• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.6°C
Detail image

Ислом Каримов вафотидан бир ҳафта ўтар-ўтмас, 2016 йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон парламенти палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири ҳисобланган Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган. Ушбу тарихий мажлис ҳақида «Ўзбекистон» телеканали салкам икки соатлик репортаж тайёрлаган — унда мажлисда сўз олган арбобларнинг чиқишларидан лавҳалар кўриш, бўлажак президентнинг нутқи билан танишиш мумкин.

«Дарё» мазкур сана муносабати билан «Ўзбекистон» телеканалининг ушбу репортажини тўлиқ матнлаштирди. Қуйида сариқ фонда берилган матнлар — «Ўзбекистон» телеканали бошловчисининг кадр ортидан ўқиганлари, қолган матнлар — исми кўрсатилган арбоблардан иқтибослардир.

Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов олиб борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Нурдинжон Исмоилов: Ассалому алайкум, қадрли депутатлар, сенаторлар ва қўшма мажлис иштирокчилари. Бугун бутун Ўзбекистон халқи чуқур қайғуда. Куни кеча биз ҳаммамиз учун қадрли ва эъзозли бўлган, халқимизнинг чексиз меҳр-муҳаббатини қозонган буюк инсон, мустақил мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов билан видолашдик. Мана шу қайғули кунлар давомида юртбошимиз бутун Ўзбекистон аҳлининг энг севимли инсонига, раҳнамосига айланганини юракдан ҳис этмоқдамиз. Халқимизнинг бирдамлигига, бизни танлаган йўлимиздан ҳеч ким ҳеч қачон қайтара олмаслигига яна бир бор амин бўлдик.

Мажлис бошланган вақтдаги ахборот. Соат 11:26.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Шу билан бирга Ислом Абдуғаниевич нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунё ҳамжамиятида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт тимсоли сифатида ўчмас из қолдирганлигига гувоҳ бўлдик. Муҳтарам президентимиз ўтган 25 йил мобайнида миллий парламентимиз ривожи, унинг фаолиятини такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш борасидаги масалаларни ҳам ўз назарларидан четда қолдирмадилар. Ислом Абдуғаниевич ўзининг матонати, жасорати, садоқати билан Ўзбекистонни истиқлол йўлига олиб чиқди ва халқининг, Ватанининг барқарорлиги, осойишталиги ва фаровонлиги учун бутун ҳаётини, ўз жонини аямади.

Азиз дўстлар! Қадрдон президентимизнинг ўчмас хотирасини ёд этиб, бир дақиқа сукут сақлашингларни сўраймиз. Раҳмат.

Мажлис қатнашчилари Ислом Каримов хотираси учун сукут сақламоқда.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Мажлис қатнашчилари Ислом Каримов хотираси учун сукут сақламоқда.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Қадрли депутатлар, сенаторлар ва қўшма мажлис иштирокчилари. Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қарори қабул қилинди. Шу асосда бугунги қўшма мажлиснинг кун тартиби лойиҳаси белгилаб олинди. Кун тартибига Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги масала киритилган.

Кун тартиби лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Сенатининг раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев сўз сўраяптилар. Марҳамат, сўз Ниғматилла Тўлқиновичга.

Ниғматилла Йўлдошев: Қадрли депутатлар, Сенат аъзолари ва мажлис қатнашчилари. Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бевақт вафоти бутун халқимиз, қолаверса, жаҳон жамоатчилиги учун катта йўқотиш бўлди. Шак-шубҳасиз, мамлакатимизнинг мустақилликка эришгани, тарихан қисқа муддатда шиддат билан ривожланаётган давлатга айлангани буюк тарихий шахс, қатъият ва шижоат соҳиби Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқдир. Зотан бутун дунёда ўзбек модели сифатида тан олинган тараққиёт стратегиясига эга янги давлат ва жамият шахсан президентимиз раҳнамолигида барпо этилди. Босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда мамлакатимиз улкан ютуқларни қўлга киритди. Ўзбекистон танлаган ривожланиш йўлининг муқобили йўқлигини, унинг тўғри ва ҳаётий эканлигини даврнинг ўзи тасдиқлаб берди. Бу ҳақиқатни дунё ҳам тан олди. Бутун халқимиз томонидан президентимиз вафоти муносабати билан билдирилган таъзия изҳорлари ва қилинган самимий дуолар ушбу йўлнинг нақадар оқилона эканлигини такрор ва такрор исботлади.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Мотам кунларида фуқароларимиз кўзларидан оққан ёшлар 32 миллионли халқнинг ўз раҳнамосига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ифодасидир. Бундай эҳтиром буюк давлат арбоби раҳбарлигида олиб борилган халқпарвар, одил ва оқил сиёсатнинг эътирофи, тимсоли ҳам десак асло хато қилмаймиз. Ўз навбатида, айнан шундай сиёсат энг буюк мақсадлар сари халқ ва давлатни жипслаштиргани яна бир карра аён бўлди. Халқ ва давлатнинг бундай бирдамлиги биринчи президентимиз бутун умрини, жонини бахшида қилган ғоялар албатта рўёбга чиқишининг ва эзгу ишлар давом этишининг муҳим гаровидир. Бугун бизнинг олдимизда турган устувор вазифамиз, таъбир жоиз бўлса, муқаддас бурчимиз, аввало, мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ҳамда тараққиётнинг бардавомлигини таъминлашдан иборат. Ишончимиз комилки, халқимизнинг меҳнати, ақлу заковати ва қатъий иродаси билан олий мақсадларимизни албатта рўёбга чиқаришга эришамиз.

Ҳурматли парламент аъзолари. Конституциямизнинг 96-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилади. Бунда уч ой муддат ичида «Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ президент сайлови ўтказилади. Бироқ, шунга эътиборингизни қаратмоқчиманки, президент вазифаларини юклатиш тўғрисида қарор қабул қилиш жиддий масъулиятни талаб этади. У расмиятчилик эмас, балки ҳар томонлама пухта ўйланган тўлақонли сиёсий ёндашувни талаб этади. Айниқса, бугунги ўта мураккаб халқаро шароитда давлатимиз, жамиятимиз олдидаги вазифалар кўламини инобатга олишимиз лозим. Энг асосийси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ, президент вазифаларини бажарувчи шахс республика суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлаш, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўриш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий бош қўмондони сифатида қатор жиддий масалаларни ҳал этиш ҳамда Конституциямиз ва қонунларимизда назарда тутилган бошқа ўта масъулиятли вазифаларни бажариш учун етарли билим ва амалий тажрибага эга бўлиши зарур.

Мен меҳнат фаолиятим давомида асосан прокуратура ва адлия органларида ишлаганман, бироқ давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларидаги раҳбарлик лавозимларида етарли тажрибага эга эмасман. Бир ярим йил мобайнида Сенат раиси лавозимида орттирган тажрибам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига, жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир муҳим масалаларни ҳал этиш учун етарли эмас деб ўйлайман. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифаларини вақтинча бажариб туриш қанчалик катта масъулият эканлигини тўлиқ ва чуқур англаган ҳолда, сизлардан бу вазифа ва ваколатларни бажаришни менга юкламасликларингизни илтимос қиламан.

Сизларга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида биринчи президентимизга елкадош бўлди. Шавкат Миромонович 1992—2003 йилларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими лавозимларида, 2003 йилдан буён эса Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимида фаолият юритиб, катта маҳорат мактабини ўтади. Ўтган йилларда мамлакатимизда амалга оширилган йирик тадбирлар, дастурлар ва бошқа лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишида бевосита раҳбарлик қилган ва ҳамда ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён этган Шавкат Миромонович бутун халқимиз ўртасида самимий ҳурмат қозонди. Шунингдек, у хорижий давлатлар ҳукумат раҳбарлари орасида ҳам катта обрўга эга. Бинобарин, президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришга Шавкат Миромонович ҳар томонлама муносиб, деб ҳисоблайман.

Ҳурматли депутатлар ва сенаторлар! Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифимни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман. Менинг мазкур таклифим Сенат Кенгашининг бугун бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилди ва уни қўллаб-қувватлаш тўғрисида алоҳида қарор ҳам қабул қилинди. Ушбу қарорнинг сизлар томонингиздан ҳам эътиборга олиниши юртимиз равнақи, Ватанимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонаман.

Кун тартибидаги масала бўйича, шунингдек,

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Сарвар Отамуротов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши раиси Борий Алихонов,
  • Олий Мажлис Сенатининг қўмита раиси Содиқ Сафоев,
  • Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси — Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Акмал Саидов,
  • Фанлар академияси президенти, Сенат аъзоси Шавкат Солиҳов,
  • Самарқанд вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Зоир Мирзаев,
  • «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев,
  • Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, Сенат аъзоси Агриппина Шин,
  • Тошкент вилояти Бўка тумани «Ёқутхон Саид» фермер хўжалиги раҳбари Саидислом Сайдуллаев,
  • Андижон вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов,
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари, Сенат аъзоси Иқбол Мирзо,
  • Тошкент шаҳар ҳокими, Сенат аъзоси Раҳмонбек Усмонов,
  • «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси — бош директори, Сенат аъзоси Александр Фармонов,
  • Бухоро вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Муҳиддин Эсонов,
  • Қашқадарё вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Зафар Рўзиев,
  • Навоий вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Эркинжон Турдимов,
  • «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири, Сенат аъзоси Гулистон Аннақиличева,
  • Сурхондарё вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Тожимурод Мамарайимов,
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари, Сенат аъзоси Энахон Сиддиқова,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуқодир Тошқулов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Хўжаева,
  • Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири Рустам Азимов

сўзга чиқиб, ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.

