• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +28°C
Detail image

Одатда хонандалар янги қўшиқ ижро этгач, эскисига бўлган эътибор сустлашади. Замонавий қўшиқлар 3-4 йил ўтиб, унутилаётгани ҳам сир эмас. Аммо шундай қўшиқлар борки, улар йиллар ўтса-да, ҳамон севимли. Қуйида ана шундай қўшиқлар ҳақида сўз юритилади.

Тоҳир Содиқов, «Эсингдами сени»

Фото: Instagram / токҳир_содиков_оффиcиал

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов баъзи хонандалар сингари кўп қўшиқ ва клиплар яратмайди. Ишонасизми, 32 йилдан буён ижод қилаётган Тоҳир Содиқовнинг клиплари сони ҳозирги хонандаларнинг клиплар сонидан кам.

Хонанданинг «Эсингдами сени» деб номланган қўшиғи «Болалар» гуруҳининг 1990 йил январь ойида чиқарилган илк альбомидан ўрин олганди. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, қўшиқ янгидан янги тингловчиларини топмоқда.

Дилдора Ниёзова, «Ишонма»

Фото: Instagram / @niyozova_dildorahon

2000 йилда ижодини бошлаган Дилдора Ниёзова кўп ўтмай кутилмаган машҳурликка эришган. Хонанданинг «Ишонма» номли ҳазил қўшиғи халқ орасида танилишига яхшигина хизмат қилган. Қўшиқни ундан аввал хоразмлик эркак хонанда ижро этган, аммо у Дилдора Ниёзовага омад келтирган.

— Қўшиқни ижро этганимга 18 йил бўлди. Аммо ҳалигача навбатчи тўйларда камида 5-6 марта ижро этишимни сўрашади. Рекорд натижа водийдаги тўйларнинг бирида бўлган. Битта қўшиқни кетма-кет 15 марта ижро этганман, — дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

Зулайҳо Бойхонова, «Ҳай-ҳай»

Фото: Instagram / @zulayhoboyxonova

Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонованинг ижод оламига кириб келганига 35 йил бўлди. У 1986 йил институтни тамомлаб, Муқимий номидаги мусиқали комедия театрига ишга қабул қилинган. Аммо ижодкор қўшиқчи сифатида анча кеч танилди. Устози Абдуҳошим Исмоилов билан ҳамкорликда яратган «Ҳай-ҳай» қўшиғи уни халққа яқинлаштирди.

— Қўшиқ 2008 йил яратилган, аммо ҳамон ўз тингловчисини йўқотмаганидан хурсандман. Янги қўшиқлар кўплиги учун уни бир нечта марта тўй хизматлари рэпертуаридан чиқариб ташлагандик. Аммо ҳалигача халқ хизматига борсак, шу қўшиқни ижро этишимни сўрашади. Уни мен билан биргаликда ижро этадиган мухлислар ҳам талайгина, — дейди Зулайҳо Бойхонова.

Абдували Ражабов, «Ёмғирлар»

Фото: Instagram /@abduvaliradjabov

Хонанда Абдували Ражабовнинг энг хит қўшиғи — «Ёмғирлар» бўлган десак муболаға бўлмайди. Қўшиқ 2004 йилда Иброҳим Жиянов сўзи, Сарвар Раҳматхўжаев мусиқаси билан яратилган.

— Қўшиқ ҳалигача радиотўлқинларнинг олтин ўнталигида туради. Ҳар куни бир неча бор мухлислар талабига биноан янграши мени ҳамиша қувонтиради.  Уч йил аввал Янгийўлда қизиқ воқеа бўлган. «Бирров»дан чиқиб кетаётганимизда тўй эгаларидан бири олдимизга келиб: «Нега «Ёмғирлар»ни айтмадингиз?» деди. Маъмурим келишувга кўра хизмат қилингани ва энди биз бошқа тўйларга боришимиз кераклигини айтди. Шунда ўша инсон яна пул бериб, «Ёмғирлар» қўшиғини айтиб беришимни сўради. Хуллас, шу қўшиқ сабаб битта тўйда икки марта хизматда бўлганмиз, — дейди Абдували Ражабов.

Умида Мирҳамидова, «Оқ атиргуллар»

Фото: Instagram / @umidamirhamidova_official

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Умида Мирҳамидованинг «Оқ атиргуллар» қўшиғи ҳамон ўз мухлисларига эга, десак муболаға бўлмайди. Қўшиқ премьераси 2000 йилда ўтказилган. Орадан шунча йил ўтган бўлишига қарамай, қўшиқ ҳамон мухлислар эътиборида.

— Бу қўшиқни ижро этишни истамаганман, ҳатто ғояси икки йилгача шкафдаги кераксиз қоғозлар сақланадиган қутичада ётган. Ўзим хушламай ижро этган қўшиқ кутилмаганда муваффатга эришди. Рости, уни тўйларда ижро этишга хижолат бўламан. Висол оқшомида айрилиқ ҳақида куйлаш бироз ноқулай. Аммо халқимизга бу қўшиқ ёқади ва уни бир неча бор қайта-қайта тинглашдан ҳам бош тортишмайди, — дейди хонанда Умида Мирҳамидова.

