• 10839.90
  • 11439.35
  • 202.99
weather Тошкент: +34.2°C
Detail image

«Дарё»га Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани «Олмазор» маҳалласида яшовчи фуқаро Асқар Ғофуров мурожаат йўллаб, 2022 йилнинг 29 апрель куни қизи Нилуфар Умрзоқова Самарқанд шаҳридаги 1-сон шаҳар туғуруқхонасида кесар кесиш йўли билан фарзандли бўлганини маълум қилган. Бироқ, операциядан сўнг 22 ёшли қизининг соғлиги ёмонлашгани, шифокорлар хатоси сабаб орадан беш кун ўтиб қайта операция қилганию, эндиликда фарзанд кўролмаслигини маълум қилган.

Асқар Ғофуров.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.

Маълум бўлишича, 2000 йилда туғилган Нилуфар Умрзоқова 2022 йилнинг 29 апрель куни соат 11:20 да туғуруқхонага қабул қилинган. Туғуруқнинг биринчи даври бўлган аёлда соат 18:30 атрофида оғриқ йўқолган. Шу сабабли шифокорлар аёлни кесарча кесиш йўли билан туғдирган.

«29 апрелда операция бўлдим. Ўша куни яхши эдим. Кейинги куни ҳам кун бўйи яхши юргандим. Кечқурун соғлиғим ёмонлаша бошлади. Кечаси билан иситма қилдим. Ҳароратим 40 градусдан пастга тушмади. Ҳамширани чақирган эдим, укол қилиб кетди. Шундан сўнг ҳароратим тушди. Кейинги куни яна соғлиғим ёмонлашди. Уйдагиларимни чақирдим. Анча укол-дори ёзиб берди. Ўшани қилишди. Барибир соғлиғимда ўзгариш бўлмади. Кейинги куни яна бошқа дори ёзиб берди. Ўшани олганимдан сўнг яхши бўлиб қолдим. Аммо кетаман деган куним тана ҳароратим яна 40 градусга кўтарилиб, умуман тушмай қўйди. 5 май куни яна қайта операция қилишди. Менга нима бўлди десам, айтишмади. Кейин тушдан сўнг бирдан операция қилишди. Нега операция қиляпти, деб сўраганимда ичингда сув тўпланиб қолган дейишди. Қолганини билмайман» , — дейди Нилуфар Умрзоқова.

Нилуфар Умрзоқова.

Фото: «Дарё»

Акушер-гинеколог Диловар Ҳамдамова биринчи операция 29 апрель куни соат 19:00 да амалга оширилганлигини айтмоқда.

«Ўша куни навбатчилик вақтимда аёлни қабул қилиб олдим. Соат 18:30 да аёлнинг туғуруғида асоратлар кузатилди. Чаноқ бош номутаносиблиги кузатилганлиги учун кесарча кесиш операциясини ўтказишга қарор қилдик. Навбатчи врачлар билан биргаликда кўрик ўтказдик. Аёлнинг қариндошларидан, ўзидан операцияга розилик хати олдик. Аёлга туғуруқ жараёнида кузатиладиган асоратлар ҳақида тушунтирдик. Шундан сўнг розилик хатини ёзиб берди. 29 апрель куни соат 19:00 да кесарча кесиш операциясини ўтказдик. 3 кило 610 грамм ўғил жинсли чақалоқ туғилди. Операциядан кейин беморда уч сутка давомида тана ҳарорати кўтарилиши кузатилган. Аёлнинг иссиғи кўтарилганлиги сабабли протокол бўйича интенсив терапия ва антибактериал терапияни ўтказдик. 5 май куни соат 12:00 да аёлда консилум ўтказилиб, бачадон субинвалуцияси, чоклар носозлиги ташхиси қўйилди ва аёл операцияга олинди. Аёлга еттинчи суткада чақалоғи билан қониқарли аҳволда уйига жавоб берилди», — дейди 1-сон туғуруқ мажмуаси хаста ҳомиладорлар бўлими акушер-гинеколог врачи Диловар Ҳамдамова.

Диловар Ҳамдамова.

Фото: «Дарё»

Нилуфар Умрзоқованинг онаси Феруза Ғофурованинг таъкидлашича, операциядан кейинги ҳолат ҳақида ҳали қизининг хабари йўқ.