Акмал Саидов: Бугун президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча юклаш масаласини Конституциямиз ва қонунларимиз асосида ҳал қилишимиз керак. Сенатимиз раиси Ниғматилла Тўлқинович республика президентига қўйиладиган талабларнинг энг асосийларини санаб ўтдилар. Конституциямизнинг 93-моддасида президент ваколатларининг 24 та йўналиши санаб, кўрсатиб ўтилган. Бу мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатининг турли жабҳаларини қамраб олади. Мана шундай масъулиятли вазифани ким бажара олади, деган саволни Ниғматилла Тўлқинович ўзларига бериб туриб, жавоб беряптилар: «Менинг давлат бошқарувидаги тажрибам етарли эмас. Мени тўғри тушунсанглар, шунинг учун мана шундай масъулиятли вазифани бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевга юкласак», деган илтимос билан чиқдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Мана шу илтимосни қондириш мумкинми-йўқми, деган табиий савол туғилади. Мана шундай қарор қабул қилиш учун бизга ҳуқуқий-конституциявий асослар борми? Мен юрист сифатида айтмоқчиманки, мана шундай асослар бор. Биринчи мана шундай асос — Конституциямизнинг 81-моддаси 9-қисмига мувофиқ ҳамда «Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонун, «Олий Мажлиснинг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 11-моддасига асосан, Олий Мажлис палаталарининг келишувига биноан биз кўраётган масала, яъни, президент ваколатларини вақтинча бериш масаласида қўшма мажлис ўтказиш мумкин. Шундай масалани қўшма мажлисда кўриш мумкин. Бу ҳам Конституция, ҳам конституциявий қонунларга кўра мумкин бўлган биринчи асос.

Иккинчи асос — Конституциямизнинг 82-моддаси 1-қисмига кўра, Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисда биз кўраётган масала бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга. Энди, палаталар қабул қилган қарор «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, қонун мақомига эга. Бизнинг қароримиз қонун сифатида бўлади. Яна битта, учинчи асос — Сенат раиси президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча ўз зиммасига олмаслигини тақиқловчи бирор бир на конституциявий, на ҳуқуқий чеклов ёки норма йўқ. Бу — Сенат раисининг эркин касб танлаш ҳуқуқидир. Бу Асосий қонунимизнинг 37-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Лекин мана шу ерда бу ҳуқуқий асослар билан бирга яна бир ниҳоятда давр тақозоси бўлган муҳим сиёсий, ахлоқий, маънавий бир асос бор. Мен буни қуйидагича ифодалаган бўлардим. Президентнинг вазифа ва ваколатлари вақтинча зиммасига юклатиладиган шахс конституциямиз ва қонунларимиз талабларига, қолаверса, бугунги кун тақозосига кўра, албатта, ҳар томонлама кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, ҳаётнинг турли синовларида тобланган, кўпни кўрган, мамлакатимизни ривожлантиришда, йирик лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускор ва талабчан, ташкилотчи ва жонкуяр, масъулиятли ва жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, энг муҳими, ҳар қандай вазиятда ҳам одамлар билан тил топишишга, обрў қозонишга қодир бўлган, ўзининг етакчилик ва раҳнамолик жиҳатлари билан ажралиб турадиган, энг муҳими, Ватанимизнинг чинакам ватанпарвари, миллатпарвари, юртбошимизнинг издоши, бардавом давомчиси бўладиган шахс бўлиши мумкин.

Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев (ўнгда) ва Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов депутат Акмал Саидов келтираётган ҳуқуқий асосларни диққат билан тингламоқда.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Шу нуқтаи назардан Шавкат Миромоновични президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришга қодир бўлган муносиб номзод, деб ҳисоблайман. Бунга ўзимнинг шахсий асосларим ҳам бор. Мен Шавкат Миромоновични қарийб 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери — ҳали олий ўқув юртидаги домлалик вақтларидан биламан. Лекин 1990 йилдан бошлаб Шавкат Миромонович салкам 15 йил миллий парламентнинг аъзоси бўлган, Мандат комиссиясига раис бўлган. Ўша вақтда халқ депутатларининг халқ сайлагандан кейинги ваколатини ким берарди десангиз, Мандат комиссияси тасдиқларди — у вақтда Сайлов комиссияси йўқ эди. Масалан, мен 10 дан ортиқ, дастлаб Олий Совет, кейин Олий Мажлис депутатларининг ваколатларини танлаш бўйича маърузаларини эшитганман Шавкат Миромоновичнинг. Шу нуқтаи назардан Шавкат Миромонович қонун ижодкорлигининг икир-чикирларини — қонунни қандай тайёрлаш, қандай қабул қилишнинг ҳаммасини билади.

Иккинчидан, Шавкат Миромонович юртбошимиз бошчилигидаги Ўзбекистон Республикасини яратиш жараёнида бевосита иштирок этган эдилар. Ўша вақтда Конституциявий комиссиянинг энг фаол аъзоларидан бири бўлганлар. Учинчидан, Шавкат Миромонович ижро ҳокимиятининг энг қуйи поғонаси — туман ҳокими, вилоят ҳокимидан то энг олий — бош вазир лавозимигача фаолият кўрсатганлар. Ва, тўртинчидан, Шавкат Миромонович мустақиллик йилларида юртбошимизнинг оламшумул бунёдкорлик сиёсатини рўёбга чиқаришда, бутун мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларининг бошида турибдилар. Узоққа бориб ўтирмайлик, мана шундай битта мисол. Мен ҳамқишлоқларимнинг фикрини айтаман — Ҳазрати Занги ота зиёратгоҳини тубдан ўзгарганлиги. Ҳозир Самарқандга кетаётган кўп сайёҳлар ҳам «Э, бу нима экан?» деса, «Бу Амир Темур билан Мирзо Улуғбек қурдирган зиёратгоҳ, бу янги чирой очган кўриниши», дейишади.

Шавкат Миромонович, мана шу минбардан туриб, юртбошимиз сизни халқ вакилларига тўрт марта тавсия этганлар. 2003 йил, 2005 йил, 2010 йил, 2015 йилда сизнинг номзодингизни депутатлар ва сенаторлардан қўллаб-қувватлашни илтимос қилиб, мана шу ерда айтган эдилар. Тўрт маротаба халқ вакиллари сизга ишонч бериб, қўллади. Бугун, афсуски, юртбошимиз йўқ. Лекин халқ вакиллари — ҳам депутатлар, ҳам сенаторлар сиздан бир нарсани илтимос қилишяпти: юртбошимиз бошлаган ислоҳотларни бардавом давомчи сифатида Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатларини вақтинча бажариш вазифасини олишни илтимос қилишяпти. Агар шу вазифани олсангиз, мен ўйлайманки, юртбошимизнинг ҳам руҳлари шод бўларди. Улар айтардиларки, «менинг бошлаган ишларим ишончли қўлларга етиб борганига».., ишонган бўлардилар. Ундан ташқари, айтардимки, шундай масъулиятли ишларда Аллоҳнинг ўзи сизни қўлласин! Азиз авлиёларимизнинг руҳлари қўлласин!

Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча юклаш тўғрисида билдирилган таклифни қўллаб-қувватлашингизни илтимос қиламан.

ЎзЛиДеП раҳбари Содиқжон Турдиев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Содиқжон Турдиев: Ҳурматли қўшма мажлис иштирокчилари, азиз Ватандошлар. Бугун Ўзбекистон халқи барчамиз учун бирдек қадрли бўлган Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти, мустақиллигимиз ва миллий давлатчилигимиз асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафотидан кейин чуқур қайғу билан яшамоқда. Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг номи қалбларимизда мангу яшайди.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари! Кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишга киришар эканмиз, Олий Мажлис Сенати раиси Йўлдошев Ниғматилла Тўлқиновичнинг таклифини мамлакатимиз манфаатидан келиб чиқиб, чуқур ўйланган қарор деб қабул қилишимиз лозим. Ҳеч кимга сир эмаски, бугун жаҳондаги қалтис вазият, айрим давлатларда юз бераётган нотинчликлар, иқтисодий ва ижтимоий беқарорликларни барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Ана шундай бир пайтда жонажон Ватанимизнинг мустақиллик йилларида эришилган тинчлик-фаровонлигини, илгари тасаввур ҳам қилиш қийин бўлган беқиёс ютуқларимизни кўз қорачиғидек асраш ва унинг салмоғини янада кўпайтиришимиз учун бугун жуда катта салоҳиятга эга бўлган, ҳар қандай шароитда ҳам оқилона қарорлар қабул қила оладиган, давлат ва халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўядиган етакчини танлаб олишимизга кўп нарса боғлиқ.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг йўлбошчиларга хос фазилатларга эга эканлигини ҳисобга олиб, у кишининг зиммасига Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклатишни бугунги кундаги энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати раҳбари Борий Алихонов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Борий Алихонов: Мана ҳозир Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг мурожаатини ва Сенат Кенгашининг қарорини эшитдик. Ва бу таклифни тўғри деб қабул қиламиз. Дарҳақиқат, дунёда кечаётган шундай таҳликали даврда жонажон Ўзбекистонимизга раҳбарлик қилувчи унинг мустақиллигини асраб-авайловчи, тинчлик-осойишталиги, фаровонлигини таъминловчи, иқтисодиётини, ижтимоий ҳаётини барқарор ривожланишига бошчилик қилувчи, тинчликсевар сиёсатни олиб борувчи инсон бўлиши даркор. Боз устига, ҳар томонлама чуқур билим, кенг фикрлаш қобилияти, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, турли синовларда тобланган, талабчан ва жонкуяр, жавобгарликни ўз зиммасига оладиган шахс бўлиши лозим.

Мана шундай инсон — Шавкат Миромонович Мирзиёев ўзининг шижоати, фидойилиги, қатъийлиги, катта тажрибаси билан истеъдодли раҳбар сифатида ҳаммамизга танилган ва халқимиз ўртасида катта обрў қозонган. Бош вазиримиз учун катта-кичик масаланинг ўзи йўқ. У қаерда бўлмасин, вужудга келган муаммонинг икир-чикирларигача етиб бориб, охиригача ҳал этиб келади. Шу жумладан, зиддиятли бўлган минтақавий экологик муаммоларни ҳал этишда, бу борада турли таҳдид ва хавфларнинг олдини олишда доимо бош-қош бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасига ажратилган маблағлар миқдори етти мартага ўсди. Чунончи, ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қиймати 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этадиган 500 дан зиёд лойиҳани қамраб олган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, тиклаш ва Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мажмуавий дастурининг жаҳонда андозаси йўқ.

