• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Баъзилар учун Салмон Хон — бу шунчаки бир чашка қаҳва устида ғийбат қилиш мумкин бўлган юлдузлардан бири. Бошқалар учун у итоаткор ўғил, ўз оиласини яхши кўрадиган ака ва амаки. Яна кимлар учундир ажойиб дўст, меценат ва мураббий. Фильмлари муваффақиятидан завқланадиган ва камбағалларга, болаларга ёрдам берадиган актёр. Bollywoodtime нашри Салмон Хоннинг кинодаги илк қадамлари, Болливудга қандай кириб келгани ва карьераси қандай бошлангани ҳақида маълумот беради. Ишонинг, бу жуда қизиқ воқеа.

Фото: Bollywoodtime

Коллеждан ҳайдалгандан сўнг, Салмон Хон моделлик билан шуғулланишга ва фильмларда карьерасини бошлашга қарор қилади (шубҳасиз, отаси Салим Хоннинг муваффақиятли карьераси таъсир қилган, у таниқли сценарий муаллифи бўлган ва бир нечта супер ҳитларни ёзган, масалан, «Девор», «Қасос ва қонун», «Мафия бошлиғи Дон» каби). Аммо 1988 йилда кино соҳасига қадам қўйганида, отаси уни умуман қўллаб-қувватламайди.

Фото: Bollywoodtime

Амакиси Носир Ҳусайн ёрдамида кинога кириб келган Амир Хон, отаси Ражендра Кумар қўллаши туфайли «Севги тарихи» фильмида роль ўйнаган Кумар Гаурав ёки отаси Сунил Датт ўғли учун қўлидан келганини қилган Санжай Датт каби машҳур болалардан фарқли ўлароқ Салмон Хоннинг отаси фильмда рол олиш учун унинг исмидан фойдаланишни қатъиян ман қилади. Салмон отасининг ёрдамисиз қолади ва ўзининг тан олишича, «Ошиқ бўлдим» фильмининг катта муваффақиятидан кейин ҳам у бир неча ой ишсиз уйда ўтиради.

Фото: Bollywoodtime

Айтиш мумкинки, Салмон Хоннинг актёр сифатида очилишига реклама оламида жуда таниқли шахс Каилаш Сурендранатҳ сабабчи бўлган. У буни  шундай эслайди: «Бир куни элита клубининг бассейнларидан бирида дўстимнинг қизи Арти чиройли йигитни кўриб қолади — ундан кўз узиб бўлмасди. Салмон 15 йилдан бери сузиш билан шуғуллангани туфайли ўзини сувдаги балиқдек ҳис қиларди. У бир шўнғиганда, ҳовузнинг нариги томонидан чиқарди.

Фото: Bollywoodtime

Арти буни кўргач, Андаман оролларида реклама суратга олаётганим эсига тушади. Бизда ҳамма нарса тайёр эди. Мен аллақачон Сунил Нисколни (актёр Навин Нисколнинг укаси) ва Ванесса исмли моделни танлаб қўйгандим. Эсимда Арти кўзлари ёниб ёнимга югуриб келди ва сув остида дельфиндек сузаётган эпчил сузувчини кўрганини айта бошлади. Мен у билан танишишга рози бўлдим.

Фото: Bollywoodtime

Арти уни офисга олиб келганида «Худойим, бу ахир ёш бола-ку!» дедим. «Йўқ, йўқ, шошманг» деб хитоб қилди Арти. Салмон кўйлагини ечганда, унинг мушакдор чиниққан танаси мени ҳайратда қолдирди. Ростини айтсам, ўша пайтда бошқа иложим йўқ эди, шунинг учун майли, ҳаракат қилиб кўрсин, дедим.

Салмон барча актёрларимиз баланд баланд бўйли эканини кўрганида умиди пучга чиқди. У рекламада суратга тушишга мос эмаслигини, уйга кетишини айтди. Аммо Арти уни аэропортга кираверишда тўхтатиб, биз билан бирга боришга кўндирди. «Аҳмоқлик қилма, биз билан юр», деди унинг қўлидан ушлаб қолди.

