• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида яшовчи эркак иккинчи хотинга уйланиб, биринчи турмушидан бўлган болалари ва биринчи аёли иштирокида тўй ўтказди. Бунга жавобан Сузоқ тумани Ички ишлар бўлими (ИИБ) «Кўп хотинлилик» моддаси бўйича судгача бўлган тергов ишларини бошлади, деб ёзади Kloop.

Видеодан кадр

Июнь ойи бошида ижтимоий тармоқларда «Мен кундошимга эмас, синглимга бахт тилайман» номли видео тарқалди. Видеода сузоқлик аёл эрига иккинчи хотин олиб бергани акс этган.

Ресторанлардан бирида суратга олинган видео биринчи аёлнинг эрига бахт тилаган сўзлари билан бошланади. «Мен кундошимга эмас, синглимга бахт тилайман. Ҳамиша бирга хурсанд бўлиб юрайлик. Бахтли бўлинг!» — дейди аёл.

Шунингдек, видеода икки болакай — қиз ва ўғил «иккала онамиз билан бахтли бўлинг» дея отасини табриклаётганини кўриш мумкин.

Меҳмонлардан бири бу ишни фақат мард одамлар қила олишини айтиб, эркакнинг биринчи хотинига миннатдорчилик билдирган ва аёлнинг ўз сўзида туришига умид билдирган.

Тадбир давомида эркак иккала хотини билан рақсга тушган, тўй қатнашчилари қарсак чалиб, уларга пул ёпиштирган.

Жалолобод вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Шерқул Турганбоевнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат 10 июнь куни «Кўпхотинлилик» моддаси билан рўйхатга олинган.

Турганбоевнинг сўзларига кўра, эркак иккала хотин билан ҳам яшайди, лекин бошқа-бошқа уйда. Матбуот котиби тергов тадбирлари натижасида тегишли чоралар кўрилишини ваъда қилди.

Қирғизистонда кўпхотинлилик тақиқланган. Илгари Жиноят кодексида кўпхотинлилик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган эди. Бироқ 2017 йилда киритилган ўзгартиришларга кўра, ушбу жазо жарима билан алмаштирилган.

Ўхшаш янгиликлар