• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +6°C
Detail image

Агар Киев сиёсий иродасини намоён қилса, Россия ва Украина музокараларни қайта бошлаши мумкин, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг қайд этишича, Украина ҳукумати Москванинг талабларини муҳокама қилишга тайёрлигини ҳам кўрсатиши керак.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Песковнинг сўзларига кўра, ҳозир «ҳеч қанақа музокараларнинг имкони йўқ, чунки улар Украина томонидан мутлақо рад этилмоқда». «Сиёсий ирода бўлиши керак, Россиянинг аллақачон маълум бўлган талабларини муҳокама қилишга шайлик бўлиши керак», — дея Кремль вакили аниқлик киритди пресс-колл чоғида.

Мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама музокаралар май ойида Киевнинг ташаббуси билан тўхтатилган эди. 4 ноябрь куни эса Украина президенти Владимир Зеленский Владимир Путин президентлиги остидаги Россия билан музокаралар олиб боришни тақиқловчи фармонни имзолади. 25 ноябрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Москва билан музокараларга қарши эмаслигини, бироқ Украинанинг ҳудудий яхлитлиги қайта тикланганидан кейингина бунинг имкони бўлишини айтди.

АҚШ эса Киевга Москвага нисбатан «ҳақиқатга яқинроқ талаблар» ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат бермоқда. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг жамоасига Москва билан музокаралар учун «ҳақиқатга яқин талаблар ва бирламчи вазифалар» ҳақида ўйлаб кўришни, шу жумладан, Киевнинг Қримни қайтариб олиш мақсадини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский ўзи учун Россия билан ярашув музокаралари имкониятини истисно қилмаётганини билдирганди. У 8 ноябрь куни Россия билан мулоқот бошлаш учун Украинанинг шартларини маълум қилганди. Улар эса Россияга қўшиб олинган ҳудудлар қайтарилган ҳолда Украина ҳудудий яхлитлигининг қайта тикланиши, БМТга ҳурмат, барча зарарларнинг қопланиши, ҳар битта ҳарбий жиноятчининг жазоланиши ва бу бошқа ҳеч қачон такрорланмаслигининг кафолатланишидан иборат эди.

Кейинроқ Зеленскийнинг Россия билан музокаралар учун шартлари ҳақидаги баёноти АҚШнинг «енгилгина турткиси» билан боғлиқ бўлгани ҳақида хабар берилди.

Ўхшаш янгиликлар