Биз Ўзбекистон Республикаси президенти вазифаси ва ваколатларини вақтинча бажаришни Шавкат Миромонович Мирзиёевга юклатилишини тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Халқ демократик партияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Ҳотамжон Кетмонов: Ҳурматли мажлис иштирокчилари. Ҳозирги вазиятда бизнинг олдимизда муҳим вазифа турибди. У ҳам бўлса, қанчадан қанча машаққат ва қийинчиликлар билан қўлга киритилган мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, тараққий топган давлатлар қаторига киришга эришишдир. Тез суръатлар билан ўзгариб бораётган бугунги давр мамлакатимизни демократик янгилаш, модернизация қилиш, унинг иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш йўлида бошлаган ислоҳотларимизни тизимли ва изчил давом эттиришни талаб этади.

Шу нуқтаи назардан фракциямиз Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг таклифи ва Сенат Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига юклаш тўғрисидаги қарорини оқилона ёндашилган, деб ҳисоблайди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда, давлат дастурларининг, Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг ўз вақтида самарали ижросини таъминлашда Шавкат Миромоновичнинг ўзлари бош-қош бўлиб турганликларини бугунги кунда ҳаммамиз яхши биламиз.

У киши ҳар бир масалага ўта масъулият билан қарайдиган, талабчан, фидойи раҳбар сифатида танилган. Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлар эдимки, Шавкат Миромонович бошчилигида ҳукумат томонидан ижтимоий соҳага, бу соҳа олдида турган муаммоларни ўз вақтида ечишга, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга биринчи галдаги вазифалардан деб қараб келинмоқда. Буни бизнинг жойлардаги электоратларимиз доимий эътироф этиб келади. Барча йўналишларда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган ва давом эттирилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бераётганига бугун барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига юклатилишини Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қўллаб-қувватлайди ва сизларни ҳам маъқуллаб, овоз беришга чақиради.

«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Сарвар Отамуротов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Сарвар Отамуротов: Кун тартибидаги масала юзасидан, партиямизнинг дастури нуқтаи назаридан баъзи фикр-мулоҳазаларни айтмоқчиман.

Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси президенти қарор ва фармонларини самарали амалга оширишда ижро ҳокимиятининг ҳиссаси жуда катта. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган 7345 та моддий-маданий мерос объектларини асраб-авайлашда, Самарқанд, Хива, Бухоро, Тошкент ва бошқа қадимий шаҳарларимизни юбилейларини ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда нишонлашда, номоддий мерос объектларини муҳофаза қилишда, сақлаш ва тарғиб қилишда ҳукуматимизнинг, бош вазир Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ҳиссаси беқиёс. Жойларга чиққанда, амалга оширилган ишларни кўрганда электоратимиз вакиллари билан учрашганда бунга гувоҳ бўляпмиз.

Шу билан бирга, глобал аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам Вазирлар Маҳкамаси ва бош вазиримизнинг доимо диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Дунё бозорларида нархлар беқарорлигига қарамасдан, кўпгина чет давлатларда доимий тарзда аксарият маҳсулотларга нархлар ўсиб бориши ҳолатида бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари барқарор сақланиб турибди. Ва бу ишларни ташкил этаётган бош вазиримизнинг фаолияти аҳолимиз томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, билдирилган фикрларга қўшилган ҳолда, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси Сенат раиси таклифини қўллаб-қувватлайди ва ҳурматли депутатлар ва сенаторлар, сизларни фракциямиз номидан ушбу таклифни маъқуллаб, овоз беришга чақирамиз.

«Адолат» социал-демократик партияси раҳбари Наримон Умаров.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Наримон Умаров: Барчамизга маълумки, мамлакатимиз ривожланишининг асосий йўналишлари президентимизнинг фармонлари, қарорлари ҳамда кўрсатмалари асосида белгиланадиган бўлса, уларни бевосита ҳаётга самарали татбиқ этишда бош вазиримиз Шавкат Миромоновичнинг ўрни нақадар беқиёс эканлигини барчамиз яхши англаймиз.

Мен шахсан ўзим Шавкат Миромоновични кўп йиллардан бери яқиндан биламан. У кишини турли лавозимларда ишлаш даврларида кузатганман, бевосита у кишининг раҳбарликларида фаолият ҳам юритганман. Шавкат Миромонович ҳар қандай вазиятда ҳам адолатли, тўғри қарор қабул қилиш хусусиятига эга раҳбардирлар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси президенти вазифаси ва ваколатларини вақтинча бажаришни Шавкат Миромонович Мирзиёевга зиммасига юклаш таклифини қўллаб-қувватлайди ва барчангизни шундай қарор қабул қилишга даъват этади.

Сенатор Содиқ Сафоев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Содиқ Сафоев: Мустақил тараққиёт йилларида яратилган мустаҳкам давлат бошқаруви, демократик институтлар ва миллий қонунчиликнинг пухта тизими келажакка комил ишонч билан қарашга бизга имкон бермоқда. Барчамиз ва ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз — Ўзбекистондаги тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни сақлаш, тараққий топган жамият қуриш йўлидаги ҳаракатимизни дадил, узлуксиз давом эттиришдир. Бу биринчи навбатда давлатимиз ва жамиятимиз ривожида давомийликни таъминлаши лозим.

Барчамиз тушунамизки, олдимизда турган кечиктириб бўлмайдиган масала — давлат раҳбари вазифа ва ваколатларини юклатишдир. Бу ниҳоятда катта масъулият. Ҳар томонлама ўйланган, кўр-кўрона расмиятчилик асносида эмас, балки тўлақонли сиёсий ёндашувни талаб қилади. Бугунги ўта мураккаб халқаро шароитда жаҳонда ва атроф теварагимизда аҳвол ниҳоятда қалтис бўлиб, вазият тобора кескинлашиб, зиддиятлар авж олаётган бир вақтда, аминманки, президентимиз ваколатлари ҳар соҳада, шу жумладан, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий алоқалар бобида чуқур билим ва амалий тажрибага эга бўлган, халқаро муносабатларни ҳар томонлама англаган ва Ўзбекистонга ҳамкор бўлган давлатлар раҳбарлари орасида обрўга эга бўлган шахс зиммасига юклатилиши керак. Буни даврнинг ўзи талаб қилади. Бу халқимиз тақдири олдидаги юксак масъулиятимизни англатади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз президенти вазифаси ва ваколатларини юқорида қайд этилган барча фазилатларга эга бўлган, мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ президентимиз Ислом Каримовга ёнма-ён елкадош бўлиб, турли даражадаги ҳокимият идораларида ишлаб келган Ислом ака Каримовнинг содиқ шогирди, Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевга вақтинча юкланиши ягона тўғри қарор бўлади. Шавкат Миромоновични бутун халқимиз танийди. Унинг фазилатларини ҳар бир фуқаро билади, десам ҳеч муболаға бўлмайди. Мамлакатнинг барча қатламлари — зиёлилар, ишчилар, ўқувчилар, деҳқонлар орасидан, барча ҳудудларда, энг узоқ туманларда Шавкат Миромонович ўзининг жўшқин ғайрати, шижоати, ватанпарварлиги, миллий қадриятларимиз ва эътиқодимизга самимий, дилидан, юрагидан садоқатлилиги эвазига катта ҳурмат ва эл-юрт эҳтиромига асосли равишда сазовор бўлди.

Мен шуни айтмоқчиманки, бу кишига генетик, қон-қонига сингиб кетган — намойишкорона эмас — самимий мардлик хос ва буни сезмай бўлмайди. Мен ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда шуни қайд этмоқчиманки, Шавкат Миромоновични узоқдаги ва яқин қўшни давлатлар орасида чинакам халқаро обрў қозонган, тажрибали, йирик арбоб сифатида эътироф этилган. У энг катта хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан, энг нуфузли иқтисодий тузилмалар билан бўлиб ўтган музокараларда — биз буни кўп маротаба кўрганмиз — Ватанимиз миллий манфаатларини илгари суриш, керак бўлган пайтда қатъиятлик билан ҳимоя қилиш қобилияти намоён бўлганига гувоҳи бўлганмиз.

Ҳурматли дўстлар, бир нарсани қайд этишни ўзимнинг инсоний бурчим деб биламан. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом ака Каримов билан видолашувнинг оғир, қайғули кунларида халқимизни янада жипслаштиришда, барчамизнинг бир тану бир жон бўлиб, Ватанимизнинг буюк фарзандига охирги эҳтиромни бекаму кўст билдиришни ташкил қилишда яна бир бор Шавкат Миромоновичнинг нафақат катта ташкилотчилик иқтидори соҳиби эканлиги, балки ўз устозига ўз отасидек чин дилдан қайғуриб хизмат қилганлигини, унинг чинакам инсоний муносабатини кўрдик. Буни халқимиз, ҳаммамиз қадрламай, эъзозламай иложи йўқ.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Муса Ерниязов: Муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистондек гўзал мамлакатимизнинг асосчисидир. Бу инсон мамлакатни барпо этиб, ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқдилар. Иқтисодиётда бўладими, ижтимоий-маданий соҳада бўладими, юртбошимиз раҳбарлигида 25 йилда амалга оширилган ишларнинг салмоғи 100 йилларга татийди.

Муса Ерниязов сўзга чиққан вақтда таблода берилган эълон. Соат 12:14.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Ҳурматли мажлис қатнашувчилари. Қорақалпоғистон халқи Шавкат Миромоновични жуда яхши билади. Нега деганда, Қорақалпоғистонда Шавкат Миромонович кириб бормаган бирорта овул, бирорта қишлоқ йўқ. Уни билмайдиган, танимайдиган фермер ҳам, деҳқон ҳам йўқ. Қорақалпоғистоннинг барча соҳалардаги муаммоларини ҳал қилиб, шаҳар ва овулларимизнинг чирой очишида, халқимиз дастурхони тўкин бўлишида ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келаётганини Қорақалпоғистон халқи юқори баҳолайди.