Фото: Bollywoodtime

Салмон Хон баланд бўйли бўлмаса-да, лекин ота-онасидан фақат энг яхши нарсаларни олган истарали йигит эди. У актёрлик маҳоратига эга бўлмаса-да, лекин актёр бўлишга қарор қилганди. У бошиданоқ амакиси Наим Хон (Салимнинг акаси) каби бўлишга интилиб, спорт залида машқ қила бошлади. Наим Салмон туғилган Индор шаҳрида яшаган. У ҳар таътилни отасининг оиласи билан ўтказарди.

Фото: Bollywoodtime

Қариндошлари ва дўстларининг айтишича, Салмон болалигида бақувват ва қайсар бўлган. Бу учқун унинг дастлабки ролларида ҳам сезилади. У ўз фильмларига пайқамасликнинг иложи бўлмаган янгилик ва жозиба олиб келди. Салмон Болливудда биринчи марта 1988 йилда «Рафиқа» (Bivi Хо То Аisi) фильмида иштирок этди, аммо унинг роли эътибор тортадиган даражада эмасди.

Кейинги йили у дебютант режиссёр Бҳагяшри билан «Ошиқ бўлдим» мелодрамаси учун кастингдан ўтди ва иккаласининг маҳорати туфайли фильмни катта муваффақиятга эришди.

Фото: Bollywoodtime

«Ошиқ бўлдим» фильмидаги Премнинг қизил рангли спорт машинаси ва чарм курткаси ўша давр ёшларининг орзуси эди, Ҳиндистон ҳам аста-секинлик билан Ғарбга очила бошлаётганди.

Ўша пайтларда режиссёр Сураж Баржатиянинг ўзи ҳам дебютант бўлиб, биринчи фильми учун янги чеҳра излаётганди. Салмон дебют роли омадсиз чиққани учун унинг назарида янги актёр эмас эди.

Фото: Bollywoodtime

«Ошиқ бўлдим» фильмида роль ўйнаш Салмон учун осон бўлмаган. У режиссёрни уни ишонтириши керак эди, чунки Баржатя аллақачон Прем ролига бошқа актёрни кўз остига қўйганди. Салмон икки марта кастингдан ўтади, шартнома имзоламагунча ижодкорнинг офисида 4 ой навбатчилик қилди.

Фото: Bollywoodtime

Кейинчалик Салмон кўплаб фильмларда роль ўйнади, унда режиссёрлар унинг ўжар ва оқкўнгил Прем образидан фойдаланишди. Албатта, Салмон Хоннинг актёрлик маҳорати ёки фильмларининг сифати ҳақида баҳслашиш мумкин, лекин улар ҳинд киносининг сўнгги ўттиз йиллигини шакллантирган ва ҳатто бутун дунё бўйлаб намойиш этилган фильмлардир. Фаолиятининг бошида актёр энг яхши романтик қаҳрамон, қўшни бола ва идеал ошиқ эди (аслида жуда узоқ вақт). Кейинчалик у жангари фильмлар қаҳрамонига айланди ва бундай роллари ҳалигача севиб томоша қилинади.

Фото: Bollywoodtime

Салмон фильмларда тез-тез кўрина бошлагач, оммавий ахборот воситалари билан жуда ёмон муносабатда бўлди. Актёр бироз ғалати ва масъулиятсиз ҳаракати билан ҳамманинг эътибор марказида бўлди. Унинг экрандаги ва экрандан ташқаридаги шахсияти ўртасида катта фарқ бор эди. Хон шахсий ҳаётини жамиятдан яширмаган кам сонли юлдузлардан бири эди. Кўп ўтмай Болливудда «Ёмон бола» дунёга келди, лекин бу ҳақда кейинги сафар гаплашамиз.

Ўхшаш янгиликлар