• 10507.46
  • 12586.89
  • 136.97
weather Тошкент: +17.2°C
Detail image

Болливуд юлдузи сифатида яхши таниш бўлган туғишган юлдузлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Санни ва Бобби Деоллар

Фото: «Яндекс Дзен»

Дхармендранинг Ҳема Малинидан аввал ҳам турмуши бўлган. Биринчи рафиқаси Пракаш Каур Санни ва Бобби Деолларни дунёга келтирган. Аксарият юлдузлар сингари ака-укалар ҳам киносаноатда карьера қилишга қарор қилган. Бобби акасидан аввалроқ суратга тушган ҳамда «Севгининг абадий эртаги» фильмида отасининг болалиги ролини ижро қилган. «Севгининг кучли» фильмида дебют роль ижро қилган Санни эса шундан кейин фаол суратга туша бошлаган. Бир қанча лойиҳаларда иштирок этганига қарамай, Бобби акасича, киносаноатда муваффақиятга эриша олмаган. Вақт ўтиши билан Саннининг ўзи фильм суратга олишни бошлаган ва укасига ҳам ижро қилиш учун роль беришга ҳаракат қилган.

Кажол Девган ва Таниша Мукержи

Фото: «Яндекс Дзен»

Танужа ва Шому Мукержининг фарзандлари ҳам ота-онаси сингари санъатни танлаган. 1975 йилда дунёга келган Кажол 16 ёшида «Ҳақиқий севги» фильмида суратга тушган. Фильмлари мухлислар қалбидан жой олган актриса ҳар бир ижросидан кейин машҳурликка эришиб борган. Ажай Девган билан суратга олиш майдончасида танишган жуфтлик турмуш қуришга қарор қилган. 20 йилдан буён бирга яшайдиган юлдузларнинг икки нафар фарзанди бор. Актёр ва актрисанинг ҳар иккаласи ҳам вақтини оиласига бағишлашга ҳамда фаолиятини ҳам ташлаб қўймасликка ҳаракат қилади. Илк марта 2003 йилда суратга тушган синглиси Таниша эса Кажолчалик машҳурликка эриша олмаган. Мухлислар, томошабин ва ОАВ уларни таққослаб, Танишани истеъдоди йўқ деб атаган.

Нутан Бехл ва Танужа

Фото: «Яндекс Дзен»

Шобхна Самарт ва Кумарсен Самартнинг фарзандлари Танужа ва Нутанни мухлислар яхши танийди. Илк бор 1950 йилда суратга тушган Нутан «Сима» фильмидаги ижроси сабаб Filmfare мукофотини ҳам қўлга киритиб улгурган. Муваффақиятга эришишда давом этаётган актриса 1991 йилда кўкрак саратонидан вафот этган. Опаси билан бирга «Бизнинг қизимиз» фильмида дебют роль ижро қилган Танужа 1965 йилда «Ой ва қуёш» фильмида ҳам суратга тушган. Бир қанча фильмларда асосий ва иккинчи даражали қаҳрамонни гавдалантирганидан кейин икки марта Filmfare мукофотини қўлга киритган. Шомуга турмушга чиққан актриса Кажол ва Танишани дунёга келтирган. Ажрашганидан кейин эса қизларининг тарбияси билан банд бўлган. Опа-сингиллар орасида Нудан кўпроқ муваффақиятга эришган. 5 марта Filmfare’ни ва Падма Шри мукофотини қўлга киритгани эса бунинг исботи.

Каришма ва Карина Капур

Фото: «Яндекс Дзен»

Рандҳир Капур ва Бабитанинг қизлари ҳам Болливудда етарлича муваффақият қозониб улгурганлардан. 1991 йилда илк бор суратга тушган қизларнинг тўнғичи Каришма ўзига хос ташқи кўриниши ва қадди-қомати, яхши рақсга тушиши билан етарлича эътибор тортиб улгурган. Ҳақиқий машҳурликка 1996 йилда «Раджа Ҳиндустани» фильмида Амир Хон билан суратга тушганидан кейин эришган. Айнан мазкур роли сабаб у Filmfare мукофотини «Энг яхши актриса» сифатида қўлга киритган. Актриса турмушга чиққанидан кейин фаолиятида ижодий танаффус кузатилган. 2000 йилдан суратга тушишни бошлаган Карина эса «Гоҳи шодлик, гоҳи ғам», «Мен Премнинг маъшуқасиман» ва бошқа фильмлардаги ижросидан кейин етарлича танилиб улгурган. Мукофотлар қўлга киритиш ва машҳурликка эришиш борасида опасидан ўзиб кетган Капур хоним Болливуд юлдузи Саиф Али Хон билан турмуш қурган. Айни вақтда иккинчи марта ҳомиладор бўлган актриса оиласи ва карьерасини мувозанатда ушлашга ҳаракат қилади.