«Биринчи куни ўзлари олиб кетишди. Операция эмас, ўзи туғишга ҳаракат қилади, дейишди. Мен бормадим. Ўзлари ҳамиша туғдириб ётишибди-ку. Телефонда тинимсиз алоқада бўлиб турдим. Туғганидан сўнг эртаси куни бордим. Қизим яхшиман деб айтди. Биринчи кунида оёқларида, кейинги кунларда юзида шиш бор эди. Бориб кўрдим, яна яхшиман деди. Озгина гаплашдик, ичкарига кириб кетди. Кейинги кунларда ҳам дадаси билан бордик. Қорни шишган, қизим эса ошқозони дам бўлаётганлигини айтди. Парҳездаман, шўрва ичмайман деб жанжал қилди. Кейин нега бундай шиш бўлади десам, билмасам деди. Шифокорлар парҳез қилиб туришини айтган. Хуллас, қорин шиши қайтмади. Ая, терлаб кетяпман, деди. Борганимизда ҳам терлаб кетаётганди. Дўхтирлар билан гаплашиб кўрдим. Сув тўпланган ёки қон тўпланган, деди. Мен тинимсиз УЗИга тушириб турганман, ҳолати яхши эди. Лойишга, Челакка ва Самарқанд шаҳрида УЗИга туширганман. Ҳозир неварамнинг аҳволи яхши, иштаҳаси зўр», — дейди Феруза Ғофурова.

Феруза Ғофурова.

Фото: «Дарё»

Нилуфар Умрзоқованинг отаси Асқар Ғофуровни қизининг олти сутка ўтиб, қайта операция қилиниши сабаби қизиқтирмоқда.

«Инсоннинг ҳаёти устидан таваккалчилик қилиш тўғри эмас. Олти сутка ўтиб, қайта операция қилинишига нима сабаб бўлган? Бу ҳолатни ҳеч қайси ота-онага раво кўрмайман. Тажрибаси етмаса, билими етмаса, нима қилади унда одамларни алдаб? Президентимиз жаҳонинг энг яхши, замонавий аппаратларини олиб келиб қўйибди. Шуларга таянган ҳолда иш кўриш керак-да. Охирги дақиқаларда улгуриб қолишди. Ҳалиям виждонли шифокорлар бор экан шуларнинг саъй-ҳаракати билан қизимнинг ҳаёти сақлаб қолинди», — дейди қизнинг отаси.

1-сон шаҳар туғуруқхонаси врачи Гулжаннат Исроилова туғуруқдан олдин аёлнинг аҳволи яхши бўлганини, унинг соғлиғида муаммо бўлмаганини айтмоқда.

Гулжаннат Исроилова.

Фото: «Дарё»

«Туғуруқдан сўнг аёлда уч сутка яллиғланиш жараёнлари кечганлиги сабабли тана ҳарорати кўтарилган. 5 май куни шу ташхисга асосан қайта операция ўтказилиб, 11 май куни аёл қониқарли аҳволда боласи билан уйига қайтарилган. Аёлда шишлар бўлганлиги сабабли тумандаги шифокорларга ишонмаймиз, деган маънода шаҳарга келишган. Келиннинг қайнотаси томони танишларимиз бўлади. Бемор ҳар ҳафта шанба куни уйимга қайнонаси билан бориб, кўрикдан ўтиб турарди. Сиз шу ерда ишлайсиз деб бу ерга келишганди. Ундан кейин ҳам бориб кўрдим. Аҳволи яхши», — дейди 3-сон акушер-геникология кафедраси ассистенти, 1-сон шаҳар туғуруқхонаси врачи Гулжаннат Исроилова.

Шифокорларнинг қўшимча қилишича, аёлда туғишдан олдин қоғоноқ сувлари кетган. Ҳомила ҳам чаноққа номутаносиб келган. Чаноқ бош диспропарсияси кузатилганлиги сабабли Нилуфар Умрзоқова операция йўли билан туғган.

Фото: «Дарё»

Мурожаатчи Асқар Ғофуров шифокорлар хатоси сабаб қизи шу аҳволга тушганини, келажакда бошқа фарзанд кўролмаслигини айтиб, барчани ҳушёр бўлишга, шифокорлар масъулият билан ишлаши учун ҳам бу масала якунига етиши керак деган фикрда.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Нилуфар Умрзоқова билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил қилганлигини маълум қилди. Ҳолат юзасидан якуний хулоса экспертиза хулосаси ва ишчи гуруҳ ўрганишларидан сўнг эълон қилинади.

Муаллиф:Фарҳод Норбўтаев

Ўхшаш янгиликлар