Яхши биламизки, ҳар қандай қарор ижроси билан қадрли. Шавкат Миромоновичнинг Ватан олдидаги хизматлари шундан иборатки, бу инсон президентимиз томонидан имзоланган ҳар бир ҳужжат ижроси ўз вақтида тўлиқ таъминланиши учун куйиб-ёниб ишламоқда ва биздан ҳам шуни талаб қилмоқда. Шу боис мен барча депутатлардан ва Сенат аъзоларидан Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатини вақтинча бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевга вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлашни илтимос қилардим.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Шавкат Солиҳов: XXI аср ва кейинги асрлар — илм ва технологиялар асри. Буни Ислом Абдуғаниевич жуда чуқур билардилар. 1992 йили, ўша оғир вақтда 1,5 миллион доллар берилган, 300 миллион сўм берилган, янги институт — Генетика институти барпо қилинган. Ген муҳандислиги бўйича ишларни бошланглар, деб масалани қўйганлар. Ислом Абдуғаниевич гапирганларидан кейин, Шавкат Миромонович шуни тепасида туриб, рўёбга чиқарадиган одамлардан биттаси эдилар.

Ген муҳандислигида биз ген-нокаут технологиясини қўллаб, пахта технологиясини яратдик. Бу нарса дунё бўйича биринчи марта қилинди. Ҳозир бу 140 давлатда патентланган. Агар Шавкат Миромонович ўшанда аралашмаса, шу нарсалар ҳеч қачон бўлмас эди. Бу нарсаларни ниҳоятда сезиш керак, билиш керак. Бу фазилатларнинг ҳаммаси Шавкат Миромоновичда бор.

Шавкат Миромоновичда жуда ҳам ажойиб фазилатлар бор. Мен ўйлайманки, агар биз бир овоздан, мен сизлардан илтимос қилардим, президентнинг ваколатлари вақтинча бериладиган бўлса, бу жуда ҳам тўғри бўлади.

Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Зоир Мирзаев: Ҳурматли бош вазиримиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг биз Самарқанд халқи жуда ҳам яхши эслайди. 2001 йилда оғир аҳволда қолган вилоятни қандай қилиб ривожланиш йўлига қўйганликлари, қандай қилиб вилоят халқини уйғотганликларини ҳалигача Самарқанднинг бутун халқи эслайди.

Албатта, Ўзбекистоннинг ўтган даврдаги олиб борган бунёдкорлик ишлари ҳақида мендан аввал сўзга чиққанлар ҳам кўплаб мисолларни келтиришди. Гап бунёдкорлик ишлари, қурилишлар, ободонлаштириш ишлари тўғрисида кетаркан, буни жойига бориб назорат қилиш, ҳар бир объектни муддатида сифатли қилиб топширишда ҳурматли бош вазиримиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари борлигини бу ерда изоҳлаб, алоҳида таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Бутун дунёда рўй бераётган нотинчлик, хунрезлик, аҳоли норозилигининг тагида, биринчи навбатда, сиёсатчиларнинг таҳлили шундай бўляптики, раҳбариятнинг пастдаги ҳолатдан хабардор эмаслиги, аҳолининг дардини эшитмаслиги ётади, асосан. Мана шу нуқтаи назардан ҳам Шавкат Миромонович иккинчи йўналишни айтадилар: «Биз, ижро органи, кабинетда мебелга қоровуллик қиладиган мансабдор эмасмиз, биз халқнинг хизматкоримиз, пастга тушинглар, раҳбарлар», деган нарсани айтади. Ва бу нарсани оддий сўз билан эмас, юракларидан чиқариб, пастдаги халқнинг аҳволини ҳақиқатда билган, кўзи билан кўрган, ўша билан яшаётган фидоий раҳбар сифатида бизга уқтирадилар. Шавкат Миромонович 27 йил муҳтарам юртбошимизнинг ёнларида елкама-елка юриб, мана шу нарсани тўлақонли уддаладилар ва бу нарсага биз гувоҳмиз.

Ҳозир Ниғматилла Тўлқинович ўринли таклифни ўртага ташладилар. Энг тўғри таклиф, деб ўйлайман. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда халқимизни, давлатимизни улуғ президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов яратиб берган тўғри йўлдан ҳеч қандай узилишларсиз бошлаб борадиган инсонни мен фақат Шавкат Миромонович тимсолларида кўряпман.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати раҳбари Баҳодир Ғаниев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Баҳодир Ғаниев: Ҳар йили 1 миллионга яқин иш жойларини яратиш, 500 мингга яқин коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш дастурлари ҳукумат раҳбарининг эътиборлари марказида бўлган. Ўша дастурларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида тўрт томонлама шартномаларни ташкил қилишни жорий қилиш, дунёда тажриба бўлмаган 19-20 яшар болаларга, коллеж битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредитни ишониб бериш, бундан ташқари, олти ой давомида солиқдан озод қилиш каби ташаббусларни Вазирлар Маҳкамасида қабул қилиб, жорий этганлар.

Ўтган йиллар давомида уюшмаган ёшлар билан ишлашга ҳам жуда катта эътибор бериб келганлар. Уюшмаган ёшларни қамраб олиш, уларнинг турли номаъқул йўлларга кириб кетишининг олдини олиш мақсадида, ҳам бизнинг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатини улар билан ишлашга ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги Вояга етмаган, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияларни ҳам жонлантирдилар. Ҳукумат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2014 йилнинг 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга доир давлат сиёсатини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам ҳамда ушбу қарорда 1-банд бўлиб турган «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни ҳам ташаббус қилиб киритилган эди.

Ушбу қарордан кейин ҳар йили мамлакатимизда ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашга қаратилган 100 га яқин йирик танловлар, лойиҳалар ва чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Қонунни гапирадиган бўлсак, яқиндагина Қонунчилик палатаси депутатлари билан шу залда, бундан сўнг 24 август куни Сенатнинг йиғилишида ушбу қонун маъқулланди. Эътиборга молик томони шундан иборатки, ушбу қонуннинг ишлаб чиқилишида ҳурматли бош вазиримиз ўзлари шахсан иштирок этганлар ва Вазирлар Маҳкамасида бир неча марта муҳокама бўлган ва бутун республикадан йиғилган ёшларнинг таклифларини биз уларга тақдим қилганмиз, ўзлари ҳам кўплаб таклифларини берганлар. Ҳурматли бош вазиримизнинг эшиклари ҳар доим ёшлар ташкилотимизга очиқ бўлган ва улар доим меҳнат фаолиятлари давомида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келганлар.

Ҳаммамизга маълум, Жиззах вилоятига ҳокимлик вақтларида республикада биринчи бўлиб ёшларнинг йирик марказини, бюджетда маблағ етарли бўлмаган, тақчиллик бўлган, ҳашар йўли билан биринчи ёшлар марказини ташкил қилганлар. Бош вазир этиб тайинланганларидан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб шинам, замонавий ёшлар марказларини барпо қилиш жараёнига ўзларига бошчилик қилиб келяптилар. Уларнинг ташаббуслари билан Андижон ва Наманган вилоятларида Ёшлар боғлари, Урганч шаҳрида Ёшлар кўли, Ўзбекистоннинг энг олис ҳудудларидан бири — Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида замонавий 3Д-кинотеатр ташкил қилинган. Бугун ўша 3Д-кинотеатрга ҳар ой 4 мингга яқин ёшларимиз ташриф буюришмоқда. Ўша Ёшлар марказида ташкил этилган 20 га яқин тўгаракларда бир вақтнинг ўзида 300 дан зиёд ёшларимиз билим ва кўникмаларини шакллантирмоқда.

Яна бир мисол келтирмоқчиман — 2014 йил январь ойида ёшлар сиёсатига бағишланган селектор бўлганди. Шу селекторда Шавкат Миромонович бир ғоя бергандилар — ёшларимиз учун олдиндан бадал тўловисиз имтиёзли кредит эвазига битта ойлиги билан тўлаб бора оладиган уйлар барпо этамиз, деган ғояни олдинга сургандилар. Биз 2014 йили бу лойиҳа анча вақт талаб қилади, икки-уч йилда бўлса керак, деб ўйлагандик. 2014 йилнинг ўзида биринчи 50 та уй топширилган. Бугунги қадар 4 мингга яқин ёш оилалар, иқтидорли, ижтимоий фаол ёш оилалар шундай уйларга кўчиб киришга муваффақ бўлди. Бу албатта барча ёшларимизни юқори марраларни забт этишга, чўққиларни қўлга киритишга, ўз соҳасида юксак натижаларни қўлга киритишга ундаш билан бир вақтда, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ёшлар ташкилоти сифатида нуфузини оширишга ҳам жуда катта хизмат қилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Раҳмонбек Усмонов: Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари. Ҳозир Ўзбекистон президенти ваколатларини вақтинча бажариш вазифасини Шавкат Миромонович Мирзиёевга юклаш тўғрисида таклиф киритилди. Бу ўз вақтида киритилган жуда тўғри таклиф ва мен бу таклифни тўла қўллаб-қувватлайман.

