• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2°C
Detail image

Мьянма суди мамлакатнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, 76 ёшли Аун Сан Су Чжини тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У ҳарбий тўнтаришдан сўнг ҳибсга олинганди, деб ёзади Meduza.

Фото: Reuters

Сиёсатчи иғво қўзғаш ва коронавирусга қарши чекловларни бузишда айбдор деб топилди. Ҳарбийлар назоратидаги ҳукумат вакилининг AFP’га айтишича, Аун Сан Су Чжи хонимга ҳар бир айблов юзасидан икки йиллик қамоқ жазоси берилган.

Мьянманинг собиқ президенти, давлат тўнтаришидан сўнг ҳокимиятдан четлатилган 70 ёшли Вин Мин ҳам тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Аун Сан Су Чжига нисбатан яна бир қанча айбловлар кўрсатилган, улар бўйича қамоқ жазосининг умумий муддати 100 йилдан ортиқ бўлиши мумкин. Мьянманинг собиқ президенти сингари давлат маслаҳатчисига ҳам янги айбловлар эълон қилиш режалаштирилмоқда.

Март ойида Аун Сан Су Чжи ноқонуний равишда 600 минг АҚШ доллари ва ундан бироз кўпроқ бўлган маблағга тенг олтинларни ўзлаштирганликда айбланганди.

Аун Сан Су Чжи 2016 йилдан бери давлат маслаҳатчиси сифатида амалда Мьянма ҳукуматини бошқариб келаётган эди. 2021 йил 1 февралда ҳарбийлар томонидан уюштирилган давлат тўнтаришидан сўнг у ҳибсга олинган.

Мьянмадаги давлат тўнтаришидан кейин ҳарбий хунтага қарши норозилик намойишлари бошланганди. Шу фонда янги ҳокимият мамлакатда интернетни деярли бутунлай узиб қўйди. Давлат тўнтаришидан сўнг мамлакатда 1300 га яқин одам ҳалок бўлди, яна 10 минг киши ҳибсга олинди.

Ўхшаш янгиликлар