• 10507.46
  • 12586.89
  • 136.97
weather Тошкент: +16.6°C
Detail image

Ўзбекистон ва дунёнинг турли бурчагида 7 апрель куни олинган суратларни намойиш қиламиз.

Паркент туманидаги ошхона ичидан ташқарига қараб турган ишчи. Ошхона эшигига кабоб учун тайёр гўштлар сотилиши ҳақида эълон жойлаштирилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Буюк Британиянинг Уимборн-Минстер шаҳарчаси котиби сержант Крис Браун фахрий фуқаро сифатида шаҳар модели орқали анъанага кўра қўй билан сайр қилди ва 12 апрелдан бошлаб коронавирус сабаб ўрнатилган чекловлар юмшатилишини эълон қилди.

Фото: PA

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги «Қўшарча» маҳалласи фуқаролари тоғ ёнбағирлари орасидан келувчи ичимлик сувини олиш учун эшакда келмоқда. Одамлар маҳалладан ичимлик суви оқиб турадиган жойгача бўлган 2 км масофани лой йўллар орқали босиб ўтади.

Фото: «Дарё» / Мусулмонбек Иброҳимов

Франциянинг Вувре узумзорида фермер ҳосилни совуқ уришидан ҳимоя қилиш учун далада сомон тўпламини ёқмоқда.

Фото: Getty Images

Фаластинлик аёл Ғазодаги аш-Шифа касалхонасининг COVID-19 интенсив терапия бўлимида ётган эрини кутмоқда.

Фото: AFP

Буюк Британиянинг Блайз шаҳрида тонгда Нортамберленддаги пляж уйчалари ёнидан ити билан ўтаётган аёл.

Фото: PA

Лондондаги Barclays офислари олдидаги намойишдан сўнг полиция машинасида ўтирган Extinction Rebellion ҳаракати қатнашчилари.

Фото: Reuters

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 5-турида «Навбаҳор» Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасини қабул қилиб, 1:2 ҳисобида ютқазди. Республика махсус комиссиясининг қарори билан оммавий тадбирлар, хусусан, футбол учрашувларида томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик белгиланган бўлса-да стадион мухлислар билан деярли тўлди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акромов

Мексика аҳолиси анъанавий карнавални нишонламоқда. Фестивалда бир гуруҳ одамлар ниқобланган ҳолда кўчаларда рақсга тушади.

Фото: Shutterstock

Филиппин пойтахти Манилада коронавирус пандемиясида ишсизлар учун ажратилган нақд пулни олаётган аҳоли вакили бунинг тасдиғи сифатида суратга тушмоқда.

Фото: Getty Images

Christie’s ким ошди савдоси уйида Наполеон Бонапартнинг асраб олган қизи Баден герцогиняси Стефани де Богерненинг олмос тожи намойиш этилди.

Фото: «ТАСС»

Индонезиянинг Жакарта шаҳрида COVID-19 пандемияси фонида мактаблар қайта очилгандан сўнг юзига ниқоб ва пластик ҳимоя воситаси кийиб, дарсда қатнашаётган бошланғич синф ўқувчилари.

Фото: Reuters

Англиянинг Уипсней шаҳридаги ҳайвонот боғида қўнғир айиқлар қиш уйқусидан уйғонди. Қўнғир айиқ октябрь—ноябрда дарахтлар коваги, тошларнинг остидаги коваклар, табиий чуқур жойлар ёки ўзи қазиган инига тушиб, қишки уйқуга кетади. Март—апрель ойларида улар уйқудан уйғонади.

Фото: «ТАСС»

Флоридадаги FEMA вакцинация марказида Лин Монтенегро исмли аёл коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан эмланмоқда.

Фото: AP Photo

Қўқон шаҳри ҳокими Маъруфжон Усмонов ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаронинг ҳолидан хабар олиб, қурилиш ишларида иштирок этди. Ҳокимнинг ўзи қурилаётган бинонинг 2—3 қават ғиштини терган.

Фото: «Дарё» / Азизжон Эрматов

Москвада саноат альпинисти Космонавтлар хиёбонидаги космосни забт этувчиларга бағишлаб ўрнатилган ёдгорликни босимли ювиш воситаси ёрдамида тозаламоқда.

Фото: Getty Images

Самарқанд вилояти Нуробод туманида яйлов ерларни камлигидан «норози бўлиб» ҳокимият биноси олдига йиғилган қўйлар. Таъкидланишича, Sp Luxe МЧЖ ва «Соҳибкор Ҳожиакбар» фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, унда 1450 бош майда шохли молни боқиш кўрсатилган бўлса-да, ушбу ер майдонида 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилгани «Қиличли» маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган. Шундан сўнг кластернинг 1450 бош қўйи маҳаллий аҳоли томонидан 6 апрель куни соат 16:00 ларда туман марказига ҳайдаб келинган.

Фото: Telegram

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчилари Хитой ҳукумати томонидан совға қилинган коронавирусга қарши Sinopharm вакцинасини Ғарбий Соҳилнинг Ҳалҳоул шаҳридаги мактабда эмлаш учун тайёрламоқда.

Фото: AFP

Тошкент метрополитенининг «Юнусобод» бекатида поезд келишини кутаётган йўловчи.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Таиландда тамаки баргларига асосланган COVID-19’га қарши вакцина ишлаб чиқариш жараёни.

Фото: EPA

Хитойнинг Наньтун шаҳридаги боғчада баҳор мавзусида расм чизаётган болалар.

Фото: Getty Images

Аввалги кунларнинг фотогалереялари:

Ўхшаш янгиликлар