Ўзингиз ҳам гувоҳсиз, бозорларимиздаги аҳвол олдинлари қанақа эди? Куз билан баҳордаги бозор кескин фарқ қиларди. Баҳор пайти бозорларимизнинг ярми бўм-бўш бўларди. Баҳор пайти нарх-наво уч-тўрт, баъзи маҳсулотларники беш баробар ошиб кетарди. Ҳозир аҳволни ўзингиз кўряпсиз — ҳозир қайси пайтда киришингиздан қатъи назар, ёз бўладими, қиш бўладими, баҳор бўладими, маҳсулотларнинг мўл-кўллиги, уларнинг тури, энг муҳими, нархи бўйича ҳеч қачон бир-биридан кескин фарқ қилмаяпти. Бунинг асосий сабаби, ўйлашимча, ҳурматли Шавкат Миромоновичнинг фермерлар ишини тўғри ташкил қилиб, шуни қўллаб-қувватлашлари бўлса, иккинчиси, нафақат вилоятларда, Тошкент шаҳрида ҳам, республикамизда ҳам кўп сиғимли совуткичли омборхоналар қурилиши натижаси, деб ўйлайман. Охирги пайтда, уч йилда Тошкент шаҳрида гўштнинг нархи ўзгаргани йўқ, ҳурматли депутатлар, сенаторлар. Ҳозир картошка ва пиёзнинг нархи 2012 йилда қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўша нарх турибди.

Тағин бир соҳа, шаҳардаги энг муҳим, халқнинг кайфиятига таъсир қиладиган соҳа деб ўйлайман — коммунал соҳа. Эсингизда бўлса, мустақиллик даври энди бошланган пайтда ва ундан кейинги даврларда тизимимиз йўқ эди. Кўпгина шаҳарларимизда, уят бўлса ҳам айтамиз, уйларимизнинг томлари оқиб ётарди, подъездларига қаралмас эди, ис босиб ётарди, ертўлалар сув бўларди. Мана ўша нарсаларнинг ҳаммасини босқичма-босқич, шошмасдан, ҳамма камчиликларини бир сидра, секин-секин, ўзлари бош бўлиб, камайтириб келинмоқда. Узоққа бормайлик, бу ерда ўтирганларнинг кўпчилиги кўп қаватли уйларда турасиз — ўз уйларингиз мисолида мана шу бўлаётган ишларга гувоҳи бўлишингиз мумкин. Президентимизнинг йўл-йўриқлари, Шавкат Миромоновичнинг ташкилотчиликлари эвазига Тошкент шаҳри тубдан ўзгартириб юборилди. Бугунги кунда Тошкент дунёда яшаш энг қулай, энг зўр масканлардан бирига айланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатини вақтинча бажаришни Шавкат Миромонович Мирзиёевга юклаш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.

Бўка туманидаги «Ёқутхон Саид» фермер хўжалиги раиси Саидислом Сайдуллаев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Саидислом Сайдуллаев: Биз, бутун халқимиз каби, фермерлар ҳам элим деб, юртим деб ёниб яшашни, муқаддас Ватанимизни севишни муҳтарам юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовдан ўрганганмиз. Юртимизда фермерлар ҳаракатини кенг йўлга қўйиш, қишлоқда мулкдорлар, фермерлар синфини ташкил этиш борасида, ерни ҳақиқий эгасига топшириш йўлида жонбозлигини ҳеч қачон унутмаймиз.

2012 йили Ўзбекистон Республикасида фермерлик ҳаракатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги муҳтарам юртбошимизнинг ПФ-4478 фармонларини амалга татбиқ этиш мақсадида ҳукумат раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев республикамизнинг барча ҳудудларидаги фермерлар билан Тошкентдаги «Туркистон» саройида уч кун суҳбатлашдилар. Бугунги фермерлик ҳаракатини янада тубдан ўзгартириш, уни ҳақиқий маънода кўп тармоқли қилиш, энди фақат ғаллачилик, пахтачилик йўналишида эмас, шулар қаторида чорвачиликни, боғдорчиликни, асаларичиликни ва аҳолига сервис хизмати кўрсатишни йўлга қўйиб, кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантиришга ўзларининг улкан хизматларини қўшдилар.

Мен қишлоқ хўжалиги соҳаси вакили, мулкдор тадбиркор фермер сифатида муҳтарам депутатларимиз ва сенаторларимиздан мана шу қарорни қўллаб-қувватлаб беришларингизга даъват қиламан.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Шуҳратбек Абдураҳмонов: Мен ўз президентига, халқига, Ватанига фидоийликни Шавкат Миромоновичда кўраман. Бу фидоийлик президентга, халққа, Ватанга бўлган чексиз муҳаббатдан деб биламан. Ҳурматли мажлис қатнашчилари, рухсатингиз билан, Шавкат Миромоновичнинг қилган ишларидан минглаб мисоллар келтириш мумкин, учта мисолни айтиб ўтмоқчиман.

Биринчиси, 2000 йилларда муҳтарам юртбошимизнинг фермерлик ҳаракати бўйича ғояларини Андижон вилоятидаги айрим раҳбарлар пайсалга солиб турган бир пайтда, 2003 йили бош вазир бўлиб келганидан кейин қатъият билан фермерлик ҳаракатини Андижон вилоятида амалга ошириб, мана бугун қандай натижаларга эришаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб-турибмиз.

Иккинчиси, ҳукуматимизнинг давлатимиз сарҳадларини мустаҳкамлаш, чегараларимиз мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича олиб бораётган ишларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шавкат Миромоновичнинг 2014 йилда чегара ҳудудларимизда 16 километр Қорадарёсини сув ювиб кетган. 150 мингдан ортиқ аҳолига хавф солиб турган ҳудудда ўзи шахсан бориб, салкам 11 километр жойни пиёда хонадонма-хонадон юриб, дамбани 28 кунда қайта тиклаб, аҳолимизни хавфсиз ҳудудларга кўчиришда қилган меҳнатини андижонликлар қаҳрамонлик деб баҳолашади.

Бундан ташқари, ўтган йили кузда бош вазиримиз Андижонга борганларида вилоят марказининг Эски шаҳар қисмини бирма-бир кўздан кечириб, натижада Эски шаҳарда иккита замонавий кўча — яъни, Мустақиллик шоҳ кўчаси ва Ёшлар шоҳ кўчасини ташкил этиш бўйича берган топшириқларини ўзи шахсан назоратига олиб, барча муаммоларни ҳал қилиб, бугун Андижондаги Эски шаҳарга борган аҳолимиз ўтган йилги, бир йил давомида қилинган ишларни таниёлмайди. Бу кўчаларда кўплаб кўп қаватли уйлар, «Камолот» уйлари ҳамда замонавий коммуникацияга эга бўлган жуда чиройли кўчалар барпо этилиб, Андижон шаҳар аҳли жуда миннатдор.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Барча депутатлар, сенаторларни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромоновичга Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатларини вақтинча бажаришни юклаш тўғрисидаги таклифни тўла қўллаб-қувватлашга даъват этаман.

Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари — молия вазири Рустам Азимов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Рустам Азимов: Ҳурматли раис, ҳурматли Сенат аъзолари, ҳурматли депутатлар. Бугун оғир кунларда турибмиз. Куни кеча муҳтарам юртбошимиздан жудо бўлдик ва бутун халқимизга жуда катта, оғир мусибат келтирди. Албатта, Ислом Абдуғаниевич тўғрисида кўп гапирилди ва ҳали кўп гапирамиз. Бу инсон Ўзбекистонни энг оғир даврида бошқариб, Ўзбекистонни энг хонавайрон бўлган республикадан ривожланган, тинч-тотув, барқарор, халқи бахтли ҳаёт кечирадиган давлатга айлантирдилар.

Лекин афсуски бугун Ислом Абдуғаниевич бизни тарк этдилар ва ҳозир бутун халқимиз, 32 миллион қайғурган халқимиз катта савол беряпти — нима бўлади эртага? Давлатимиз қаерга боради? Муҳтарам президентимиз яратган заминни давоми қандай бўлади, деган саволга шу кунларда, авваламбор, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари — жавоб топишимиз керак.

Шу нуқтаи назардан қараганда бугун Сенатимиз раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг ҳамда Сенат Кенгашининг таклифини, ўйлайманки, давлатчилигимизнинг ривожланиши, энг юқори поғонага чиқишининг далолати бўлади. Чунки улар нафақат расмий нуқтаи назардан, балки чуқур англаган тарзда, ҳозирги оғир, таҳликали даврда 32 миллионли халқнинг тақдирини ўйлаган тарзда шу таклиф билан чиқишди. Ва, ўйлаймизки, ҳаммамиз шу таклиф билан чиқишгани учун, авваламбор, Сенат аъзоларига, Йўлдошев Ниғматилла акага миннатдорчилигимизни билдиришимиз керак.

Ҳозир таклиф бўлдики, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг зиммаларига Ўзбекистон давлатининг президентлик ваколатини ҳамда вазифаларини юклатиш. Ўйлайманки, ҳозирги даврда бу энг муҳим ва якка-ю ягона тўғри таклиф бўлади ва буни мендан олдин сўзга чиққанлар тўлиқ тасдиқлаб берди. Шавкат Миромоновичнинг кўп фазилатлари бор, кўп ҳислатлари бор. Лекин кўп фазилатларининг ичида биринчиси нима деб сўрасангиз, мен ўйлайманки, биринчи фазилатлари — Ватанни севиш фазилати.

Давлатнинг раҳбари ҳар бир масалани — бизга буни юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич ўргатганлар — тагига етиб, кейин аниқ қарор бериш жуда муҳим ва шу нуқтаи назардан Шавкат Миромоновични, мана, кўп одамлар сўзга чиқди, қишлоқ хўжалиги бўладими, фан бўладими, саноат бўладими, таълим тизими, тиббиёт тизими, ҳар бир соҳанинг ичига, тагига етиб, уни чуқур билиб, англаб ўзларининг ёндашувларини белгилаб, кейин қарор берадилар.

Учинчиси, бу ишчанлик. Ҳукумат аъзоси сифатида айтишим мумкин, кечаси соат 2:00 да ҳам телефон қиладилар, топшириқлар бериб. Эрталаб биз ишга келганда, саволлар бўлади, «улаб беринглар» деб сўраганимизда, «йўқ» дейишади — эрталаб соат 6:00 дан селектор ўтказяптилар. Кечаси 2:00 да топшириқ, эрталаб соат 6:00 дан қишлоқ хўжалиги ёки бошқа масалалар бўйича селектор ўтказадилар. Бунақанги ишчанликни нафақат бизнинг давлатимизда, балки дунёда ҳам камдан-кам кўриш мумкин.

Ва энг муҳими, мен ўйлайманки, ҳар битта қарорларида Шавкат Миромонович биринчи галда оддий одамларнинг манфаатларини ўйлайдилар. Оддий одамларнинг манфаати қай даражада бажариляпти? Қоғозда эмас, чиройли шиорларда эмас, амалда. Айтмоқчиманки, Шавкат Миромонович юртбошимизнинг ҳақиқий, содиқ шогирди бўлганлар ва бўлиб қоляптилар. Шавкат Миромонович юртбошимизнинг сиёсий фарзанди деб айтсак, менимча, тўғри бўлади. Шавкат Миромонович юртбошимизнинг сиёсий меросхўри деб айтсак ҳам, тўғри бўлади.

Шунинг учун мен ҳукумат вакили сифатида, ижро ҳокимияти вакили сифатида ҳурматли сенаторларни ва депутатларни Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммаларига Ўзбекистон Республикаси президенти вазифаси ва ваколатларини юклатишга даъват қиламан ва шу учун сизларни овоз беришга илтимос қиламан. Раҳмат.

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Иқбол Мирзо: Шавкат Миромонович бевосита юртбошимизнинг тарбияларини олиб, уларнинг бошқарув санъати дорилфунуни битказган етук раҳбар, етук номзод деб айтишга бемалол ҳақимиз бор.

Кўпчилик Шавкат Миромоновични билганлар гоҳида сўрашадики, бу киши шунча энергияни, шунча куч-қудратни, шунча кучни қаердан оладилар, ҳеч тиниб-тинчимайдилар. Мен ўйлайманки, Шавкат Миромонович бу куч-қудратни Ватанга бўлган муҳаббатдан, халққа бўлган муҳаббатдан, президентга бўлган садоқатидан, истиқлолга, юртимиз келажагига бўлган ишончидан олганлар. Ўтган йили, эсингизда бўлса, худди мана шу минбардан туриб, Шавкат Миромонович муҳтарам юртбошимизга қараб, «Биз Ватанни севишни сиздан ўрганганмиз, Ислом Абдуғаниевич!» деган гапни айтган эдингиз. Ҳақиқатан ҳам, муҳтарам юртбошимизнинг муносиб шогирди сифатида Шавкат Миромоновични биз яхши биламиз.

20 йиллар олдин Зоминда сиз ташкил қилган ёш ижодкорлар семинарида қатнашганмиз, биз ўзимиз ҳам шу семинардан жуда катта куч олганмиз, жуда катта илҳом олганмиз. Кейин мана шу ижодкорларга берган эътиборингизни, меҳрингизни кўриб туриб, айтаманки — аввалбошдан бошланиб келган бу эътибор, дейман. Бизнинг устозларимиз ҳам, оқсоқол шоирларимиз ҳам, адибларимиз ҳам айтишардики, сиз ҳақингизда адабиётни, санъатни тушунадиган, уни қадрлайдиган, маънавияти бутун раҳбар деб гапиришарди. Дўрмон ижодий уйи қандай аҳволга келиб қолганди, уни чиройли қилиб, одамларнинг ҳаваси келадиган даража таъмирланишига бош бўлдингиз. «Ижод» фондини тузиб, унинг фаолиятини йўлга қўйишда жонбозлик қилдингиз.

Шавкат Миромонович узоқ йиллар юртбошимизнинг ёнида фаолият олиб бориб, у кишининг режаларини, орзуларини, керак бўлса, армонларини ҳам яхши биладилар. Ва мана шу армонлари, орзуларини ҳам қандай қилиб ушалтириш мумкинлигини ҳам бу кишидан яхши биладиган одам йўқ.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбари Александр Фармонов.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Александр Фармонов: У исталган ишлаб чиқаришни жуда нозик тушунади ва масалаларни зудлик билан ҳал қилади. Бугун буни тасдиқловчи фактлар, катта натижалар бор. Жаҳонда давом этаётган узоқ муддатли инқирозга қарамай, ҳар йили республикамиз ҳар ҳолда ишлаб чиқаришда, умуман олганда, ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича ҳам камида 8 фоизлик ўсишни қайд этмоқда. Бу жуда катта натижа, бундай натижага эга давлатлар бармоқ билан саноқли. Ҳозир кўплаб мамлакатларда рецессия кузатилмоқда.

Мен Шавкат Миромоновични тахминан 1980 йиллардан бери биламан. Биз у вақтларда ҳали Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари эдик. У ўшанда Мандат комиссияси раиси эди. Ёш, куч-қувватга тўла эди, умуман олганда, у ҳозир ҳам шундай — бу масалада у ўзгармайди. Ўшанда у мамлакатимиз мустақиллиги учун ҳаракат қилган энг фаол депутатлардан бири эди. Ваҳоланки, у вақтларда иккиланувчилар ҳам кўп эди — мен унақаларни «кул ранг одамлар» дейман, улар на бизники, на уларники. Ундан кўра ё оқ бўл, ё қора, лекин улар мана шунақа — кул ранг. Қоралар ҳам бор эди лекин.

Александр Фармонов сўзга чиққан вақтда таблода берилган эълон. Соат 13:19.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Мен Шавкат Миромоновичнинг характерида, аввало, қатъиятлилик ҳар доим лол қолдиради. У масъулиятни ўзига олишдан қўрқмайди. Афсуски, кўплаб раҳбарларда қандайдир бюрократик қилиқлар бор, лекин у ҳеч қачон қўрқмайди, ҳар доим жавобгарликни ўзига олиб, амалда ҳар қандай масалани ҳал қилади. Унинг узоқни кўра билиши, одамлар билан тил топиша олиши кўп нарсадан дарак, лекин унинг характеридаги энг асосий фазилат — унинг одамгарчилиги. Мана, бугун унинг бутун таржимаи ҳолини айтиб беришди, мен буни такрорламоқчи эмасман. Лекин ҳар ерда унинг энг асосий мақсади — одамларга яхши бўлсин, дейди. Яъни, унинг мақсади — одамларнинг фаровонлиги.

Ишончим комил, Шавкат Миромоновичдек бой хўжалик, касбий, ҳаётий тажрибага эга раҳбар бизнинг авлодимиз бахтиёр мамлакатда яшаши учун мамлакатимизни ривожлантириш ишини давом эттира олади. Мен республика саноати вакили сифатида Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатларини Ўзбекистон бош вазири Мирзиёев Шавкат Миромовичга юклаш тўғрисидаги Сенат раисининг адолатли қарори ва таклифини тўла қўллаб-қувватлайман.

Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори Агриппина Шин.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Агриппина Шин: Жамиятнинг муҳим жабҳаларидаги барча ислоҳот ва вазифалар ижросини таъминлашда ҳурматли бош вазиримиз Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирок этади ва уларга бошчилик қилади. Бугун биз қиёси йўқ 9+3 таълим тизимининг натижаларини олмоқдамиз — булар касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг сифатли, яхши тайёргарлик кўрган ва бугун ўз қобилиятларини нафақат Ўзбекистоннинг ички бозорида муваффақиятли рўёбга чиқараётган, балки халқаро иқтисодий бозорда рақобатлаша олаётган юз минглаб битирувчиларидир.

Ҳаддан ташқари бандлигига қарамай, ҳукуматимиз раҳбари таълим муассасаларига ташриф буюришга ҳар доим вақт топади. У ҳар йили муассасаларимизга келгани боис, ҳар бир касб-ҳунар коллежи, ҳар бир академик лицейнинг аҳволи ҳақида яхши билади ва унинг ташрифи натижаси ўлароқ ҳар доим амалий, ҳақиқий ёрдам кўрсатилади: таъмир, янги ускуналар, мебель, замонавий адабиётлар.

Шавкат Миромонович селекторларда ҳар доим бизни эришилган натижаларда тўхтаб қолмасликка чақириб, бошланган ислоҳотларни давом эттириш кераклигини, инсон капиталига ўз қўйилма ва инвестицияларни киритишда давом этишимиз кераклигини уқтиради. Чунки мамлакатимиз келажаги — бу ўқиган, зеҳни ўткир ёшлардир.

Албатта, Шавкат Миромонович ўз меҳнат фаолиятини педагоглик фаолиятидан бошлагани биз педагогларни илҳомлантиради. Демак, бу йўналиш унга яқин ва қадрли.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Зафар Рўзиев: Давлатимиз раҳбари 2015 йил 1 июль куни ташрифлари чоғида вайрона бўлиб ўтган Қашқадарё соҳилини обод қилиб, тўғонлар қуриб, аҳоли дам олиш масканига айлантириш ишларини бажаришга 1,5 йил вақт бердилар. Очиғини айтсам, биз бундай кенг кўламли ишлар қаршисида ҳайратга тушиб қолгандик.

Шундан икки кун ўтиб, ҳурматли бош вазиримиз Шавкат Миромонович вилоятимизга етиб келдилар ва менга: «Қўрқма, президентимиз топшириқ бердиларми, бу топшириқ сўзсиз бажарилиши керак», деб айтдилар. Ва биз Қашқадарё дарёси устидаги кўприкка бордик. Шавкат Миромонович мендан: «Президентимиз қаерда ва қандай қилиб топшириқ бердилар?», деб сўрадилар. Мен умумий қилиб, «Мана бу ердан туриб кўрсатдилар», деган эдим, у киши: «Айнан қайси нуқтада турган эдилар?», деб, ўша жойда туриб: «Қўллари билан қайси томонни кўрсатдилар? Айнан шу гапни гапирганда қайси қирғоққа — чап қирғоққами, ўнг қирғоққа нигоҳлари тушган эди?», деб, бўлган мулоқотни мендан аниқ қилиб сўраб олдилар.