Нилуфар Саидова, «Ҳайлало»

Фото: Нилуфар Саидова архивидан

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нилуфар Саидова «Турналар» (1998) ва «Ҳайлало» (1999) қўшиқлари билан ўз номини топди, десак муболаға бўлмайди. Қўшиқ ўз даврининг хит қўшиғи бўлган.

— «Турналар», «Ҳайлало» ва «Қарашлар» қўшиқларим яратилганига 20 йилдан зиёд вақт бўлди. Ҳали ҳамон тўй-ҳашамларга борсам, шу қўшиқларни ижро этишимни сўрашади. Шу боис қўшиқларни замонавий талқинда ҳам ижро этганман.

Самандар Ҳамроқулов, «Севги фазоси»

Фото: Instagram / @samandar_xamraqulov_

Самандар Ҳамроқулов Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини битириш арафасида «Севги фазоси» қўшиғини ижро этган. Мазкур қўшиқ хонанданинг илк ижод наъмунаси ҳисобланади. Қўшиқ 21 йиллик тарихга эга, аммо ҳамон мухлислар эътирофига сазовор бўлмоқда.

— Бу қўшиқ билан боғлиқ қизиқарли воқеалар жуда кўп бўлган. Ҳатто мана шу қўшиғимни жонли ижрода эшитиш учун Америка Қўшма Штатларидаги тўйларга ҳам таклиф этишган. Тўйларга борсам, албатта, «Севги фазоси»дан бўлсин, дейишади, — дейди Самандар Ҳамроқулов.

Илҳом Фармонов, «Онажонинг рози қил»

Фото: Instagram / @ilhomjonfarmonov_official

Илҳом Фармонов 1993 йилда «Онажонинг рози қил» қўшиғи билан халқ меҳрини қозонган. «Синчалак» ва «Гулим» қўшиқлари ҳам хонанда ижодининг энг гуллаган даврларида ижро этилган.

— Бу қўшиқларнинг барини тўйларда ижро этаман. Яқинда бир қизиқ воқеа бўлди. Анча йил аввал бир болакайнинг суннат тўйида иштирок этган эканман, шу бола яқинда ота бўлиб, ўғлининг бешик тўйига таклиф этди, — дейди хонанда Илҳом Фармонов.

Гулсанам Мамазоитова, «Ажаб-ажаб»

Фото: Instagram / @g.м.оффиcиал

Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова илк марта «Ажаб-ажаб» қўшиғи билан давлат тадбирида иштирок этган. Қўшиқ салкам 20 йиллик тарихга эга.

— «Ажаб-ажаб»ни тўйларда кўп сўрашади. Аммо янгича сайқал берилган вариантда ижро этишни истамайман. Мухлисларга эски вариантдаги қўшиқ ёқади, демак, унга янгича сайқал беришим шарт эмас, — дейди Гулсанам Мамазоитова.

Абдулҳай Каримов, «Тўй бола»

Фото: Instagram

Бу йил 65 ёшни қаршилаган ижодкор Абдулҳай Каримов ҳамон халқ хизматида. У халқимизнинг қувончли кунларида «Тўй бола», «Ўғил бола», «Волидангни рози қил» ва «Фарғонада биттагина» қўшиқлари билан иштирок этмоқда.

— «Тўй бола» қўшиғини 1990 йил ижро этганман. Клипини 1992 йилда суратга олганмиз. Қўшиқ ўн минглаб болаларнинг суннат ва бешик тўйларида янграган ва ҳамон халқ эътиборидан тушаётгани йўқ. Илҳом Фармонов айтган «Онажонинг рози қил» қўшиғини ҳам 1990 йил мен айтганман, — дейди Абдулҳай Каримов.

Юлдуз Усмонова, «Қизил олма»

Фото: Instagram / @yulduzibragimovnausmonova

Ўзбек примадоннаси Юлдуз Усмонованинг халқ тилига тушмаган қўшиғини топиш амримаҳол. Чунки у ижро этган қўшиқларнинг бари мухлислар қалбидан жой олган. «Қизил олма» қўшиғи 1990 йилда яратилган ва телевединиеда клип олиниб, халққа тақдим этилган. Қўшиқ яратилганига 31 йил бўлган бўлса-да, ҳамон тўй хизматларида актуаллигини йўқотгани йўқ. Қўшиқ нафақат Юлдуз Усмонова, балки бошқа хонандалар ижросида ҳам янграйди.

Дилфуза Исмоилова, «Тошкентнинг шўх қизи»

Фото: Instagram / @dilfuza_ismailova

Мазкур қўшиқ 2000 йилда Дилфуза Исмоилова ғояси, Тоҳир Муҳаммад сўзи асосида яратилган. Мазкур қўшиқдан сўнг хонандага омад кулиб, тўйларининг кети узилмай қолди.

— Йигирма йилдан буён «Тошкентнинг шўх қизи» қўшиғини кунига камида 10-15 маротаба ижро этаман. Кунига 4-5 та «бирров»им бўлса, ҳар бир тўйда камида икки-уч марта ижро этишимни сўрашади. Энг қувонарлиси, қўшиқни аввал ёшлар сўрарди, ҳозир 80 ёшли онахонлар ҳам шу қўшиққа рақсга тушишяпти, — дейди Дилфуза Исмоилова.

Муаллиф:Наргизахон Муродова

Ўхшаш янгиликлар