Риши, Рандхир ва Ражив Капурлар

Фото: «Яндекс Дзен»

Кришна Капур билан турмуш қурган Раж Капурнинг уч ўғил ва икки нафар қиз фарзанди бўлган. Ўғиллари қизлардан фарқли ўлароқ санъат билан ҳаётини боғлашни истаган. Тўнғич фарзанд Рандхир болалигида «Жаноб 420»да суратга тушганини айтмаганда, ҳақиқий фаолиятини 1971 йилда бошлаган. 1987 йилдан бошлаб актёр ижодида ўн йиллик танаффус кузатилган. 1997 йилдаги ижроси эса муваффақиятсиз чиққан. 1999 йилдаги «Она» фильмининг натижаси эса унчалик ёмон бўлмаган. Ришини дебютининг ўзиёқ унга омад келтирган. «Бобби» фильмидаги ижроси сабаб машҳурликка эришган актёр суратга тушиш ва ижоддан тўхтамаган. Нита Сингх билан турмуш қурган ўғли Ранбир ҳам касб борасида отасидек танлов қилган. Миллионлаб мухлисларнинг меҳрига сазовор бўлган Риши Капур 2020 йил 30 апрелда вафот этган. 1983 йилда суратга тушишни бошлаган Ражив ҳам бир қанча уринишига қарамай, Ришичалик машҳур бўла олмаган. У 2021 йил 9 февраль куни миокард инфарктидан вафот этган.

Салмон Хон, Арбааз ва Сохаил Хон

Фото: «Яндекс Дзен»

Салмон Хоннинг Арбааз ва Сохаил Хон исмли икки нафар укаси бор. Улардан биринчи бўлиб табиийки, Салмон суратга тушишни бошлаган. Дебют роли 1989 йилда бўлган актёр карьерасининг иккинчи йилидаёқ Filmfare мукофотини қўлга киритган. Режиссёрлар уни фильмнинг муваффақиятли чиқиши гарови деб ҳисоблаган ва ижро қилиш учун таклифлар сони узилмаган. Укаси Арбааз эса илк бор 1996 йилда экранда кўриниш берган. У ҳам Filmfare’ни қўлга киритгани билан акаси сингари мухлислар қалбидан жой ололмаган. Шундан кейин Arbaaz Productions кинокомпаниясини ташкил қилган. Сохаил Хон акаларидан фарқли ўлароқ, карьерасини режиссёрликдан бошлаган. 2002 йилда эса актёр сифатида иштирок этган фильм тақдим қилинган. Акалари сингари киносаноатда машҳурликка эриша олмаган Сохаил шахсий ҳаётда улардан омадлироқ ҳисобланади.

Раж, Шамми ва Шаши Капур

Фото: «Яндекс Дзен»

Притхвираж Капур ва Рамсарнинг турмушидан 6 нафар фарзанди бўлган, улардан 2 нафари вафот этган. Болалиги театр ва суратга олиш майдончаларида ўтган Раж нафақат актёр, балки режиссёр сифатида ҳам фаолият олиб борган. Шамми Капур ҳам карьерасини «Притхви» театрида бошлаган, 50 йилларда эса кинода суратга туша бошлаган. Фаолияти давомида Ражчалик машҳурликка эриша олмаган Шамми 2011 йилнинг 14 августида вафот этган. Ака-укаларнинг кенжаси Шаши ҳам карьерасини театрда роль ижро қилишдан бошлаган. 1961 йил фильмда дебют роль ўйнаган актёр 70-80 йилларда ҳинд киносидаги энг яхши актёрлардан бири бўлган. Хорижий фильмларда суратга тушган Шаши америкалик ва британиялик ижодкорлар билан ҳамкорлик қилган. Муваффақият борасида Раж режиссёр, Шаши эса актёр сифатида етакчи бўлган.

Саиф Али Хон ва Соха Али Хон

Фото: «Яндекс Дзен»

Шармила Тагор Мансур Алихон Патауди билан турмуш қурган. Саиф Али Хондан кейин, Соха Али Хон дунёга келган. Актёр сифатида яхши маълум бўлган Саиф Али Хон 1991 йилда Амрита Сингх билан турмуш қурган. Дебют роли 1993 йилда бўлган актёр фаолияти давомида бир қанча эсда роллар ижро қилган ва нуфузли киномукофотлар билан тақдирланган. Айни вақтда ҳам суратга тушишда давом этаётган актёр иштирокидаги деярли барча лойиҳалар муваффақиятли чиқади. Синглиси Соха эса илк марта 2004 йилда суратга тушишни бошлаган. Киносаноатда муваффақиятга эриша олмаган Соха 2015 йилда Кунал Кхем билан турмуш қурган. Тўйида акаси ва унинг рафиқаси Карина Капур ҳам иштирок этган.

Пужа ва Алия Бхатт

Фото: «Яндекс Дзен»

Махеш Бхаттнинг фарзандлари орасида Пужа катта, Алия эса кенжа фарзанд ҳисобланади. Пужа 1989 йилда ижро қилган дебют роли учун Filmfare мукофотига сазовор бўлган. 1991 йилдаги «Юракка буйруқ бериб бўлмайди» фильми омадли чиққан актриса 2001 йил мухлисларга сўнгги марта кўриниш берган. Шундан кейин фаолиятини режиссёр ва продюсер сифатида давом эттирган. Алия Бхатт эса болалигида илк бор 1999 йилда суратга тушган. Ўсмирлигидаги дебюти эса 2012 йилда бўлган. Каран Жоҳар суратга олган «Йил талабаси» актрисани машҳурликка эришишига сабабчи бўлган. Алия актрисаликда опасини ортда қолдирган, Пужа эса киносаноатда продюсер ва режиссёр сифатида ўз ўрнини топган.

Ўхшаш янгиликлар