Шундан сўнг ўша майдонда тупроқ ва чанг ичида 6 соату 20 минут пиёда юриб, карта чизиб, иш ҳажмини ҳисоб-китоб қилдилар. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида ободончилик ва қурилиш ишларини ҳар куни, ҳар бир ғиштни қаерга ва қандай қўйилишини ўзлари назоратга олиб турдилар. Роппа-роса бир йилдан сўнг давлат раҳбари яна вилоятга келиб, «Мен айнан мана шу манзарани назарда тутган эдим», деб, жуда кайфиятлари кўтарилди. Мен шунда президентни ҳукумат раҳбаримиз нақадар чуқур тушунишларини англаб етдим. Мустақиллик ғоялари ва талабларини чуқур тушунадиган ягона раҳбар Шавкат Миромонович деб биламан. У киши президентимиз бошлаган улуғ ишларни юксак даражада давом эттиришларига тўлиғича ишонаман.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари. 3 миллион аҳолиси бўлган Қашқадарё вилояти аҳлининг номидан барча депутатлар ва Сенат аъзоларидан Ўзбекистон Республикаси президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевга юклаш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

Шавкат Мирзиёев: Ҳурматли спикер, ҳурматли Сенат раиси, муҳтарам депутатлар ва сенаторлар, қадрли қўшма мажлис иштирокчилари. Шу кунларда барчамиз биргаликда юрагимизда чуқур дард билан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудоликни бошимиздан кечирмоқдамиз. Нуроний оқсоқолларимиз, мўътабар оналаримиз ва опа-сингилларимиз, ёш йигит ва қизларимиз, 32 миллионли бутун Ўзбекистон халқи, хорижий мамлакатлардаги кўпсонли дўстларимиз буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни чексиз қайғу билан сўнгги йўлга кузатдилар.

Шу фурсатдан фойдаланиб, азиз Ислом Абдуғаниевичнинг рафиқалари — ҳурматли Татяна Акбаровнага, азиз синглимиз Лола Исломовна ва яқинларига барчамизнинг номимиздан яна бир бор чуқур таъзия билдиришга рухсат бергайсиз.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир Ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади.

Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди.

Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода — ҳеч қачон букилмаганлар, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди.

Замонавий Ўзбекистоннинг тарихи — бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. 25 йиллик тарихимиз. Агар кўз олдимизга келтирсак — мингдан минг раҳмат, шахсан мен ҳақимда гапирганларингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман — мана шу залда, олдинги Олий Мажлис залларида, қандай-қандай курашлар бўларди, қандай-қандай фикрлар бўларди. Лекин ўша пайтларда ҳам, ўзим гувоҳман, мана шу курашлар замини бир нарса эдики — жонажон Ватанимизнинг, халқимизнинг эртанги куни ва биринчи кундан Ўзбекистон келажаги буюк давлат деганларини, ўша буюкликка ҳар куни 24 соат ишонтириш, инонтириш, халқимизни ҳам, дунёни ҳам шунга ишонтирдилар. Мана шу ишонч, ҳақиқатан ҳам, ҳаммамизга ғурур, ифтихор бўлиб, мана шунгача келиб, яшаб, мана шуни тушунтирдилар ва ҳамма буни тан олди.

Буюк йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам асосий муаллифи эдилар. Мен ҳам мана шу Конституцияни тайёрлаш гуруҳи аъзоси эдим. Жуда катта курашлар, кўп-кўп ўйинлар бўлган. Агар қаттиқ туриб қилмаганларида, бугунги 25 йиллик, бундай тарих, бундай тизим, бундай интизом, бундай эътироф, дунё эътироф қилмас эди. Ҳозиргидек эсимда, СК (Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси) биносида ўз қўллари билан ёзиб, 24 варақни олиб келиб берсангиз, 26 варақ қилиб, ўз қўллари билан ёзиб келардилар. Бир марта эмас, икки марта эмас, ўн марталаб Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, шуларга ишонтирган. У пайтда ўтирганларнинг 80 фоизи шу Конституцияга ишонмас эди, кечирасизлару, эртанги кунимизга ҳам ишонмас эди.

Мамлакатимиз тоталитар тизимдан воз кечиб, мустақил тараққиёт йўлини танлади, кўплаб қийинчилик ва синовлардан ўтиб, тарихан қисқа даврда жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллади.

Конституция ва унинг негизида яратилган пухта қонунлар, шунингдек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳокимият институтларини шакллантиришни ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мулкчиликнинг барча турларини, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлади.

Ислом Абдуғаниевич «Иқтисодий мустақилликка эришмасдан сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди» деган тамойил ва энг муҳим устувор вазифани амалга оширишни стратегик масала деб ҳисоблар эдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий дастурларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишини таъминлади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 марта ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда.

Мутлақо янги, юқори технологияларга асосланган саноат тармоқлари, хусусан, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар изчил ривожланмоқда.

Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган дунёдаги бешта давлат қаторига киради. Бунинг яққол исботи сифатида мамлакатимизда қурилган ва ўз кўлами бўйича жаҳон миқёсида ҳам йирик ва ноёб ҳисобланган саноат объэктлари, хусусан, Устюрт ва Шўртан газ-кимё комплекслари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи, Андижон, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги автомобилсозлик заводларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Республикамизда жадал суръатлар билан замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил қилинмоқда. Жумладан, Қамчиқ довонидан ўтадиган, ноёб тоғ туннелини ўз ичига олган Ангрен—Поп темир йўл тармоғи, Тошгузар—Бойсун—Қумқўрғон темир йўли қурилди. Тошкентдан Самарқанд, Қарши ва Бухорога йўловчи ташийдиган юқори тезликдаги темир йўл қатнови очилди. Халқаро аэропортлар модернизация қилинди, Навоий аэропорти негизида халқаро логистика маркази ташкил қилинди ва Ўзбекистон миллий автомагистрали барпо этилди.

Қишлоқ хўжалигида туб таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Барчамиз яхши эслаймиз, яқин ўтмишда Ўзбекистонни пахта монополияси ҳукмронлик қиладиган аграр бир мамлакат деб билишар эди. Мисол учун, 1990 йилда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи, асосан, четдан олиб келинадиган импорт ҳисобидан қондирилар эди.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан ер ва сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, экин майдонларини оптималлаштириш ва янги, илғор агротехнологияларни жорий этиш, қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ҳақиқий мулкдорларнинг янги синфи бўлган фермерлик ҳаракати шакллантирилди.

Аҳоли жон бошига асосий озиқ-овқат маҳсулотларини ўртача истеъмол қилиш даражаси кўпайди: гўшт, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 1,5 баробар, сабзавот — 2,6 баробар, мева — 6,3 баробар ошди.

Мамлакатимизда хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар яратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 78 фоизи меҳнат қилмоқда ва улар мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган эзгу ғояни амалга ошириш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини сезиларли даражада яхшилашни таъминлади.

Бугунги кунда Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. 1991 йилга таққослаганда, аҳолининг реал даромадлари 12 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни жадал суръатлар билан ошириш ва аҳолининг уларга бўлган талабини қондириш таъминланмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга бўлган масалаларни ечиш билан бир қаторда, жамиятимиз ҳаётини, фуқароларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини тубдан ўзгартиришга қаратилган кўпқиррали вазифаларга доимо катта эътибор қаратар эдилар.

«Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт» деган чуқур маъноли фикрлари ҳаммамизнинг қалбимизда муҳрланиб қолган.

Юртбошимиз мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги кунини ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган ёшларимизнинг тафаккури ва дунёқарашини кескин ўзгартирган, мутлақо янги таълим ва тарбия тизимини яратиш ва ҳаётга татбиқ қилиш ишларига бевосита муаллифлик ва раҳбарлик қилдилар.

Юртимизда илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт каби муҳим соҳалар фаол тарзда ривожланмоқда.

Давлатимиз раҳбари халқимизнинг маънавий қадриятларига эҳтиром билан муносабатда бўлиш, муқаддас динимиз, анъана ва урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни сақлаб қолиш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди.

Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, айниқса, давлат ва жамият бошқарувида маҳалланинг нуфузини ошириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш борасида улкан ишларни амалга оширди.

Юртбошимиз кекса авлод вакилларига, муҳтарам фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром ва амалий ғамхўрлик кўрсатишни ўта муҳим вазифа деб ҳисоблар эдилар.

Олий Бош Қўмондон сифатида Ислом Абдуғаниевич Каримов Қуролли Кучларимизни тубдан ислоҳ қилиш, жанговар қобилиятини кучайтириш ва шу асосда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ва мустақиллигини ҳимоялаш, сарҳадларининг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш учун беқиёс хизмат кўрсатдилар.

У кишининг ташаббуслари билан тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва юзага келаётган қарама-қаршилик ва зиддиятларни фақат ва фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этишга асосланган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Биз охирги 25 йил давомида жуда кўплаб муҳим анжуман ва йиғилишларни ўтказдик. Уларнинг барчасига муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилик қилганларидан яхши хабардорсиз. Бугун эса тарихимизда биринчи марта бундай муҳим йиғилишни азиз раҳбаримизнинг иштирокисиз ўтказмоқдамиз. Гўёки хаёлимизда у киши ҳозир залга кириб келадигандек бўлиб турибди. Ҳаммамизнинг хаёлимизда, мен ҳам ўтирганимда худди муҳтарам президентимиз бир нарсадан кечикиб, кириб келаётгандек бўлиб турибди. Ҳаммамизнинг хаёлимизда мана шу фикр десам, ўйлайманки, тўғри қабул қиласизлар.

Ўйлайманки, бугунги мажлисда қатнашаётган ҳар бир инсон шу залда буюк йўлбошчимизнинг руҳи ва нафасини сезиб турибди. Ўзбекистон Республикаси биринчи президентининг ўлмас ғоялари, фикр, кўрсатмалари бизнинг қалбимиз ва онгимизга шундай чуқур сингиб кетганки, улар бизнинг келажак сари қатъият билан боришимизда барчамизга доимо таянч ва суянч бўлиши муқаррар.

