопенга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиш ёшга боғлиқ катаракта ривожланиш хавфини камайтиришини исботлади. Помидорни бир жуфт тухум ва яшил баргли сабзавотлар билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Улар лутеин ва зеаксантин, кўз саломатлиги учун муҳим бўлган яна иккита каротеноидга бой.
Максимал фойда олиш учун помидорни қандай истеъмол қилиш керак?
Янги помидор ажойиб, лекин пиширилганда ликопен кўпроқ чиқарилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 100 грамм янги помидорда 2,6 мг ликопен, 100 грамм томат пастасида эса 15 мг ни ташкил қилади. Қолаверса, помидорларни соғлом ёғлар билан пишириш унинг фойдасини 4 баравар ошириши мумкин.
Ликопеннинг тавсия этилган суткалик дозаси ҳали мавжуд эмас. Бироқ ҳозирги илмий тадқиқотларга кўра, у 8 дан 21 мг гача болиши мумкин.
Кимларга помидор истеъмол қилиш мумкин эмас?
Помидорнинг ёрқин ранги аллергик реакцияга олиб келиши мумкин. Шунингдек қуйидаги ҳолатларда ҳам уни истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим:
- ўт пуфаги билан боғлиқ муаммоларда;
- буйрак касаллигида (тош ҳосил бўлиш хавфи мавжуд).
- панкреатит;
- ошқозон-ичак тракти касалликлари;
- бўғимлар касалликлари;
- гипертония.
Мавзуга доир: