• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image

Актёр ва режиссёр Ҳилол Насимов «Дарё» интернет-нашрига берган интервьюсида уни исломофобияда айблайдиганларга ўз муносабатини билдирди.

«Мени танқид қилаётганларнинг кўпчилиги ислом дини назариясини билмайди»

— Бу дунёда ҳаммага бирдек ёқиш қийин. Битта фильмни юзта томошабин кўрса, уларнинг фикри бир-бирига ўхшамаслиги ҳам айни ҳақиқат. Мен фильмларим орқали ислом динига қарши чиқмайман, аксинча муқаддас динимизга ёт ғояларни қўшмоқчи бўлганларнинг асл юзини кўрсатишга интиламан. Шу билан бирга, давлат сиёсатини ҳам имкон қадар ёритишга ҳаракат қиламан. Ҳаётда рўмол ўрамаган бўлса-да, иймонли аёлларни жуда кўп кўрганман. Афсуски, баъзи бир рўмолга бурканган аёллар нима иш қилишаётганини ҳам ўз кўзим билан кўрган вақтларим бўлган.

Ўғлим ҳам соқол ўстириб юради, «ол» деб жаҳлим чиқади. Шукрки, фарзандларимнинг бари беш маҳал намоз ўқишади. Уларнинг бари иймонли, эътиқодли фарзандлар эканлигидан қувонаман. Шу боис мени динга қаршиликда айблаш ноўрин. Баъзи одамлар фильм ғоясини тушунмай, бир ёқлама фикрлашади.

Энг қизиғи, мени танқид қилаётганларнинг кўпчилиги ислом дини назариясини билишмайди. Бирорта савол берсангиз, лабини тишлаб қолади.

Дунёда ислом динидек муқаддас ва эзгуликка хизмат қиладигани йўқ. Ҳатто динимиз ғайридин қўшниси ҳаром қилинган ҳайвонни боқаётган бўлса ҳам, унга озор бермасликка чақиради. Мен фильмларимда қоралаётган персонажлар эса одамларга зиён етказишади.

Интернетда бир актёр «Ҳилол Насимов ўлса, жанозасига бормайман», дебди. Майли, келмасин. (Режиссёр актёр Ҳабибулло Низомовнинг ўзи ҳақида айтган гапларини назарда тутяпти). Одамлар тўғри тушунишларини истайман, мен реал воқеалар асосида фильм суратга оламан. Фильм қаҳрамонларимнинг прототипи билан ҳаётда учрашганман, уларнинг ҳикояси асосида сценарий ёзганман.

«Фильмларим қаҳрамонларининг прототиплари ҳаётда бор»

— Масалан, «Тубанлик» фильмини олайлик. Фильмни суратга олишдан аввал бир неча марта Андижонда 11-13 ёшли қизларни ота-онасининг розилиги билан турмушга беришгани ва никоҳ кечасида уларнинг айримлари вафот этгани ҳақида эшитганман. Фильм орқали нафақат қизларни эрта  турмушга бериш, балки аҳмоқона қўшхотинликни ҳам қоралаб чиқишни ният қилгандим.

Майли, бу воқеалар Андижонда бўлгандир деймиз, аммо «Тубанлик» фильмидаги қаҳрамон прототипи Тошкентда яшаганига нима деймиз? Мен аввалги йиллардаги эмас, балки шу кеча-кундузда содир бўлган воқеалар ҳақида гапиряпман. Мирза Азизов ўша пайтда 50 ёшда эди, фильм прототипи эса 72 ёшда бўлган. Фильм тўлиқ реал воқеа асосида суратга олинган. Мирза Азизовдан аввал Эркин Комиловни фотопробага чақиргандим. Актёр воқеликни эшитиб, ҳайратга тушганди.

Баъзан ўзбек тилидаги гапини ҳам ўнта хато билан ёзадиган ва фильмларимдан айб излайдиган инсонлар ғашимни келтиради. Менимча, улар фильм прототиплари ҳаётда борлиги ва бундай воқеалар тез-тез содир бўлишини билишса, фильмларга қараш ҳам бироз ўзгарган бўларди.

«Ислом дини ва чин мусулмонларга ҳеч қандай қаршилигим йўқ»

— Мени ислом динига қаршиликда айблаётганларга яна бир гап: «Ажал жодуси» фильмидаги йигитнинг прототипи билан ҳам бир неча марта суҳбатда бўлганман. У ўша пайтда Ички ишлар вазирлигининг ертўладаги ҳибсхонасида сақланарди. Унинг айтганлари фильмда кўрсатилганларидан ўн баробар қўрқинчлироқ эди. Ота-онаси бозорда ишлаган ва тонг отмасдан ишда кетган. Интернетдаги «меҳрибон»лар эса уни аврай бошлашган. Байтулмолга пул тўплаш керак деб одамларнинг уйини тунашган. Юқорида айтганимдек, асл мусулмон инсон ғайридин қўшнисининг ҳаром қилинган жонзотига озор бермайди. Динни ниқоб қилганлар эса тирик инсонларнинг жонига озор бериб, молини тунайди.

Яна бир йигит билан суҳбатлашдим. Отаси вокзал бекатининг бошлиғи, онаси эса стоматолог экан. Ҳатто улар ҳам фарзандидаги ўзгаришларни сезишмаган. Болам намоз ўқияпти, деб ўйлашган, холос. У йигитнинг аёли уч ой аввал фарзандли бўлган экан. Ўша пайт рўза ойи эди. Бола ертўладаги ҳибсхонада чирқираб йиғлаяпти. Аммо онаси қорнини тўйдирмаяпти. Эй, барака топгур, ислом динида эмизикли болани оч қолдириб, рўза тутинглар, дейишмаган дедим. Ундай ақидаларга берилган инсонларнинг мияси айниб қолади, улар ислом дини амалларини бажаряпмиз, дейишади. Аммо акс иш тушунишмайди.

Аслида болага 10 баробар кам пул бериб, 10 баробар кўпроқ эътибор қаратиш керак. Ёт ғояларга берилиш кўп ҳолларда ота-онанинг бефарқлиги сабаб юзага келади. Боланинг оёғига хорижнинг этигини олиб берган ёки яхши машина олиб берган билан иш битмайди. Юқорида мисол келтирган инсонлар ёт ғояларга берилиб, бор-йўғидан ҳам айрилишган.

Болалигимда бувим раҳматли танчаларига ўтказиб, суралар ёдлатарди. Нима яхши-ю, нима ёмонлигини тушунтирарди. Ўша пайтда ўрганганларим ҳалигача ёдимдан чиқмайди.

Хуллас, мен фильмларимда ёт ғояларни татбиқ қилаётган инсонларни кўрсатаман. Ислом дини ва чин мусулмонларга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Алҳамдулиллоҳ, мен ҳам мусулмонман.

Режиссёр билан суҳбатни қуйида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

Ўхшаш янгиликлар