• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +11.8°C
Detail image

Дунё ва ўзбек спортига оид 13 октябрь кунининг энг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

«Динамо» икки йиллик танаффусдан кейин Суперлигага қайтди

Фото: «Динамо»

Про-Лиганинг 17-туридан ўрин олган ўйинда «Олимпик» 13 октябрь куни «Нурафшон»га қарши баҳсда рақиб дарвозасига жавобсиз 5 та гол урди. Бу ғалаба «Динамо»нинг муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритишига сабаб бўлди. Чунки «Нурафшон» ушбу ўйиндаги мағлубиятдан сўнг 2-ўринни эгаллаш имкониятини бой берди. Бу эса «Динамо»нинг Суперлигага чиқишини таъминлади.

Шу тариқа самарқандликлар икки йилдан сўнг Суперлигага қайтди. 2019 йилги мавсумда «Динамо» 14-ўринни эгаллаб, Про-Лигага тушиб кетган эди.

Аввалроқ «Нефтчи» муддатидан олдин Суперлигага чиқиш вазифасини уддалаган эди.

Суперлига 22-турининг олтита ўйинида VAR тизими ишлайди

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 21-тур баҳслари 15—17 октябрь кунлари бўлиб ўтади. ПФЛ мазкур баҳсларда фаолият олиб борадиган ҳакамлар номини эълон қилди. Унга кўра, Суперлиганинг олтита ўйинида VAR тизими ишлайди: «Насаф» — «Металлург», «ОКМК» — «Машъал», «Сўғдиёна» — «Қўқон-1912», «Турон» — «Сурхон», «Навбаҳор» — «Бунёдкор», «Локомотив» — «Андижон».

Шунингдек, ташкилот Ўзбекистон Кубоги чорак финали доирасидаги ўйинларнинг бошланиш вақтини маълум қилди. Баҳслар 20—29 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Кубоги

1/4 финал баҳслари

20 октябрь

15:30 «Олимпик» — «Пахтакор»

28 октябрь

18:15 «ОКМК» — «Қизилқум»

18:15 «Бунёдкор» — «Сурхон»

29 октябрь

18:15 «Сўғдиёна» — «Насаф».

Жаҳон

Арсен Венгер бир ўйин учун Саудия Арабистонининг икки клубидан ташкил топган клубга бош мураббий бўлади

Фото: Getty Images

Арсен Венгер бир ўйин учун Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» ва «Ал-Ҳилол» клублари футболчиларидан ташкил топган жамоага мураббий бўлади.

Мазкур бирлашган жамоа 2022 йилнинг январь ойида Риядҳ Сеасон Cуп ўртоқлик мусобақаси доирасида «ПСЖ»га қарши ўйин ўтказади.

Қайд этиш керак, «Ан-Наср» клуби сафида Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов ҳаракат қилади.

Келаси мавсумдан бошлаб Лига 1 да 18 та жамоа қатнашади

Фото: Google Photos

Франция чемпионатида 2023/24 йилги мавсумдан бошлаб 18 та жамоа қатнашади, деб ёзмоқда RMC Sport.

Шу тариқа келаси мавсумда тўртта жамоа қуйи лигага тушиб кетади ва иккита клуб олий дивизионга йўл олади. Ҳозирда Лига 1 да 20 та жамоа бор.

Роналду — терма жамоа сафида 10 та ҳет-трик қилган илк футболчи

Фото: Getty Images

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ЖЧ—2022 саралаш босқичи доирасидаги Люксембургга қарши ўйинда (5:0) ҳет-трик қайд этди.

Бу Роналду учун миллий терма жамоадаги 10-ҳет-трик бўлди. Шу тариқа у тарихда бу кўрсаткичга эришган биринчи ўйинчига айланди.

Ундан кейинги ўринларда Али Дайи (Эрон, 8 та ҳет-трик), Пеле (Бразилия, 7) ва Лионель Месси (Аргентина, 7) бормоқда.

Шунингдек, Роналду ушбу ҳет-триги орқали терма жамоада гол уриш борасида ўзига тегишли бўлган Жаҳон рекордини янгилади. Унинг терма жамоадаги голлари 115 тага етди.

«Манчестер Сити»нинг асосий трансфер мақсади Эрлинг Ҳоланд

Фото: Twitter

«Манчестер Сити» «Боруссия Д» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоландни сотиб олишни асосий мақсад деб билади. Бу ҳақда The Times хабар берди.

Қайд этилишича, «шаҳарликлар» январда футболчининг агенти Мино Райола билан учрашади ва музокаралар ўтказади.

«Ньюкасл» клуби эгалари «Интер»ни ҳам сотиб олмоқчи

Саудия Арабистони ҳукуматига тегишли фонд (PIF – Public Investment Fund) «Интер» клубини сотиб олмоқчи, деб ёзади Calciomercato.

Таъкидланишича, PIF вакиллари «Интер»нинг хитойлик хўжайинлари — Чжанлар оиласи билан музокара ўтказган. Хитойликлар клубни бир миллиард еврога баҳоламоқда.

Томонлар ўтган йили ҳам ушбу мавзуни муҳокама қилган, бироқ Чжанлар таклифни рад этганди. Эслатиб ўтамиз, PIF «Ньюкасл»ни 330 млн фунт эвазига сотиб олганди.

ЖЧ—2022 да офсайдни автоматик аниқлаш тизимидан фойдаланилиши мумкин

2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатида офсайдни автоматик аниқлаш тизими ишга туширилиши мумкин.

Бу ҳақда ФИФА футболни глобал ривожлантириш бўлими бошлиғи Арсен Венгер маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, катта эҳтимол билан бу тизим мундиалда ишлайди ва VAR тизимининг ишини тезлаштиради.

Дания муддатидан олдин ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди

Дания терма жамоаси ЖЧ—2022 саралаши доирасида Австрияни мағлуб этди (1:0).

Фото: Twitter

Ушбу ғалаба туфайли данияликлар гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, муддатидан олдин Қатарда ўтадиган Жаҳон Чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Дания Европа қитъасида Германиядан кейин бу ишни уддалаган иккинчи жамоага айланди.

Данияликлар саралашнинг 8 ўйинида жами 27:0 ҳисобида 8 ғалабани қўлга киритди.

Бенземанинг финалдаги голи Миллатлар Лигасининг энг чиройли голи деб топилди

Франция терма жамоаси ҳужумчиси Карим Бенземанинг Миллатлар Лигаси финалида Испания дарвозасига урган голи мусобақанинг энг чиройли гол деб топилди.

Бензема 66-дақиқада жарима майдончаси бурчагидан ажойиб зарба йўллаб, учрашувда ҳисобни тенглаштирганди, шундан сўнг жамоа яна битта гол уриб, ғалаба қозонган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Ўхшаш янгиликлар