Шу муносабат билан, биз дунёдаги ҳозирги мураккаб ва кескин шароитни ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, ўзимизнинг биринчи даражали вазифаларимизни биргаликда белгилаб олишимиз даркор.

Бугун биз халқимизни ишонтириб, баланд овоз билан айтишимиз зарурки, буюк устозимизнинг сиёсий мероси, яъни, у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Биринчидан, биз ҳар доим Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг чуқур маъноли ўгитларини, айниқса, «Бизга тинчлик ва омонлик керак!» деган сўзларини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги таҳликали вазиятда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз, юртимиздаги миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашимиз керак.

Шу билан бирга, жамиятимизда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашимиз зарур. Барчамизга маълумки, Ислом Абдуғаниевич Каримов «Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди», деб кўп-кўп таъкидлар эдилар. Биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатда адолатсизликнинг ҳеч қандай шаклда устун бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг ва айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифасидир. Биз халқимизнинг, бугунги замоннинг ана шу муҳим талаби сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз шарт.

Иккинчидан, давлатимиз хавфсизлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашимиз, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашимиз лозим. Вазиятни издан чиқариш, нифоқ солиш, душманлик уруғини сепиш, турли можароларни келтириб чиқариш ва ҳатто қон тўкилишини истаётган кучлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммамиз буни билишимиз шарт.

Очиқ тан олиш керак, биз нотинч замонда, нотинч бир минтақада яшамоқдамиз. Шу сабабли Ватанимиз ҳимоясини ишончли кафолатлаётган, мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаётган ва давлат чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаётган тизимли чора-тадбирлар комплексини жорий этишни қатъият билан давом эттиришимиз зарур. Замон шуни ҳозир талаб қиляпти.

Биз Қуролли Кучларимиз ва ҳуқуқ-тартибот органларимизни бундан кейин ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаб борамиз. Ҳеч кимда заррача ҳам шубҳа бўлмаслиги керак — мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилади.

Бизнинг яна бир энг муҳим устувор вазифамиз — Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан ишлаб чиқилган «ўзбек модели»нинг асоси бўлмиш беш тамойилни амалга ошириш асосида иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни давом эттириш ва унинг рақобатдошлигини таъминлашдан иборат.

Мамлакатимизнинг келгуси ривожи, халқимиз фаровонлиги, унинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш айнан шу масалага боғлиқ.

Жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари секинлашиб, энг муҳим экспорт товарларимизга ташқи талаб камайиб, дунё бозорида уларнинг нархи пасайиб бораётган шароитда Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан иқтисодиётимизни ислоҳ қилишни чуқурлаштириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришга қаратилган ишларимизни янада кучайтиришимиз керак.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил январь ойидаги қўшма мажлисида таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракат дастурини амалда бажаришни давом эттириш зарур. Бу борада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришни давом эттириш, хусусий мулкни ривожлантиришни жадаллаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва таркибий ўзгартиришларни жадаллаштиришга қаратилган ишларни изчил амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Юқорида айтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, асосий диққат-эътиборни қуйидаги устувор вазифаларга қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш зарур. Миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ва маҳаллий даражада бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш керак.

Бунда четдан қарз олиш бўйича консерватив ёндашув сиёсатини давом эттириш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг аввало ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга таяниш зарурлиги ҳақидаги узоқни кўзлаган стратегиясини давом эттириш билан боғлиқ.

Иккинчидан, нодир ва қимматбаҳо металларни чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга оширишимиз зарур.

Учинчидан, ташқи бозорларда рақобат ва беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан бир қаторда мамлакатимиз ҳудудларида ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.

Ана шу мақсадда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, фермер хўжаликларининг экспортда иштирок этишини янада рағбатлантириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Бу иқтисодий ўсиш, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва моддий фаровонлигини оширишнинг асосий локомотиви бўлиши керак.

Тўртинчидан, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб ва топшириқлари ижросини изчил давом эттириш даркор. Турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш зарур.

Бешинчидан, энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифа — Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган Аҳолининг меҳнат билан бандлигини ошириш дастурини бажаришдан иборат. Йил охирига қадар бир миллиондан зиёд янги иш ўринларини ташкил этишимиз зарур. Касб-ҳунар коллежларининг 480 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш масаласи алоҳида назоратни талаб қилади.

Биз жамиятнинг ижтимоий табақаланиш даражасини пасайтириш, мамлакатимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги бўйича Ислом Абдуғаниевич томонидан белгилаб берилган сиёсатни қатъий давом эттирамиз.

Олтинчидан, халқаро коммуникация тармоқларига уланган замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини шакллантириш, шунингдек, миллий ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган стратегияни амалга оширишни давом эттирамиз.

Бугунги шароитда энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада қабул қилинган Миллий дастурга мувофиқ, телекоммуникация технологияларини, алоқа тизимлари ва инфратузилмасини янада ривожлантириш, информацион тизимлар комплекслари ва «Электрон ҳукумат» ахборот базасини шакллантиришимиз керак.

Мамлакатимиз ҳудудларини комплекс ривожлантириш соҳасидаги ишларни давом эттириб, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент, Термиз, Наманган ва Урганч шаҳарларини ободонлаштириш бўйича мамлакатимиз президенти томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалда бажарилишини таъминлаш керак.

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги вазифа — кўп тармоқли фермерликни ривожлантириш, ҳар бир фермер хўжалигининг иқтисодий самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашдир. Бу масалани биз мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг гарови деб ҳисоблаймиз.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббускори бўлган қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолиси учун шаҳар даражасидаги турмуш шароитини таъминлайдиган намунавий уй-жойларни ва тегишли инфратузилмани қуриш бўйича дастурни фаол давом эттирамиз.

Таълим ва тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш масалалари, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тилларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлаш доимий устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Энг муҳим йўналишлардан яна бири — жамиятимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқаролик институтлари ривожланишини қўллаб-қуватлаш, сиёсий партияларнинг обрў-эътибори ва таъсирини ошириш, сайловчиларнинг овози учун рақобатни кучайтиришдан иборат.

Ҳурматли дўстлар! Биз бундан буён ҳам барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Бу борада Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва позициясини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси фаол амалга оширилади.

Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз.

Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бу — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб қолади. Ўзбекистон минтақадаги яқин қўшнимиз ҳамда глобал ва минтақавий муаммоларни ечишда муҳим рол ўйнайдиган Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдордир.

Осиё ва Тинч океани минтақасида биз Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан иқтисодиёт, инвестициялар, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга устувор даражада аҳамият берамиз. Ўзбекистон учун Европанинг етакчи давлатлари, авваламбор Германия, Франция ва Буюк Британия, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Биз Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий равишда яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб боради. Биз Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари билан ўзаро манфаатли ва кенг қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни давом эттирамиз.

Лотин Америкаси ва Кариб минтақаси, Африка қитъасининг етакчи давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.

Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, бошқа халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан давлатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

Ҳурматли қўшма мажлис иштирокчилари!

Иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини муваффақиятли адо этиш, биринчи навбатда, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, барча даражадаги ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқарув идоралари, бутун халқимизнинг Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти ғоялари атрофида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан бор куч ва имкониятларини сафарбар этишига боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Мана шу эзгу мақсад йўлида — Ватанимиз мустақиллигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишларимизда буюк юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг «Она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиш — олий саодатдир» деган сўзлари доимо бизга куч-қувват ва ғайрат бағишлайди, деб ишонаман. Эътиборингиз учун раҳмат.

Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини бош вазир Шавкат Мирзиёевга вақтинча юклаш масаласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўртасида ўтказилган овоз бериш натижалари. Мажлисда қатнашган 147 депутатнинг бари ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қўшма қарор қабул қилинди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев яна сўзга чиқди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатлари ҳам вақтинча юклатилганидан сўнг.

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Шавкат Мирзиёев: Муҳтарам президентимиз айтган ҳамма гапларни амалга ошириш ва энг катта нарса — ҳозир халқимизни тинчлантириш. Халқимиз билиши керакки, ҳамма нарса муҳтарам президентимизнинг айтилган, қилинган ишлари албатта давом эттирилади.

Ҳурматли Спикер, ҳурматли Сенат раиси, муҳтарам депутат ва сенаторлар! Аввало, менга билдирилган юксак ишонч учун сизларга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдиришга рухсат бергайсиз. Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига қадар бўлган муддатда менинг зиммамга бугун ниҳоятда мураккаб ва ўта масъулиятли вазифа юкланганини ҳар томонлама чуқур ҳис қилиб турибман.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, буюк йўлбошчимиз, қадрли Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва чорак аср мобайнида самарали амалга ошириб келинган давлатимизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамда демократик ислоҳотларни жорий этиш борасидаги изчил мустақил тараққиёт йўлини давом эттиришни шу даврда ўзимнинг энг асосий вазифам деб биламан.

Замонамизнинг буюк давлат ва сиёсат арбоби, узоқни кўра биладиган раҳбар, олижаноб маънавий ва ахлоқий фазилатлар эгаси бўлган бу улуғ инсон мен учун юксак идеал, ўз Ватани, ўз халқига фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир.

Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзуниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан.

Бу борада мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига амал қилинишини таъминлашни, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришни, республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳамкорликда ишлашини таъминлашни, яқин ва узоқ қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни энг асосий вазифа деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари билан, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар, фуқаролик институтлари билан биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ишлашни олдимизда турган ғоят муҳим ва устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг энг асосий омили ва гарови деб биламан.

Эл-юртимизнинг юксак ишончини оқлаш, Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш йўлидаги амалий ишлар билан азиз юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг руҳи покларини шод этиш учун бор билим ва тажрибамни, салоҳият ва куч-ғайратимни сафарбар этаман.

Ишонаманки, улуғ юртбошимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси, ўлмас ғоя ва дастурлари йўлимизни нурафшон қилиб, барчамизга доимо мададкор бўлади!

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси президенти тўғрисидаги қонунга мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди. Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўхшаш янгиликлар